Ўзбекистон | 19:07 / 07.06.2025
1860
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев халқаро инвесторларни қабул қилди

«Al Mirqab Capital» ва «Blackrock» инвестиция компанияси билан истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни «Al Mirqab Capital» компанияси бошқаруви раиси Ҳамад бин Жассим Ол Соний ва «Blackrock» инвестиция компанияси катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатимизда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат-хусусий шерикликда йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан газ ва электр тармоқлари, сув таъминоти тизимини модернизация қилиш, энергия ишлаб чиқариш ва тўплаш қувватлари, катта тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўлларни қуриш, кўчмас мулк объектлари ва бизнес инфратузилмасини барпо этиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Музокаралар якунида истиқболли лойиҳаларни тизимли илгари суриш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Мавзуга оид