Жамият | 11:24
8490
1 дақиқада ўқилади

Паркентда уч бола чўкиб кетгани юзасидан жиноий иш очилди

«Паркентсой» каналидаги сув оқим бўйлаб ҳосил бўлган сув ҳавзасида тақиқловчи белгилар ўрнатилмагани, уни бартараф этиш чоралари кўрилмагани аниқланган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти Паркент туманида вояга етмаган уч нафар бола сув ҳавзасида чўкиб, вафот этгани ҳолати юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилди. 

Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, текширишда мутасадди ташкилотлар томонидан «Паркентсой» каналидаги сув оқим бўйлаб ҳосил бўлган, чуқурлиги тахминан 2 метрни ташкил этган, 20 га 40 м2 ўлчамдаги сув ҳавзасида таъқиқловчи белгилар ўрнатилмагани, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмагани, суъний ташкил топган сув ҳавзасини бартараф этиш чоралари кўрилмагани аниқланди.

Иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни текшириш ҳамда бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 116 (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 207 (Мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Барча зарур тергов ҳаракатлари ўтказилганидан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келинади.

Мавзуга оид