Ўзбекистон | 10:02
1604
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Сув — неъмат, тўлов — бурч. Оилангизни сувсиз қолишдан асранг

Бугун ер юзидаги 2 миллиарддан ортиқ одам тоза ичимлик сувига доимий етиб боролмайди. Африка, Яқин Шарқ ва Осиёнинг баъзи минтақаларида одамлар ҳар куни сув учун километрлаб йўл босишга мажбур.

Ўзбекистонда ҳозирча ичимлик суви барча учун мавжуд – 24/7 режимда хонадонимизга сув келади. Аммо бунинг учун тўловларни ўз вақтида қилиш ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш талаб қилинади. Чунки бу неъматдан оқилона фойдаланмасак, у ҳам яқин орада етишмаслиги мумкин

БМТ 2025 йилга бориб дунё аҳолисининг ярмидан кўпи сув танқислигига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Илмий тадқиқотлар эса тоза ичимлик суви — келажакда энг қиммат ва стратегик ресурслардан бирига айланишини таъкидламоқда.

Тошкент шаҳар сув таъминоти АЖ берган маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда корхона ҳамда аҳоли ўртасида ичимлик ва оқова сув хизмати учун тўловлар бўйича турли келишмовчиликлар юзага келмоқда. Айрим хонадон ёки ташкилотлардан дебитор қарздорликни ундириш мақсадида маҳаллий рейд тадбирлари ўтказилаётган бўлса-да, бу жараёнда таъминотчи ходимларга нисбатан турли қаршиликлар кўрсатилмоқда. Жумладан, инспекторларни қувиб юбориш, ҳақорат қилиш ёки тўловдан бўйин товлаш мақсадида найрангларга қўл уриш ҳолатлари бот-бот қайд этиляпти.

Аслида амалдаги меъёрларга кўра, ҳудудий инспекторлар истеъмолчилардан нақд пул қабул қилмайди. Барча тўловлар расмий каналлар — касса бўлимлари, мобил иловалар ёки онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши лозим.

Бугунги кунда ичимлик суви учун тўловни амалга оширишда уйдан чиқиш шарт эмас. “Click”, “Payme”, “Paynet” каби иловалар орқали тўлов қилиш жуда содда ва қулай. Бироқ шунга қарамай, ичган суви учун ҳақ тўлашни унутган, масъулиятни четга суриб қўйган истеъмолчилар сони камаймаяпти.

Рейд тадбирлари давомида қарзи юқори бўлган баъзи истеъмолчиларнинг сув қувурлари марказий тармоқдан узилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, қувур қайта уланганда, истеъмолчидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробарида жарима ундирилади.

Унутманг, ҳар бир истеъмолчи ҳар ойнинг 10-санасигача тўловни олдиндан амалга ошириши лозим. Аммо амалда кўп ҳолларда тўлов фақат оғзаки эслатмалар, мурожаатлар ва ҳатто тазйиқлардан сўнг амалга оширилаётгани маълум бўлди.

Ичимлик ва оқова сув хизмати учун ўз вақтида тўлов қилиш бу —тизим барқарорлигини таъминлаб, хизматлар сифатини яхшилашга йўл очади.

Мавзуга оид