Жаҳон | 18:43 / 12.06.2025
12627
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Ҳиндистондаги авиаҳалокатдан бир киши омон қолгани ҳақида хабар берди

Фото: Видеодан кадр

Ҳиндистонда ҳалокатга учраган Boeing Dreamliner самолётининг камида бир нафар йўловчиси омон қолди, деб хабар бермоқда ANI агентлиги Аҳмадобод полицияси бошлиғига таяниб.

Бунгача Аҳмадобод шаҳри полицияси комиссари Г. Малик «авиаҳалокатдан омон қолганлар борга ўхшамаётгани»ни айтганди. Аммо куннинг иккинчи ярмида у журналистларга қутқарувчилар тирик қолган бир йўловчини топганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, бу қулаган лайнер бортида 11A ўриндиқда бўлган йўловчи Вишвашкумар Рамешдир. У «айни вақтда шифохонада ва даволанмоқда».

40 ёшли Рамеш Hindustan Times нашрига самолёт ҳавога кўтарилганидан ўттиз сония ўтиб «кучли шовқин» эшитгани, кейин эса «самолёт ерга урилгани»ни айтиб берди.

«Барчаси жуда тез рўй берди. Ўрнимдан турганимда атрофимда жасадлар бор эди. Қўрқиб кетдим. Ўрнимдан туриб, югурдим. Атрофимда самолёт парчалари бор эди. Кимдир мени ушлаб, тез ёрдам машинасига ўтқазиб, шифохонага олиб кетди», – деган у.

Air India авиакомпаниясининг Аҳмадобод шаҳридан Лондонга учаётган Boeing 787-8 Dreamliner йўловчи самолёти 12 июн куни тушдан кейин Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штати ҳудудида ҳалокатга учради. Ҳалокат лайнер аэропортдан учиб кетганидан кўп ўтмай содир бўлган. Самолёт турар жой бинолари жойлашган ҳудудда шифокорлар ётоқхонаси биносига қулаган.

Самолёт бортида 242 киши – 230 йўловчи, икки учувчи ва экипажнинг 10 нафар аъзоси бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалокат жойида 204 кишининг жасади топилган. Самолёт тиббиёт олийгоҳи ётоқхонаси устига қулагани туфайли у ерда ҳам қурбонлар бор.

Мавзуга оид