Ўзбекистон | 18:38 / 12.06.2025
7668
1 дақиқада ўқилади

Автофалокатда жабрланганларга 500 миллион сўм зарар қоплаб берилди

Қўқонда суд йўл созлиги учун масъул корхонадан автофалокатда жабрланганларга етказилган зарарни ундириб берди.

Йўлларда юз бераётган автофалокатда одатда ҳайдовчилар айбланади, бу сафар эса ўзгача бўлди, деб хабар берди ЎзА.

Қайд қилинишича, тоғли довонда, носоз йўл ва қалин туман орасида, йўл белгилари ҳам кўринмай турган бир пайтда икки автомашина тўқнашган. Дастлаб айб икки ҳайдовчига қўйилган. Бироқ, суд ишни синчковлик билан ўрганиб, узоқ давом этган тортишувлардан сўнг, ҳайдовчиларни эмас, балки йўл созлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган «РОС МБ» корхонасини айбдор, деб топган.

Суд ҳодиса оқибатида жабрланганларга 500 миллион сўм зарар етказилгани ва ундириш ҳақида қарор чиқарган. Корхона қарор устидан шикоят қилган бўлса-да, Олий суд жабрланганлар фойдасига зарар ундирилишини белгилаган.

Таъкидланишича, МИБ Қўқон шаҳри бўлими корхонадан жабрланувчиларга етказилган 500 миллион сўмни тўлиқ ундирган.

Хабарда ҳодиса қачон ва қаерда содир бўлгани ҳақида батафсил маълумот берилмади.

Мавзуга оид