Ўзбекистон | 19:00 / 10.06.2025
1308
3 дақиқада ўқилади

“Ўзметкомбинат” CDP халқаро баҳолаш тизимида икки поғона юқорилаб, “B” даражасига эришди

Ўзбекистондаги қора металлургия соҳасида етакчи саналувчи “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ (RSE: UZMK) иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари учун халқаро CDP (Carbon Disclosure Project) баҳолаш тизимида “B” даражасини қўлга киритди. Бу кўрсаткич ўтган йилги натижаларга нисбатан икки поғона юқори эканини англатади.

CDP – иқлим ўзгариши, сув ва ўрмон ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича дунёдаги энг нуфузли ESG рейтинг платформаларидан бири ҳисобланади. 2024 йил баҳолашида дунё бўйлаб 22 мингдан зиёд компания иштирок этди.

Комбинатга берилган “B” баҳоси — ташкилот иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошираётганини кўрсатади. Шунингдек, “Ўзметкомбинат” АЖнинг натижалари нафақат глобал ўртача даражадан, балки дунёдаги металлургия компаниялари ўртасидаги ўртача саноат кўрсаткичидан ҳам юқори экани таъкидланди. 2023 йилда ушбу баҳолаш доирасида “B” даражаси Марказий Осиёда қайд этилган энг юқори натижа бўлган.

Алоҳида тоифалар кесимида CDP “Ўзметкомбинат” АЖни қуйидаги йўналишлар бўйича “А” ва “А-” баҳолари билан тақдирлади:

· корпоратив бошқарув ва хавф-хатарлар бошқаруви,

· иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш,

· паст углеродли маҳсулотлар ишлаб чиқариш,

· давлат ва тармоқ ташкилотлари билан ҳамкорлик,

· қиймат яратиш занжирида чиқиндиларни бошқариш (scope 3).

“Ўзметкомбинат” АЖнинг 2024 йилда CDP баҳолаш доирасидаги натижалари 

“Иқлим ўзгариши масалаларини бошқариш соҳасидаги ютуқларимиз учун CDP томонидан бундай юксак халқаро эътирофга сазовор бўлишимиз биз учун катта шарафдир. Бундай эътироф ўз олдимиздаги ва бутун металлургия саноати ҳамда умуман Ўзбекистон учун экологик жавобгарлик бўйича янада юксак стандартларни белгилаб, олға ҳаракат қилишда давом этишимиз учун ишонч ва мотивация беради”, - деди Бошқарув раиси – бош директор Д.Т. Аҳмедов.

Мутахассислар таъкидлашича, “Ўзметкомбинат” АЖнинг CDPдаги юксак баҳоси нафақат компаниянинг, балки Ўзбекистон ва минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Маълумот учун: CDP — 2000 йилда Буюк Британияда ташкил этилган мустақил нотижорат ташкилот бўлиб, унинг платформаси орқали 2024 йилда дунё бўйлаб 22 мингдан зиёд компания ўз маълумотларини ошкор қилган. Ташкилотни умумий активлари 142 триллион доллардан зиёд бўлган 700 дан ортиқ йирик инвесторлар қўллаб-қувватлайди.

Батафсил маълумот: www.cdp.net

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид