Жаҳон | 15:00 / 12.06.2025
2236
2 дақиқада ўқилади

"Медуза" асосчиси Тимченко Россия расмийлари томонидан қидирувга берилди

Россияда Галина Тимченкога нисбатан «номақбул ташкилот фаолиятини ташкил этиш» моддаси бўйича иш очилди. 

Галина Тимченко Фото: Руслан Шамуков/ ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги "Медуза" интернет-нашри асосчиси Галина Тимченко ва «Эхо Москвы» радиостанциясининг собиқ ходими Александр Плюшчевга қидирув эълон қилди. 11 июн, чоршанба куни Плюшчев ўзининг Telegram-каналида: «Мана, мен ҳам қидирувдаман», деб ёзди.

Россияда Тимченкога нисбатан «номақбул ташкилот» фаолиятини ташкил этиш моддаси бўйича иш очилди. Россия расмийлари "Медуза"ни шундай ташкилот деб эълон қилди.

Плюшчев қайси модда билан айбланаётгани номаълум. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида расмий хабар берилмаган. Шу билан бирга, РИА "Новости" агентлиги аввалроқ Плюшчев «чет эл агентлари» деб аталган қонунга риоя қилмагани учун жиноий жавобгарликка тортилишини таъкидлаган эди.

2022 йил октябр ойида Россия Адлия вазирлиги Александр Плюшчевни «чет эл агенти» деб эълон қилди. Ўшандан бери у нашр этаётган материалларида тегишли белгиларни қўймагани ва фаолияти юзасидан ҳисобот тақдим этмагани учун бир неча бор жаримага тортилган.

Мавзуга оид