Ҳали Фаластинда ҳам имкон бор. Осиё саралашидаги интригалар
Ўз уйида Ўзбекистонни енга олмай, тўғридан тўғри йўлланмадан умид узган БАА ва сўнгги турда Тошкентда меҳмон бўладиган Қатарда ҳали ЖЧга чиқиш учун имконият бўлади. Бундай имконият Фаластин ва Индонезия каби жамоаларда ҳам сақланиб турибди.

Фото: ОФК
Футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатига Осиё учун 6+2,5 та йўлланма берилган. Тўғридан тўғри 6 та йўлланмадан 5 тасининг эгалари маълум – Япония ва Эрон ортидан Ўзбекистон, Иордания ва Жанубий Корея ҳам океанортида ўтказиладиган мундиал чипталарини қўлга киритди. Олтинчи йўлланма тақдири сўнгги турда Саудия Арабистони ва Австралия ўртасидаги учрашувда ҳал бўлади.
Гуруҳларда 3 ва 4-ўринларда қолиб кетаётган жамоалар эса қўшимча имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Учта гуруҳдан чиқадиган 6 жамоа аввалига икки гуруҳга бўлиниб, иккита йўлланма учун кураш олиб боради. Гуруҳ ғолиблари йўлланмага эга чиқади, учинчи ўринда қолган жамоалар мундиалдан буткул умид узади, иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар эса ўзаро ўйнайди, ғолиб қитъалараро плей оффда яна бир йўлланма учун курашади.
A гуруҳи
Гуруҳ фаворитлари Эрон ва Ўзбекистонга қарши ўйинларда муносиб қаршилик кўрсатган Қирғизистон сўнгги тур арафасида мундиал йўлланмаси учун курашдан чиқди. Қўшниларнинг тўртинчи ўрин учун курашдаги рақиби бўлган Қатар ўз уйида муддатидан олдин йўлланмани ҳал қилган ва амалда мотивацияга эга бўлмаган Эронни мағлуб этди. Қирғизларнинг ўзи эса сафарда КХДР билан дуранг ўйнаб қайтди. Натижада Қатар ва Қирғизистон ўртасида сўнгги тур арафасида олти очколик фарқ юзага келди.
Бу гуруҳда Эрон ва Ўзбекистон муддатидан олдин йўлланмага эга бўлди, БАА ва Қатар эса плей-оффда қўшимча имкониятдан фойдаланишга уриниб кўради.
Гуруҳда сўнгги турдаги интригалар фақат қайси жамоалар қайси ўринни эгаллаши билан боғлиқ – агар Эрон ўз уйида шимолий кореяликларни енга олмаса, Ўзбекистон Қатарни йирикроқ ҳисобда енгиш орқали биринчи ўринга чиқиб олиши мумкин.
10 июн. Ўзбекистон — Қатар, Қирғизистон — БАА, Эрон — КХДР.
B гуруҳи
Бу гуруҳда ҳам сўнгги тур олдидан тўғридан тўғри йўлланма эгалари аниқ бўлиб улгурди — бу турда Жанубий Корея Ироққа, Иордания Ўмонга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва мундиал йўлланмасини муддатидан олдин ҳал қилишди. Иордания учун ҳам бу тарихдаги илк иштирок бўлади.
Лекин A гуруҳдан фарқли ўлароқ, бу гуруҳда 3 ва 4-ўрин эгалари аниқ бўлмаган. Айни вақтда бешинчи ўринда қолаётган Фаластинда ҳам бу ўринлардан бирига чиқиб олиш имконияти мавжуд.
Фаластинликлар бу саралашнинг сенсация жамоаси бўлмоқда – ушбу жамоа гуруҳ фаворити бўлган корейсларга қарши икки ўйинда ҳам дуранг қайд этди (0:0, 1:1), Кувайт билан ўйинда тўрт очко олди (1:1, 2:0), Ироқ билан ўйинлардан бирида ғалабага эришди (2:1) ва айни вақтда 9 очкога эга. Унинг рақобатчилари Ироқ ва Ўмон эса мос равишда 12 ва 10 тадан очкога эга. Фаластин сўнгги турда айнан Ўмонга қарши ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушади, жамоаларнинг олдинги учрашувида Ўмон минимал ҳисобда (1:0) устунликка эришганди. Бу ўйинда реванш олиш орқали фаластинликлар плей-офф босқичига ўтиши ва мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттириши мумкин бўлади.
10 июн. Жанубий Корея — Кувайт, Иордания — Ироқ, Фаластин — Ўмон.
C гуруҳи
Бу гуруҳда вазият янада чалкашроқ, фақат биринчи ўрин эгаси (Япония) ҳамда гуруҳнинг сўнгги ўринларида қолиб кетган жамоалар номи маълум – Баҳрайн ва Хитой курашдан чиққан.
Гуруҳдан иккинчи йўлланма учун эса Австралия ва Саудия Арабистони рақобат қилмоқда. Сўнгги турда айнан ушбу икки жамоа ўзаро тўқнашади. Айни вақтда 16 очкога эга бўлган «соккерузлар»нинг ҳолати яхшироқ, яшил қитъа вакиллари рақибдан уч очко кўпроқ тўплаш билан бирга, тўплар нисбати бўйича +8 устунликка эга. Саудлар уларни қувиб ўтиши учун 10 июн куни ўз майдонида ўтадиган ўйинда камида тўртта гол фарқи билан ғалаба қозониши талаб этилади.
Катта эҳтимол билан, иккинчи йўлланма австралияликларга насиб этади, саудлар эса Индонезия билан биргаликда плей-оффда навбатдаги имкониятдан фойдаланишга уриниб кўради.
10 июн. Япония — Индонезия, Хитой — Баҳрайн, Саудия Арабистони — Австралия.
Йўлланмага эга чиққан жамоалар:
Япония
Эрон
Ўзбекистон
Жанубий Корея
Иордания
(Австралия ёки Саудия Арабистони)
Плей-оффда қатнашадиган жамоалар:
БАА
Қатар
Индонезия
(Австралия ёки Саудия Арабистони)
(Ироқ, Ўмон ва Фаластин жамоаларидан иккитаси)
Мавзуга оид

15:27
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида

10:40
ЖЧ саралаши: Италия йирик ҳисобда ютқазди, Белгияда ҳам муваффақиятсиз старт

13:09 / 04.06.2025
БМТ: Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига ҳужуми уруш жинояти бўлиши мумкин

15:05 / 03.06.2025