Жамият | 22:48 / 09.06.2025
2715
7 дақиқада ўқилади

“Эшак гўшти қўшилмаганми?” – заруратга айланаётган савол

Одамлар кўчадаги бирор ошхонада овқатланса, ошпаз ёки официантдан ярим ҳазил, ярим чин аралаш “Эшак гўшти қўшилмаганми?” деб сўрайдиган бўлишди. Афсуски, бу савол ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Қашқадарёдан Тошкент шаҳрига олиб келинаётганда аниқланган 361 кг эшак гўшти воқеаси пойтахтга тонналаб истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари кириб келаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қозондан бир чўмич

25 май куни Сирдарёда 361 килограмм эшак гўштини олиб кетаётган ҳайдовчи тўхтатиб қолинди. Қарши—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Lacetti машинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширув давомида машинанинг юкхонасидан гўшт маҳсулотлари топилган.

Суҳбат давомида ҳайдовчи ушбу гўшт маҳсулотлари ўзига тегишли эмаслигини, балки уни айтилган манзилга олиб кетаётганини билдирган.

Сирдарё вилояти ИИБ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимининг сўзларига кўра, транспорт воситасида номаълум ҳайвонга тегишли 361 килограмм гўшт борлиги аниқланган. Ушбу гўшт маҳсулотлари Сирдарё вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси лабораториясига топширилган ва улар эшак гўшти экани тасдиқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани билдирилган.

Афсуски, бу ҳолат қозондан бир чўмич холос: Тошкент шаҳрига тонналаб эшак гўшти олиб келинаётган ва буларнинг барчаси ҳам аниқланмаётган бўлиши мумкин.

Килосини 20 минг сўмдан сотардим”

Эшак сўйиб сотишни кимлардир бизнесга айлантириб олган. Яқинда шундай кимсалар жиноий жазога тортилди. Яъни Тошкент вилоятида эшак сўйиб сотган ва ушбу гўштни харид қилган йигитлар суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 2025 йил 7 январ куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан Тошкент вилоятида тезкор ўрганиш ўтказилган. Унда маҳалла ҳудудидаги қаровсиз дала шийпонида 23 та тирик ва 15 та сўйилган ҳолдаги эшак топилган.

2025 йил 9 январ куни Ҳикмат (материалдаги барча исмлар ўзгартирилган) дала шийпонида эшакларни сўйиб, гўштини истеъмол учун ўтказиш мақсадида олиб кетаётганда Нурафшон шаҳри ҳудудида ушланган. Тадбир давомида у 200 кг эшак гўштини Тошкент шаҳрида яшовчи Асомиддинга килосини 20 минг сўмдан сотишга келишганини айтган. Ҳикмат ўз ихтиёри билан тезкор тадбирда иштирок этишини маълум қилиб, айбига иқрорлик ва пушаймонлик билдирган.

Ҳикматнинг аризаси асосида тадбир давом эттирилган: Миробод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда Асомиддин Ҳикматдан 193 кг эшак гўштини 3 млн 860 минг сўмга сотиб олган вақтида ушланган. Шунингдек, тадбир давомида Асомиддиннинг яшаш хонадонидан 60 кг номаълум ҳайвон гўшти топилиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган. Асомиддин Толиб билан бирга ушбу гўштни Паркент тумани, Гулистон маҳалласи ҳудудидаги сомсахонада сомса тайёрлаш ва истеъмолчиларга сотиш мақсадида ишлатиши аниқланган. Сомсахонадан 20 кг номаълум ҳайвон гўшти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Туман Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази “салманеллёз ва ичак таёқчалари ифлосланиш даражаси ўта юқори” бўлгани туфайли ушбу гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги ҳақида хулоса берган.

Ҳикмат судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

2024 йил декабр ойларида ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига келдим. Иш қидириб юрган вақтимда бир танишим билан қўнғироқлашиб, иш тополмаётганимни айтдим. У менга Асомиддиннинг телефон рақамини бериб, эшак гўшти сотиб олишини, эшак сўйиб унга сотишим мумкинлигини маълум қилди. Шундан сўнг Асомиддинга қўнғироқ қилдим. У менга эшак гўштининг килосини 20 минг сўмдан сотиб олишини билдирди.

Тошкент вилоятининг Пскент, Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудларида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолидан донасини 100-200 минг сўмдан эшак сотиб ола бошладим. Сўнгра ушбу эшакларни сўйиш учун жой қидирдим. Шунда Галлақудуқ маҳалласидаги эски ферма биносини топдим ва чўпон билан келишдим. Унга эшак гўштини ҳайвонот боғига топширишимни айтиб, ёлғон гапирдим.

Эски фермага жами 57 та эшак олиб бориб қўйдим. 2024 йил декабр ойидан 2025 йил январ ойига қадар эшакларнинг 32 тасини ферма ҳудудида ўзим сўйиб, гўштини Асомиддинга сотиб келдим”, деган Ҳикмат ўз кўрсатмасида.

У қилмишидан пушаймонлигини, ўзига тегишли хулоса чиқарганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Асомиддин ҳам судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. У Ҳикматга мол гўшти сотиб олишини айтганини, қилмишидан пушаймонлигини маълум қилган.

Толиб эса судда Паркент тумани ҳудудида сомса ёпиш билан шуғулланишини, сомса учун гўштни ўзи Қўйлиқ деҳқон бозоридан олиб келишини, кунига 150-200 дона гўштли, 40-50 дона картошкали сомса ёпишини айтган.

Суд ҳукми билан Ҳикмат, Асомиддин ва Толиб хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Ҳикмат ва Асомиддинга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, Толибга эса 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Муаммо бор, ечим йўқ

Kun.uz бир неча йил олдин ҳам Тошкент шаҳрига истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари тўсиқсиз кириб келаётгани ҳақида суриштирув эълон қилганди.

Эшак гўшти ортиб олган машина Қашқадарёдан йўлга чиқиб, Тошкент шаҳрига бемалол кириб кела олаётган экан, бу масалага тегишли соҳаларнинг фаолият тизимида хатолик борлигини кўрсатади.

Олдинги суриштирувимизда ҳам чорвачилик соҳасини рақамлаштириш ишлари ўлда-жўлда эканлиги танқид остига олинганди. Аммо орадан 2 йил вақт ўтганига қарамай бу борада ўзгаришлар қилингани сезилмаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги қарори билан ҳайвонларни тижорат мақсадлари учун ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида сўйдириш мажбурийлиги белгиланган. Рухсат этилмаган жойларда, шу жумладан уй шароитида ҳайвонларни тижорат мақсадлари учун сўйиш қатъиян тақиқланади. Аммо бу тақиқни ким назорат қилиши мавҳум. Қайси қассоб қачон ва қаерда қандай ҳайвон сўйганини билиш имконсизлигича қолмоқда.

Шунингдек, айрим ҳолларда эшак сўйиб сотганлар қўлга тушганда арзимаган жарима билан сувдан қуруқ чиқиб кетмоқда. Уларга ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳуқуқбузарлиги бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилмоқда холос. Бундай қилмиш учун белгиланган жазо чораларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурати бор.

Бир сўз билан айтганда, фақатгина йўл пойлаш билан Тошкент шаҳрига кириб келаётган эшак гўштларини ушлаб қолиб бўлмайди. Чунки ҳар бир машинанинг юкхонасини очиб кўриш имконсиз. Бу масалага ечим топилмас экан пойтахтга эшак гўшти кириб келаверади ва гоҳида сомса, гоҳида кабоб бўлиб одамлар ошқозонига тушаверади. 

Мавзуга оид