Исроилнинг ҳужумлари – Эрондаги ҳокимиятнинг мавжудлигига таҳдидми?
Эрон сиёсий элитаси ислом инқилобидан кейинги даврдаги энг мураккаб паллада турибди. Хўш, ички норозиликлар ва иқтисодий инқироз устига келган ташқи ҳарбий тажовуз режимга экзистенциал таҳдид яратяпти, дейиш мумкинми? Нафақат эронликлар, бутун минтақа учун долзарб савол атрофида Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури экспертлари сўз юритди.

Шавкат Икромов: Исроил томони Эрон билан урушни қанча керак бўлса шунча давом эттириши ҳақида баёнот беряпти. АҚШдагилар эса уруш максимум 14 кун давом этиши мумкинлигини айтяпти. Чунки бир нарсани ҳисобга олиш керак: Исроил ҳарбий жиҳатдан катта қудратга эга, лекин унинг ресурслари ҳам чекланган. АҚШнинг бу урушдаги иштироки қай даражада бўлиши савол остида турибди.
Эрон Ислом Республикаси ҳукумати ҳозирги кунда ўз тарихидаги энг заиф кунларини бошидан кечиряпти деб бемалол айта оламиз. Чунки Эрон режимининг асосий таянчи бўлган ҳарбий генераллар, инқилоб қўриқчилари корпуси етакчилари Исроил томонидан охирги уч-тўрт йил давомида бир неча бор йўқ қилинди. Ва бу галги ҳужумларда Нетаняҳу эронликларга провокацион мурожаат билан чиқди: “Сизнинг ҳукуматингиз ҳозир ҳар доимгидан ҳам заифроқ, кўчага чиқинг ва ўз овозингизни эшиттиринг”.
Афсуски бу тўғри, сўнгги уч-тўрт йил давомида доимий равишда иқтисодий ва ижтимоий муаммолар Эронда жуда чуқур илдиз отган. Пизишкиён ҳокимиятга келганидан кейин қандайдир либерал ислоҳотлар қилинади деб кутилганди, лекин ҳозирча реал ўзгаришлар бўлмади.
1979-йилдан бери яшаб келаётган режим қулаши қайсидир авлодлар учун мутлақо содир бўлмайдигандек кўринади. Лекин ташқаридан қараганимизда, бу режим ҳозир жудаям бир заиф ҳолатда ва ҳар қандай кутилмаларни биз кутишимиз мумкин.
Камолиддин Раббимов: Эрондаги сиёсий режимни йиқитиш мумкин бўлган ягона куч бу – Эрон халқининг мутлақ аксарияти. Эрон – катта давлат, аҳолиси 85 миллион. Инқилоб бўлган пайтда, 1979 йилда 35 миллион эди. 35 миллиондан 10 миллионга яқини кўчаларга чиқиб подшоҳни ағдарган эди.
Ҳозир Эрон халқи учун ёмон ва жуда ёмон режимлар курашяпти. Бир томондан – сиёсий режим. Унинг легитимлиги пастроқ. Иккинчи томондан, Эрон аҳолисининг мутлақ аксарияти Исроилни қабул қила олмайди. Ва шунинг учун менинг назаримда Эрон сиёсий режими айнан Исроил билан курашаётган пайтда халқ кўчага чиқиб режимни йиқитиши эҳтимоли жуда кам.
Нетаняҳу Эрон халқини кўчага чиқиб ҳукуматни йиқитишга чақиряпти, лекин эронликлар олий раҳбариятдан Исроилга қасос зарбалар беришини сўраяпти. Одатда ташқи душман халқ ва давлатни консолидация қилади.
Оятуллоҳ Хоминаий Исроил томонидан йўқ қилинган тақдирда ҳам, Эрондаги уламолар кенгаши навбатдаги лидерни тайинлайди. Пизишкиён Ғарб билан келишув йўлидан кетяпти, лекин бу ерда ўйинни бузаётган – Америка ва Исроил, Эрон эмас.