Жаҳон | 12:15 / 13.06.2025
2597
2 дақиқада ўқилади

Германия ташқи ишлар вазири: Лавровга қўнғироқ қилиш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи ГСДП аъзоларининг «Манифести»га қарамай, Россия билан музокаралар олиб бориш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини айтди.

Фото: Felix Zahn/Auswärtiges Amt/photothek/picture alliance

«Ҳозирча мен кейинги музокаралар учун на сабаб, на имконият кўрмаяпман», деб жавоб берди Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул журналистнинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан қачон телефонда гаплашмоқчи эканлиги ҳақидаги саволига. Савол Вадефулга 12 июн, пайшанба куни кенгайтирилган форматдаги «Веймар учбурчаги» («Веймар+») конференцияси чоғида берилди. Бу формат Германия, Франция ва Полшани Буюк Британия, Италия, Испания, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан бирлаштиради.

Агар Москва билан бундай музокаралар бўладиган бўлса, Берлин уларни «европалик ҳамкорлар билан бирга» олиб бориш ниятида, бироқ ҳозир «айтиш керакки, Россия музокараларга тайёр эмас, балки урушга интилмоқда» ва шундай экан, Германия «Украина томонида қатъий туради», деб тушунтирди Вадефул.

Шу билан бирга, у Россия президенти Владимир Путиннинг «тинчлантириш сиёсати»га қарши чиқди, чунки Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумлари Кремл ҳозирда урушни тугатиш бўйича музокаралар олиб боришга тайёр эмаслигини кўрсатди. «Эркин Ғарб буни қабул қила олмайди», деди Йоханн Вадефул.

Аввалроқ, ГФР молия вазири лавозимини эгаллаб турган вице-канцлер Ларс Клингбайл Германия социал-демократик партиясидаги (ГСДП) сафдошларининг Москва билан музокараларни бошлаш чақириғидан узоқлашган эди. Россия армияси Украинада азоб-уқубатларни келтириб чиқаришда давом этмоқда ва унинг ҳаракатлари ҳар куни одамларнинг ўлимига олиб келади, дея таъкидлади Клингбайл Берлинда журналистлар билан суҳбатда.

Мавзуга оид