“Урушга боришни хоҳламаганларни отиб ташлашди” – “Вагнер”га ёлланган йигит ҳикояси
Ангрен шаҳар бандлик бўлими тавсияси билан ишлаш мақсадида Россияга борган 21 ёшли йигит муаммолар гирдобига тушиб қолган: у гиёҳванд модда савдосида айбланиб, қўлга олинган ва узоқ муддатга қамалган. “Туҳмат қилишди, ҳақ эканимни у ерда ҳеч кимга исботлаб беролмадим. Қамоқхонага “Вагнер” вакиллари келиб, 200 нафарга яқин маҳкумни розилигисиз урушга олиб кетди. Уларнинг 100 нафари ўзбекистонлик эди”, деган йигит.

Фото: AP
“Вагнер”га ёлланиб, 6 ой Россия-Украина урушида қатнашган ёш йигит жиноий жазога тортилди. У урушга боришга мажбур бўлганини айтган.
Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, 2000 йилда туғилган У.М. 2021 йил 28 июл куни ишлаш мақсадида Россиянинг Самара областига борган. Йигит у ерда гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, суд ҳукми билан 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
У.М. Самара областидаги қамоқхонада жазо муддатини ўташ даврида “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган. Йигит 6 ой давомида Украинага қарши урушда қатнашган. Унга бунинг учун Россия фуқаролиги, пул ва 3 та медал берилган. У.М. 2024 йил октябр ойи охирида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Йигит судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда урушга боришга мажбур бўлганини айтган.
“2019 йилда мактабни тамомлаганимдан сўнг 2021 йилга қадар Ангрен шаҳар ҳудудида киракашлик қилдим. 2021 йил июн ойида иш топиш мақсадида маҳалла идорасига бордим. Маҳалла раиси менга меҳнат биржасига боришимни айтди. Ангрен шаҳар меҳнат биржасига бордим. У ердаги ходим Россиянинг Москва областидаги “Деловая линия” номли почта хизмати омборхонасида юк ташувчилик бўйича иш борлигини айтди. “Деловая линия”да ойлик 75 минг рубл эканини билдим ва таклифга рози бўлдим. Ҳужжатларни йиғиб бўлганимдан сўнг Тошкент шаҳрига суҳбатга бордим.
2021 йил 28 июл куни биржа томонидан 15-20 киши ишлаш мақсадида Россияга учиб кетдик. Бизни аэропортда 2-3 киши кутиб олди ҳамда Москва областининг Подолский посёлкасидаги ётоқхонага олиб боришди. Патент чиққанидан сўнг омборхоналардан бирига юк тахловчи бўлиб ишга кирдим. Орадан 3 кун ўтиб, Тоҳир исмли таржимон бу ерда иш йўқлиги, 5 кишини Самара областига юборишини айтди ва поездга чипта олиб берди.
Самара шаҳрининг Киров районига бордик. Тожикистонлик Фарид исмли шахс регистрация учун 8 минг рублдан пул сўради. Пулимиз йўқлигини айтдик. Фарид пулларинг бўлмаса текинга бир ҳафта ишлаб берасизлар, деди. Биз рози бўлдик.
2021 йил 11 сентябр куни буюртмани олиб кетаётганимда полиция ходимлари тўхтатишди. 4-5 ходим ўзларини таништирмасдан телефон ва бошқа нарсаларимни олиб қўйишди. Сўнгра қўлимга кишан солган ҳолда унча узоқ бўлмаган бинога олиб боришди. Нарсаларимни тинтишганида доставка қутисидан яшил рангли целлофан пакетни топишди ва унинг ичидаги героин эканини айтишди”, деган йигит суддаги кўрсатмасида.
Шундан сўнг У.М.ни 2 ой давомида тергов ҳибсхонасида сақлаб туришган. Сўнгра суд ҳукми билан 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
“2022 йил октябр ойида жазони ижро этиш муассасасига “Вагнер” вакиллари келиб, маҳкумларни йиғишди. Улар рус миллатига мансуб маҳкумларни алоҳида, бошқаларни алоҳида қилиб сафлашди. Рус миллатига мансуб маҳкумлардан уларнинг розилиги билан Россия-Украина урушига боришни хоҳловчиларни ажратиб олишди. Бошқа маҳкумларга ҳам Россия-Украина урушига боришларини айтишди. Шунда 10-15 нафар маҳкум урушга бормаслигини маълум қилди. “Вагнер” вакили урушга боришни хоҳламаган 3 кишини олдига чақириб, барчасини отиб ташлади.
Шундан сўнг жазо муддатини ўтаётган ўрта осиёлик маҳкумлардан 200 нафарга яқин кишини розилигисиз олиб кетишди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Шундан тахминан 100 нафари ўзбекистонлик бўлган.
Бизни Донецк областидаги ўқув лагерига олиб бориб, 1 ҳафта давомида ҳарбий машқларни, қурол ишлатиш тартибларини ўргатишди. Дастлаб бизни Бахмут шаҳрини эгаллаш учун юбормоқчи бўлишди. Бироқ у ерга олдин ёлланган шахсларни юборишди. Биз эса Соледарда окоп қазидик. Бундан ташқари, жангда ўлганларни агар жетони бўлса, жанг майдонидан олиб чиқиб, қабристонга кўмардик. Жетон бўлмаган мурдалар ўша ернинг ўзида қолиб кетарди. Жанг вақтида ортга чекинганларни “Вагнер” вакиллари намойишкорона отиб ташлашарди”, деган йигит.
У.М. Украинанинг миномёт зарбаси оқибатида чап оёғининг болдир қисмидан жароҳат олган. Даволанишдан сўнг унга Россия фуқаролигини олиши учун маълумотнома беришган. У 2024 йил октябр ойи охирида Ўзбекистонга қайтиб келган.
У.М. суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Олдинроқ Россия армиясига ёлланган 21 ёшли йигитнинг озодлиги 4 йилга чеклангани хабар қилинганди.
Мавзуга оид

00:28
Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

15:04 / 09.06.2025
Маскнинг отаси Москвада: Илон хатога йўл қўйди

14:20 / 09.06.2025
Путин Россия флотини 2050 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади

13:06 / 09.06.2025