Жамият | 19:41 / 10.06.2025
5174
1 дақиқада ўқилади

Зоминда сел туфайли автомобил йўли ёпилиб қолди

Жиззах вилояти ФВБ махсус муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилганини маълум қилди.

Фото: ФВБ

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Зомин туманида кузатилган сел ҳолати бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, 10 июн куни Зомин туманининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида сойлардан (сел йўллари) ёмғир сувларининг тўпланиб оқиши кузатилган.

Сел сувлари келиши оқибатида «Дуоба» МФЙ Ўриклик қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобил йўлининг бир қисми қум-тош массалари билан ёпилиб қолган.

Махсус муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилиб, айни пайтда автомобиллар ҳаракати тикланган.

Жиззах вилояти ФВБ барча фуқаролардан тоғ ва тоғолди ҳудудларда ҳаракатланганда ёки дам олиш учун борилганда барча хавфсизлик талабларига қатъий риоя этишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни ҳам Зомин туманининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел келгани тўғрисида хабар берилганди.

 

 

Мавзуга оид