Ўзбекистон | 18:51 / 11.06.2025
4506
7 дақиқада ўқилади

Қоғозда ҳаммаси яхши, амалда-чи? Ичимлик суви таъминотида кенг кўламли камчиликлар аниқланди

“Юксалиш” ҳаракати ичимлик суви ва канализация таъминоти билан боғлиқ 2024 йилги вазифалар ижросини ўрганди. Маълум бўлишича, танлаб олинган 100 та маҳалладан 23 тасида ишлар ҳали чала, расмий ҳисоботларда эса “фойдаланишга топширилди” деб кўрсатилган. 28 та лойиҳа ўз вақтида топширилмаган. 15 та маҳаллада тармоқ тортилганига қарамай, таъминот тўлиқ йўлга қўйилмаган. 9 та лойиҳа сифатсиз қилинган.

“Юксалиш” ҳаракати 2024 йил якуни бўйича аҳолини тоза ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказди.

Президент фармонига кўра, ўтган йили бюджетдан ажратиладиган 1,3 трлн сўм ҳисобидан 79 та лойиҳа доирасида 200 дан ортиқ маҳаллада 1,1 минг км тармоқ ва 64 та иншоот қуриш, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 81 фоизга етказиш, 1,3 млн нафар аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, 3 млн нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш белгиланган.

“Юксалиш” ўтказган мониторинг доирасида республика бўйлаб 101 та маҳаллада давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган 99 та лойиҳа танлов йўли билан ўрганилиб, ичимлик суви ва оқова сув тизими билан таъминланиши бўйича аҳоли фикри ўрганилган.

Аниқланишича:

  • расмий ҳисоботларда тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топширилган деб кўрсатилган 23 та лойиҳа доирасида қурилиш, реконструция қилиш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган;
  • 28 та лойиҳа бўйича объектлар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаган;
  • 15 та маҳаллада ишлар якунланган бўлишига қарамай, таъминот тўлиқ йўлга қўйилмаган;
  • 9 та лойиҳа бўйича ишлар сифатсиз бажарилган.

Ҳужжатда “битирилган”, амалда эса чала

“Ўзсувтаъминот” АЖ мониторинг доирасида ўрганилган 99 та объектдан 67 тасида ичимлик суви ва оқова сув иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда тармоқ тортиш ишлари тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топширилган ва қолган 32 та лойиҳа бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилаётгани ҳақида расмий маълумот берган.

Бироқ, ўрганишлар давомида фойдаланишга топширилган деб кўрсатилган 67 та лойиҳанинг 23 тасида лойиҳалар доирасида бажарилиши белгиланган ишлар тўлиқ амалга оширилмагани аниқланди.

Мисол учун, Асака тумани “Eргашобод”, “Олақанот” МФЙда, Шаҳрихон туманидаги “Бобочек” МФЙда қурилиш ишлари охирига етказилмай қолиб кетган.

Вақтида бажарилмаган ёки чала бажарилган

28 та маҳаллада лойиҳалар бўйича объектлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаган ёки қурилиш ишлари тўлиқ якунланмасдан фойдаланишга топшириб юборилган.

Жумладан, Наманган вилояти Чуст туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви “Фаровон” кўчасида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг оқова сув тизимида монтаж ишлари якунига етказилмаган.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Ал-Хоразмий” турар жой мажмуасида оқова сув тармоғи ётқизиш ва оқова сув иншоотида қурилиш ишлари якунланмасдан хонадонлар фойдаланишга топширилган.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Бахт, Истиқлол, Аҳиллик маҳаллаларида оқова сув тармоқларини қуриш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, оқова сув тизими ишга тушмаган.

Сифатсиз бажарилган

9 та маҳаллада қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва тармоқ тортиш ишлари сифатсиз амалга оширилган.

Масалан, Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги “Улуғбек” ва “Калия” МФЙларда ўрнатилган сув минорасининг темир қопламаси сифатсиз материаллардан тайёрлангани, миноранинг остки қисми нисбатан кичиклиги сабабли хавфсизлик меъёрларига мос эмаслиги маълум бўлди.

Наманган вилояти Чуст туманидаги Гулзор маҳалласининг янги кўп қаватли уйида оқова сув тизими сифатсиз қурилгани оқибатида ёқимсиз ҳид ва техник муаммолар юзага келмоқда.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эса 20 кмлик оқова тармоқлари белгиланган муддатда ва меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда қурилгани аниқланди.

Қурилиш тугаган, лекин сув йўқ

15 та маҳаллада лойиҳалар бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган бўлса-да, ичимлик ва оқова суви таъминоти тўлиқ йўлга қўйилмаган ёки сув таъминотида узилишлар мавжуд.

Мисол учун, Жиззах вилояти Арнасой туманидаги “Зарафшон” МФЙда 2024 йилда 1 та сув иншооти қурилиб, 7 та кўп қаватли уйга (жами 70 та хонадон, 500 га яқин аҳолига) ичимлик суви олиб келинган бўлса-да, мазкур маҳаллада ичимлик суви 3 кунда бир маротаба ярим соат берилиши, 7 та икки қаватли уйда сув иккинчи қаватгача чиқмаслиги аниқланди.

Навоий вилояти Нурота туманидаги “Деҳибаланд” МФЙнинг учта кўчасида, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “М.Улуғбек”, “Нурафшон”, “Янги ҳаёт” ва “Лутфикор” МФЙларида ҳам сув куннинг маълум соатларида берилиши маълум бўлди.

Назорат йўқ

Маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш борасида масъул идоралар томонидан дастурларни амалга ошириш ва назорат қилиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган.

Мониторинг жараёнида президент фармонида белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг туман ва шаҳарлар кесимидаги манзилли маълумотлари сўралганда, корхона томонидан бу каби ҳисобот юритилмагани ва лойиҳалар бошқа дастурлар асосида олиб борилиши маълум қилинди.

Таклифлар?

Мониторинг жараёнида ўрганилган барча маҳаллалар аҳолиси билан бевосита суҳбат жараёнида юқорида келтирилган ҳолатлар аҳолини ташвишга солаётгани маълум бўлди.

“Юксалиш” жамоатчилик мониторинги натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан қуйидагиларни таклиф этмоқда:

  • сув лойиҳалари бўйича ҳар бир туманга бириктирилган техник муҳандисларни ҚМҚ 2.04.02-19 “Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар” қурилиш меъёрлари ва қоидалари” бўйича ўқитиш;
  • сув ва оқова сув тизими объектларини фойдаланишга топширишда “Сувтаъминот” АЖ техник мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш;
  • масъул ташкилотлар томонидан аҳолини ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг очиқ ҳисоботини юритиш тизимини жорий этиш;
  • лойиҳаларни аниқ режалаштириш ва барча ҳудудларни қамраб олиш, лойиҳаларни тайёрлашда барча хонадонларни қамраб олишни кафолатлайдиган дастурий таъминот ва мониторинг тизимларидан фойдаланиш;
  • режалаштирилаётган лойиҳаларда хориж тажрибаси асосида замонавий технологиялардан фойдаланиш.

тоза ичимлик суви билан етарли даражада таъминланганлик – инсон ҳуқуқи ва муносиб ҳаёт кафолатидир.

“Юксалиш” ҳаракати тоза ичимлик суви билан таъминланиш – инсон ҳуқуқи эканини эслатиб, масъул идоралар ва жамоатчиликни аниқланган муаммоларни ҳамкорликда ҳал этишга, холис назорат ва самарали ислоҳотлар сари қадам ташлашга чақирди.

Мавзуга оид