Ўзбекистон | 11:03 / 11.06.2025
2530
2 дақиқада ўқилади

Транспорт қийматини баҳолаш тартиби белгиланди

Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг «Ўзбекистон Ягона миллий баҳолаш стандартига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилинди.

Фото: Getty images

Ягона миллий баҳолаш стандарти транспорт воситалари қийматини баҳолашга бағишланган янги бўлим билан тўлдирилди (15-сон МБС).

Хусусан, шикастланган транспорт воситаларининг қийматини баҳолашда баҳоловчи шикастланган транспорт воситаларини таъмирлаш (тиклаш) қийматини ва транспорт воситасига етказилган зарар миқдорини, шунингдек уларнинг товар қиймати йўқотилишини аниқлайди.

Баҳолаш объектларининг бозор қийматини аниқлашда уларни сотиш билан боғлиқ ташкилий фаолият (оммавий савдолар, реклама ва шу кабилар) харажатлари ҳисобга олинмайди.

Баҳоловчи баҳолаш ёндашувлари ва усулларини танлаш ҳамда қўллаш учун етарли бўлган ҳажмда баҳолаш объекти тўғрисидаги ахборотни ва бозорга оид ахборотни тўплайди ҳамда таҳлил қилади.

Баҳолаш объекти тўғрисидаги ахборотнинг асосий манбалари қуйидагилардан иборат:

• буюртмачи ёки бошқа ваколатли шахс томонидан тақдим этиладиган бошланғич ахборот;
• баҳолаш объектини кўздан кечириш чоғида баҳоловчи томонидан олинган ахборот;
• учинчи шахслар ва ташкилотлардан олинган маълумотлар, шунингдек, ОАВ ва интернетда эълон қилинган маълумотлар. 

Баҳолаш объектини баҳолашда баҳоловчи қиёсий, даромад ва харажат ёндашувларидан бирини қўллайди.

Қиёсий ёндашув аналог объектларнинг бозор қиймати тўғрисидаги маълумотларга ва уларнинг қийматини таққослаш элементлари бўйича тузатишга асосланган қийматни ҳисоблаш усуллари тўпламидан иборат.

Даромад ёндашуви тижорат мақсадларида фойдаланилаётган баҳолаш объектининг жорий қийматини келгуси даромадлар суммаси сифатида аниқлашга асосланади. Баҳолаш объекти қийматини даромад ёндашуви билан баҳолашда даромадни тўғридан-тўғри капиталлаштириш усулидан фойдаланилади, баҳолаш объекти қиймати эса соф операцион даромад кўрсаткичини капиталлаштириш ставкасига бўлиш орқали аниқланади.

Харажат ёндашуви транспорт воситасининг қийматини унинг тўлиқ такрор ишлаб чиқариш қийматидан ёки алмаштириш қийматидан жами эскиришни чиқариб ташлаш йўли билан аниқлашга асосланган.

Мавзуга оид