Жаҳон | 21:42 / 15.06.2025
20836
8 дақиқада ўқилади

Эроннинг ажалвор ҳужуми ва Теҳронда навбатдаги портлашлар. Урушнинг учинчи кунидаги асосий воқеалар

Исроил ҳарбий объектлар атрофида яшовчи эронликларни узоқроқ кетишга чақирди. Бир неча соат ўтиб Теҳроннинг турли нуқталарида портлашлар рўй берди. Эрон разведкаси бошлиғи ва Теҳрон полицияси бошлиғи ўлдирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди..

Фото: Ronen Zvulu / Reuters / Scanpix / LETA

Исроил ва Эрон ўртасидаги оммавий ракета ҳужумлари алмашинуви учинчи кун давом этмоқда. Эроннинг зарбалари янада ҳалокатли тус ола бошлади ва Исроил тинч аҳолиси орасида катта қурбонларга олиб келди. Исроил армияси эса бомбардимон қилиш объектлари тармоғини кенгайтирмоқда: ҳарбий ва атом инфратузилмасидан ташқари, Эрон иқтисодиёти учун муҳим бўлган нефт ва газ саноати корхоналари ҳам ҳужумга учрамоқда. Яқин вақтлар ичида Исроилнинг яна бир зарбаси эҳтимоли бор – нишон яна ҳарбий объектлар бўлиши мумкин, аммо ўққа тутиш кўлами, афтидан, шунчалик катта бўладики, Эроннинг тинч аҳолисига ҳам хавф таҳдид солади. Қуйида Яқин Шарқдаги катта можаронинг учинчи куни ҳақида.

Можаронинг учинчи кунида Исроил Эрон ҳудуди бўйлаб навбатдаги кенг кўламли ракета зарбаларини амалга оширди. 14 июн куни кечқурун ҳам ислом республикасининг Жанубий Форсдаги йирик газ кони ҳужумга учраган, натижада объектда газ қазиб олиш қисман тўхтатилганди. 15 июнга ўтар кечаси Теҳрондаги Шаҳрон нефт сақлаш омбори, Эрон мудофаа вазирлиги бош қароргоҳи ҳамда Мудофаа инновациялари ва тадқиқотлари ташкилоти (SPND) ҳамда бошқа қатор бинолар зарбалар остида қолди. Халқаро атом энергетикаси агентлигига кўра, улардан бири Исфаҳондаги уранни қайта ишлаш заводи бўлган: корхонада «тўртта муҳим бино», жумладан, «уран конверсияси ва ёқилғи пластиналари ишлаб чиқариш цехи» шикастланган. Эрон нашрлари маълумотига кўра, фуқаролик инфратузилмалари ҳам четда қолмаган: Теҳрон шимоли-шарқида ракета зарбаси оқибатида турар жой биноси вайрон бўлган. Fars агентлиги харобалар остида кўплаб кишилар, жумладан 10 нафар бола ҳалок бўлганини хабар қилган. Исроил мудофаа армияси маълумотига кўра, 80 дан ортиқ объект тунги ҳужумлар нишонлари бўлган. Уч кун мобайнида эса исроиллик ҳарбийлар Эрондаги 170 дан ортиқ нишонга аниқ зарба берган.

Теҳрон аҳолиси Шаҳрон нефт омборидаги ёнғинни кузатмоқда, 2025 йил 15 июн
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA

Эрон ўз ҳудуди бўйлаб ҳужумларга уч кунлик можародаги энг ажалвор ҳужум билан жавоб қайтарди. 15 июнга ўтар кечаси Исроил томон 80 га яқин баллистик ракета учирилган. Тинч аҳоли вакилларидан камида 10 киши ҳалок бўлди: мамлакат шимолидаги Тамра шаҳрида тўрт аёл ва Тел-Авив чеккасида – Бат-Ям шаҳарчасида олти киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган, бу ерда зарба оқибатида кўп қаватли турар жой биноси вайрон бўлган. Бат-Ямдаги қутқарув операцияси жойига 15 июн куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ташриф буюриб, Эрондан қасос олишга ваъда берди. Исроил бўйлаб 200 дан ортиқ киши жароҳатланган. Реховот шаҳридаги Вейсман фан институти қошидаги тадқиқот маркази биноси ва Ҳайфадаги Bazan компаниясининг нефтни қайта ишлаш заводи қисман вайрон бўлган (шу билан бирга, корхона ўз ишини тўхтатмаган). Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эрон ҳарбийлари Исроил қирувчи самолётлари учун ёқилғи ишлаб чиқариш объектлари ва Исроилнинг энергия таъминоти марказларига зарба берганини маълум қилган. Исроил томони бу маълумотларни тасдиқламади.

Исроилнинг Бат-Ям шаҳрида вайрон бўлган бино харобалари остидан қурбонлар ва жабрланганлар қидирилмоқда
​​​​Abir Sultan / EPA / Scanpix / LETA
John Wessels / AFP / Scanpix / LETA

Икки мамлакатда ҳам тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бормоқда. Ўтган тун, юқорида айтилганидек, Исроил учун энг ҳалокатли тун бўлди. Эрон зарбалари туфайли мамлакат бўйлаб уч кундан камроқ вақт ичида камида 13 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши яраланган. Ўз навбатида, Исроил ҳужумлари 120 дан ортиқ эронлик ҳаётига зомин бўлди, 900 киши яраланган. Исроил томонига кўра, бу статистика «зарбаларнинг қонуний нишони» бўлган юқори мартабали ҳарбийлар ва атом дастури муҳандисларини ҳам ўз ичига олади.

Исроил зарбаси оқибатида вайрон бўлган бино ҳудудида ишлаётган қутқарувчилар. Теҳрон, 2025 йил 15 июн
Ircs / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

15 июн куни кундузи Исроил Эрон бўйлаб зарба беришни давом эттирди. Бундан олдинроқ ЦАҲАЛ вакиллари ислом республикаси аҳолисини форс тилида огоҳлантирди: Исроил армияси қурол ишлаб чиқариш корхоналари ва ёрдамчи инфратузилма яқинида яшовчи барча тинч аҳолини вақтинча хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилишга чақирди. Шундан бир неча соат ўтгач, Теҳронда бир нечта кучли портлашлар содир бўлди. Шаҳарда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаган. Tasnim агентлиги Валиаср майдонида портлаш рўй берганини ёзган. Fars агентлиги ёзишича, яна бир снаряд Талегани кўчасига тушган. ОАВда шаҳарнинг турли чеккаларида бешта автомобил портлатилгани ҳақида хабар берилди. Бу портлашлар оқибатида эронлик ядрочи олимлар ўлдирилгани айтилмоқда. Бундан ташқари, The Jerusalem Post нашри маълумотларига кўра, Меҳробод аэропорти ҳам ҳужумга учраган бўлиши мумкин.

Эроннинг бош разведкачиси ҳам ўлдирилгани айтилмоқда. Исроил ҳарбийлари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведка ташкилотининг Теҳрондаги биносига зарба берган. Iran International нашри маълумотларига кўра, разведка ташкилоти раҳбари, бригада генерали Муҳаммад Козимий ва унинг ўринбосари Ҳасан Муҳагег вайроналар остида қолиб кетган. Уларнинг тақдири ҳақида расмий маълумот йўқ. Разведка биноси жиддий зарар кўрган. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Бу вақтда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Fox News каналига берган интервюсида Козимий ўлдирилганини маълум қилди. «Эрон режими ҳозирда жуда заиф аҳволда. Биз яқиндагина Теҳронда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведка бошлиғи ва унинг ўринбосарини йўқ қилдик», – деди у.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бугунги зарбалар вақтида Эрон пойтахти полицияси бошлиғи – «Теҳрон қассоби» лақаби билан танилган Аҳмадризо Радан ҳам йўқ қилинган.

Эрон АҚШ билан ядровий келишув бўйича музокараларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. «Эрон унда ядровий қурол бўлмаслигини кафолатловчи битимни имзолашга тайёр», – деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий 15 июн куни. У ислом республикаси расмийлари Вашингтоннинг Исроил ҳужумларини режалаштиришда иштирок этганига ҳали ҳам ишончи комиллиги, бироқ шу билан бирга Эрон ядровий дастури бўйича муросага келиш учун Доналд Трамп маъмурияти билан мулоқотни давом эттиришга очиқлигини маълум қилган. У шунингдек Исроил минтақадаги агрессив ҳаракатларини бас қилса, Эрон Исроилга ҳар қандай зарбани тўхтатишини ҳам қўшимча қилди. Оқ уйдан ҳозирча бу баёнотга ҳеч қандай муносабат бўлмади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social тармоғидаги баёнотида Эронга нисбатан жиддий огоҳлантириш берди. У агар Эрон АҚШга қарши ҳужум амалга оширса, АҚШ «илгари кузатилмаган даражада зарба» беришини билдирди. Шу билан бирга, Трамп АҚШ Исроилнинг ўтган кечадаги Эронга ҳужумига алоқадор эмаслигини таъкидлади: «Биз Эрон ва Исроил ўртасида осонликча келишувга эришиб, бу қонли низони тугатишимиз мумкин».

Мавзуга оид