Жаҳон | 10:42 / 13.06.2025
9770
2 дақиқада ўқилади

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бошлиғи Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган

Фото: IRNA

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саломий Исроилнинг Эрон бўйлаб авиазарбалари қурбони бўлган, бу ҳақдаги маълумотни IRNA давлат ахборот агентлиги тасдиқлади.

У билан бирга Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари – «Хатам-ал-Анбия» марказий штаби қўмондони, генерал Ғулом Али Рашид ҳамда ядро дастури устида иш олиб бораётган олимлар – физик Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи ва атом энергетикаси бўйича ташкилот раҳбари Фариддун Аббос Давоний ҳалок бўлган.

Генерал Ғулом Али Рашид

Шунингдек, зарбалар оқибатида Эрон қуролли кучлари бирлашган штаб бош қўмондони генерал Муҳаммад Бағирий ҳам ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Генерал Муҳаммад Бағирий

IRNA агентлиги ёзишича, Теҳроннинг ўзида зарбалар вақтида тинч аҳоли вакилларидан камида ўн киши ҳалок бўлган.

13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ҳудуди бўйлаб давомли зарбалар йўллади. Бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг маълумотига кўра, «огоҳлантирувчи зарбалар» нишонлари – Эрон ядро инфратузилма объектлари, шунингдек, баллистик ракеталар ишлаб чиқариладиган заводлар бўлган. Операцияга «Шердек халқ» номи берилган. Теҳрондан ташқари, Натанз, Фордо, Табриз, Хуррамобод ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги ҳарбий ва ядровий объектлар ҳужумга учраган. Нетаняҳунинг сўзларига кўра, амалиёт қанча керак бўлса, шунча вақт давом эттирилади. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва захирадагилар шошилинч равишда хизматга чақирилмоқда. Мамлакат ҳаво кенглиги ёпилган.

Мавзуга оид