Спорт | 11:11
13727
9 дақиқада ўқилади

Ямалнинг даври ҳали келмади. Роналду финалда ҳал қилувчи голни урди, мухлислар яна унинг номини қўшиқ қилиб куйлади

Португаллар испанларни мағлуб этиб, Миллатлар лигасининг икки карра ғолибига айланди. 

Фото: AFP

Миллатлар лигаси, финал
Португалия – Испания 2:2
Голлар:
Субименди, 21 (0:1). Нуну Мендеш, 26 (1:1). Ойярсабал, 45 (1:2). Криштиану Роналду, 61 (2:2)
Пеналтилар серияси 5:3
Рамуш – (1:0). Мерино – (1:1). Витиня – (2:1). Баэна – (2:2). Бруну Фернандеш – (3:2). Иско – (3:3). Нуну Мендеш – (4:3). Мората – (4:3)(дарвозабон). Рубен Невеш – (5:3)
Португалия: Кошта, Жоау Невеш (Семеду 46), Диаш, Инасио (Вейга 74), Мендеш, Витиня, Фернандеш, Бернарду Силва (Леау 74), Консейсау (Рубен Невеш 46), Нету (Диогу Жота, 106), Роналду (Рамуш, 88).
Испания: Симон, Ле Норман, Ҳаусен, Кукуреля, Мингеса (Порро, 92), Субименди, Руис (Мерино, 75), Педри (Иско, 75), Уилямс (Баэна, 92), Ямал (Пино, 106), Ойярсабал (Мората, 111)
Огоҳлантиришлар: Гонсалу Инасиу 19, Педру Нету 82, Нуну Мендеш 100 – Руис 33, Ле Норман 90, Баэна 100, Порро 110.

Португалия Луис де ла Фуэнте бошчилигидаги кучли Испанияни тўхтатди. Роналду ва унинг жамоадошлари – Миллатлар лигасида ғолиб чиқди. Финалда португаллар Европанинг амалдаги чемпионларини пеналтилар сериясида мағлуб этишди.

Ўйин олдидан бу ўйин 40 ёшли Роналду ва 17 ёшли Ямал ўртасидаги дуэл бўлиши ҳақида кўп гапиришганди ва Криштианунинг ўзи илк дақиқалардан бу ҳақда эслатиб қўйди. Учинчи дақиқада у ортга қайтди ва Ламиндан тўпни олиб қўйиб қарши ҳужум бошлаб берди. Бу ҳужум бурчак тўпи ишланиши ва илк голли вазият юзага келтирилиши билан якунланди.

Ямал эса аввалига майдонда сезилмади. Испанлар унинг эмас, Уилямс тушган чап қанотда фаолроқ бўлишди. Бу Роберто Мартинес асли таянч яримҳимоячиси бўлган Жоау Невешни ўнг қанот ҳимоячиси сифатида туширишда давом этаётгани, «ПСЖ» футболчиси ўзига бегона бўлган позицияда хатога йўл қўйишидан умид қилгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Умуман олганда, Испания ташаббусни қўлга олганида шундай бўлди ҳам. Европа чемпионлари Уилямс иштирокида иккита хавфли ҳужум уюштиришди, аммо Нико ва Педрининг зарбаларидан кейин тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Ямал ҳам бўлим ўрталарида яхши вазиятга эга бўлди. Бу ҳолатда Роналду майдоннинг португаллар дарвозаси жойлашган томонида тўп йўқотди, ҳужум якунида Ламин жарима зарбаси ишлади ва уни ўзи ижро этди. Аммо Мюнхендаги дарвоза «Барса» вингери учун кичиклик қилди.

Биринчи бўлим ўрталарида, испанларнинг устунлиги яққол кўзга ташлана бошлаганида, де ла Фуэнте шогирдлари ҳисобни очишди. Оярсабал майдон марказида товони орқали берган нозик узатма португаллар мудофаасини доғда қолдирди – унинг ортида турган Инасиу вазиятдан узилиб қолди ва ортда бўш зона пайдо бўлди. Кейин Ямал тўпни жарима майдонига оширди, Невеш ўз дарвозабонига халақит қилди, қайтган тўп бўш турган Субимендига келиб тушди, у эса амалда бўш қолган дарвозани ишғол этди.

Шунга қарамай, Мартинес жамоаси тезкор жавоб голини урди. Португаллар рақиб жарима майдонининг чап қанотида кўпчилик бўлиб жойлашиб олди, Мендеш анча ортдан келиб ҳужумга қўшилиши эса Испания ҳимоячилари учун кутилмаган ҳол бўлди. Ямал уни таъқиб қилмади, умуман, Нунуни ҳеч ким қарши ҳам олмади. Қолаверса, Мингеса рақиб ҳимоячисининг оддий финтига осон алданди ва Мендеш ерлатиб кучли зарба йўллади. Голли комбинацияда Роналду ҳам иштирок этди, бу вазиятда Ҳаусен офсайд қопқони ҳосил қилишда кечикди. Мендеш клублар миқёсидаги энг сермаҳсул мавсумида (олти гол) миллий жамоа сафидаги 37-ўйинига келиб голлар ҳисобини очди.

Танаффус арафасида эса Испания яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. 45-дақиқада де ла Фуэнте шогирдлари «тўртга беш» кўринишида қарши ҳужумга чиқиб кетишди. Педри тўпни ҳимоячилар орасидан ўтказган ҳолда жарима майдонига ёриб кирган Оярсабални пас билан таъминлади, у эса тўпни дарвозабоннинг ёнидан ўтказди. Ҳакам Сандро Шерер голни инобатга олди, ассистентлар ҳам унинг қарорини қўллаб-қувватлади.

Ушбу футболчи Испания Кубоги финалида гол урганида «Реал Сосиедад» 34 йил ичидаги илк совринини қўлга киритган, ўтган ёзда эса «Қизил фурия» Европа чемпионига айланганди. Аммо Португалия бу анъанага кўнмоқчи эмасди. Мартинес танаффусда Жоау Невеш ва Франсишку Консейсауни майдондан олди, уларнинг ўрнига тажрибалироқ бўлган Нелсон Семеду ва Рубен Невеш туширилди. 

Иккинчи бўлим бошидаёқ Португалия жавоб голини урди.  быстро отыгралась. Аммо Фернандешнинг голи жамоадошидаги офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди. Испания тўпга эгалик қилиш эвазига ўйин темпини туширишга ҳаракат қилди. Шунга қарамай, ўйиннинг бир соати ортда қолганида ҳисоб яна тенглашди. Мендеш яна бир бор ҳужумга қўшилиб, Ямалдан қочиб кетди, унинг қанотдан марказга узатмасидан кейин тўп Ле Норманнинг товонига теккан ҳолда ҳавога кўтарилди, Кукуреля Роналдуни қўриқлай олмади ва тажрибали футболчи дарвозани ишғол этиб, трибуналарни ўз номини қўшиқ қилиб куйлашга ундади.

Қолган вақт давомида ўйин Мартинеснинг сценарийси бўйича кечди. Португаллар испанларни майдон марказидаёқ кескинлик билан қарши олишди, шу туфайли Европа чемпионларининг тўпга эгалик қилиши ҳеч қандай наф келтирмади. Де ла Фуэнте ўйинни ўзгартириш учун Искони жангга ташлади. Ижодкор яримҳимоячи олти ярим йиллик танаффусдан кейин илк бор миллий жамоа сафида ўйнади. Мураббий шу куни Мендеш тўлиқ зарарсизлантирган Ямални ҳам майдондан олишга ҳақли эди, аммо у ушбу футболчи ўзининг ёмон кунида ҳам нимадир қила олишига умид қилишда давом этди.

Иско эса ўйин якунига 10 дақиқа қолганида ғалаба голини уриши мумкин эди, у узоқ масофадан кучли зарба йўллади – Диогу Кошта ўзини кўрсатиб, тўққизликка бораётган тўпни қайтариб қолди. Кейин эса Португалия Роналдусиз қолди. Криштиану, афтидан, мушакларини жароҳатлаб олганди ва ўрнини Рамушга бўшатиб берди. Қўшимча дақиқаларда Фернандешда ҳам яхши вазият бўлди, аммо у жарима зарбасини голга айлантира олмади. Асосий вақт ушбу икки жамоадан қай бири кучлироқ эканини аниқлаш учун етарли бўлмади ва ўйин яна ярим соатга чўзиладиган бўлди.

Қўшимча бўлимларда футболчилардаги чарчоқ сезилди. Фақат бу гап Мендеш ҳақида эмасди. «ПСЖ» ҳимоячиси шунчаки машина эканини яна бир бор намойиш этди! Нуну худди илк дақиқаларда ўйнаётган каби олдинга ташланди. У Семеду учун ҳам голли вазият яратиб берди, кейин эса пеналти ишлаши мумкин эди. Аммо ҳакам у ўзи хоҳлаб йиқилди деб топди. Натижада Мендеш 11 метрлик жарима зарбаси ўрнига Баэна билан баҳси учун сариқ карточка олди. Де ла Фуэнте эса барибир Ямални майдондан олишга қарор қилди. Миллатлар лигаси финали Ламинни «Олтин тўп»га яқинлаштирмагани аниқ.

Қўшимча бўлимларда Португалия голга ҳақлироқ ўйнади. Сўнгги дақиқаларда эса Жота испанларни кечирди. Якунда олдинги финалда бўлгани каби, бу сафар ҳам ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди (ўшанда Симон икки зарбани қайтарган ҳолда қаҳрамон бўлганди). Бу сафар футболчилар саккизинчи зарбага қадар бехато ҳаракат қилишди, кейин абадий омадсиз Мората нуқтага яқинлашди. Диогу Кошта унинг зарбасини осонлик билан қайтарди, сўнгги зарбани Рубен Невеш аниқ ижро этди ва Роналдуни қувонч кўз ёшлари тўкишга мажбур қилди. Криштиану Саудия Арабистонига кетганидан буён навбатдаги совринни анча вақт кутиб қолганди. Ва 40 ёшли афсона ўз меҳнати билан совринга эга чиқди. Португалия — Миллатлар лигасининг икки карра ғолиби бўлган илк жамоага айланди.

Мендеш эса кутилганидек ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Мавзуга оид