Ўзбекистон | 13:30
951
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда “Ёшлар овози – Bo‘zatov FEST” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди

3-7 июн кунлари Тошкент шаҳрида “Ёшлар овози – Bo‘zatov FEST” республика танловининг сўнгги республика босқичи бўлиб ўтди. Танловнинг жами мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жорий йилги танлов “Bo‘zatov — iqtidorlarni kashf etadi!” шиори остида ўтказилиб, “5tashabbus.uz” платформаси ва @YoshOvozBot Telegram боти орқали 300 мингдан ортиқ ёшлар рўйхатдан ўтган. Танлов маҳалладан то республика босқичигача бўлган 5 босқичда ташкил этилди. Унда бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишларида 10-30 ёш орасидаги ёшлар ўз иқтидорларини намоён этди.

Республика босқичига 161 нафар сараланган иштирокчи йўлланма олишган. Улар орасида ҳар бир йўналишдан 42 нафардан (бахшичилик – 35 нафар) ёшлар ғолиблик учун беллашди. Танлов натижаларига кўра, тўрт йўналишда биринчи ўрин соҳибларига 50 миллион сўм, иккинчи ўрин – 30 миллион сўм, учинчи ўрин – 20 миллион сўм, қолган иштирокчиларга эса 10 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди. Жами мукофот жамғармаси 2,5 миллиард сўмни ташкил этди.

“Йилдан йилга бу танловда иштирок этиш истагини билдирган ёшларимиз кўпайиб боряпти. Дастлаб 2021 йилда бошланганда 10 минг нафар ёшлар иштирок этиш истагини билдирган бўлса, бугун эса 300 мингдан ортиқ ёшларимиз “Ёшлар овози” танловида иштирок этиш истагини билдирди.

Ҳакамлар ҳайъати Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда шакллантирилди. Бахшичилик, опера, эстрада ва анъанавий ижро (мақом) йўналишларида таркиб тузилди ва улар ҳар бир ижрочининг маҳорати, саҳнада ўзини тутиши, танлаган композицияларига ҳам эътибор беришди.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳудудий босқичларда вазирлик томонидан тузилган экспертлар ҳудудларга бориб иштирок этишди. Республика босқичида эса гувоҳи бўлганингиздек, санъат усталари баҳо беришяпти”, - деди Ёшлар ишлари агентлиги бўлим бошлиғи Дилфуза Азизова.

Танлов 2021 йилда илк марта ташкил этилган бўлиб, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. 2021-2023 йиллар давомида республика босқичида ғолиб бўлган 93 нафар ёш орасидан 11 нафари 2023 йил май ойида тажриба алмашиш мақсадида Италияга юборилган ва бу харажатлар Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қопланган эди.

Шунингдек, танлов орқали ўз салоҳиятини намоён этган ёшлардан бири “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига, бири “Шуҳрат” медалига, тўрт нафари “Келажак бунёдкори”, бири “Мард ўғлон” ва яна бири “Зулфия” номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Қолаверса, 6 нафари “Ниҳол” мукофоти, бошқалари эса миллий ва халқаро танловлар совриндорлари қаторида турибди.