Ўзбекистон | 19:23 / 14.06.2025
3411
2 дақиқада ўқилади

«ChatGPTʼдан диний саволларга жавоб олиш жоиз эмас» – Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоларига кўра, инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот, яъни сунъий интеллект диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Шу сабабли диний масалаларда «бирор нарсани билмай қолса, ўша соҳанинг зикр аҳлидан ўрганиш» лозим бўлади.

Фото: Сунъий интеллект ёрдамида яратилган расм

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво маркази «ChatGPT (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?» деган савол юзасидан ўз жавобини эълон қилди.

«Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, ChatGPT платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор», дейилади диний идора мутахассисларининг жавобида.

Диний идора масъулларининг айтишича, мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади.

«Аллоҳ таоло ояти каримада «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!» (Анбиё сураси, 7-оят) дея марҳамат қилган. Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дин-у диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади», дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази баёнотида.

Мавзуга оид