Жаҳон | 23:21 / 13.06.2025
3012
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ғазода урушни тўхтатиш ҳақидаги БМТ резолюциясига қўшилди

Резолюция 20 дан ортиқ давлат томонидан таклиф этилган бўлиб, урушда очликдан қурол сифатида фойдаланишни кескин қоралайди, гуманитар ёрдам етказишдаги чекловларни бекор қилишни талаб этади ва тинч аҳолини халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлайди.

Фото: БМТ

2025 йил 13 июн куни БМТ Бош Ассамблеяси Ғазо секторида зудлик билан, шартсиз ва доимий оташкесим жорий этилишини талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатни 149 давлат, жумладан Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлади, 12 давлат қарши чиқди, 19 давлат бетараф қолди.

Қарши чиққанлар орасида АҚШ, Исроил, Венгрия, Аргентина ва Парагвай каби давлатлар, бетараф қолганлар қаторида Гуржистон, Ҳиндистон, Руминия ва Эквадор каби давлатлар бор.

Резолюция 20 дан ортиқ давлат томонидан таклиф этилган бўлиб, урушда очликдан қурол сифатида фойдаланишни кескин қоралайди, гуманитар ёрдам етказишдаги чекловларни бекор қилишни талаб этади ва тинч аҳолини халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлайди. Ҳужжатда шунингдек, ҲАМАС ва бошқа гуруҳлар томонидан ушлаб турилган барча гаровдагиларни озод этиш талаб қилинган.

Ушбу резолюция АҚШ томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашида шунга ўхшаш ташаббусни рад этганидан бир неча кун ўтиб қабул қилинди.

Мавзуга оид