Хитойда ракета ёрдамида товарларни етказиб бериш технологияси синовдан ўтказилди
Узунлиги 26,8 метрни ташкил этган ракета 2,5 километр баландликка кўтарилди ва 125 сония парвоз қилиб, Шандун провинцияси яқинидаги денгиз юзасига вертикал ҳолатда қўнишни амалга оширди.

Фото: Sepoch
Хитойда илк бор маркетплейс посилкалари ракеталар ёрдамида етказиб берилди. Бу турдаги таржибани SEPOCH хусусий компанияси амалга оширди, деб хабар беради Xinhua агентлиги.
Қайд этилишича, 29 май куни SEPOCH стартапи Хитойнинг шарқий соҳилларида ўзининг XZY-1 ракетасини синовдан ўтказган. Унинг бортида мамлакатдаги энг катта маркетплейс — Taobao’нинг 20 килограммдан ортиқ товари бўлган. Тажриба юкидан тест учун махсус тайёрланган откриткалар ва Миллий кутубхонанинг расмий дўконидан олинган маҳсулотлар ўрин олган.
Узунлиги 26,8 метрга, оғирлиги эса 57 тоннага етадиган ракета 2,5 километр баландликка кўтарилган ва 125 сония парвоз қилиб, Шандун провинцияси яқинидаги денгиз юзасига вертикал ҳолатда қўнишни амалга оширган. 18 соатдан кейин мутахассислар уни ҳеч қандай шикастларсиз сувдан чиқариб олган ва базага қайтариб олиб келган.
Ракетанинг юк бўлмаси сиғими 120 метр кубни ташкил этади ва 10 тоннагача юкни кўтаради. Компания ҳисоб-китобларига кўра, у енгил автомобиллар ва кичик юк машиналарини ташишга мос келади. SEPOCH асосчиси Вей И бўлма герметилик, ёнғинга ва механик шикастларга бардошлилик бўйича синовдан муваффақиятли ўтганини маълум қилди. Қўниш амалга оширилган заҳоти у дўстларига «Посилка етказилди, илтимос, текширинг!» деб ёзган.
Xinhua агентлигига кўра, ушбу технология логистика соҳасида инқилобни юзага келтириши мумкин. Аммо ҳозирча ундан кундалик ҳаётда фойдаланиш жуда қиммат. Яқин келажакда муҳандислар жамоаси тезкор етказиб беришлар ва олис ҳудудларга жўнатмаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Мавзуга оид

23:50 / 11.06.2025
Ҳонгконг миллий хавфсизликка таҳдид туфайли биринчи марта видеоўйинни тақиқлади

22:36 / 10.06.2025
Хитой кексаларга ёрдам берадиган роботларни синовдан ўтказишни бошлайди

18:26 / 09.06.2025
Хитойдаги муҳим имтиҳонлар пайтида сунъий интеллект иловалари ўчириб қўйилди

00:30 / 09.06.2025