Жаҳон | 09:27
9103
5 дақиқада ўқилади

Эрон ва Исроил зарбалар алмашишда давом этмоқда

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон марказий ҳудудидаги «ер-ер» туридаги ракета учириш қурилмаларига зарбалар берди. Эрон Ислом муҳофизлари корпуси эса асосий нишонлари Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарлари, разведка марказига 100 дан ортиқ ракета учирган.

Фото: Ronen Zvulun/Reuters

Исроил душанба куни эрталаб Эронга қарши янги ҳужум тўлқинини бошлади. Бу ҳақда New York Times нашри хабар бермоқда.

Исроил ҳарбийлари душанба тонгида берган баёнотда марказий Эрондаги ракета учириш майдонларига зарба бераётганини билдирди ва исроилликларни бошпаналарга яқин жойда қолишга чақирди. Бу эса Эрон томонидан кутилаётган ҳужум ҳақида огоҳлантирувчи белги ҳисобланади.

Исроил Мудофаа Армияси (IDF)нинг маълум қилишича, мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон марказий ҳудудидаги «ер-ер» туридаги ракета учириш қурилмаларига зарбалар бера бошлаган.

Исроил қирувчи самолётлари Теҳрондаги Шаҳрон нефт сақлаш базасига ҳамда Эрон мудофаа вазирлиги биносига авиазарбалар йўллаган. Ҳужум нишони мудофаа вазирлиги штаб-квартираси бўлган. Tasnim агентлиги мухбирининг маълум қилишича, вазирликнинг офис биноларидан бирига бироз зарар етган.

Шунингдек, ЦАХАЛ баёнотига кўра, Исроил ҳарбийлари Эрон томонидан учирилган 100 дан ортиқ дронни тўхтатишга муваффақ бўлган. Исроил армиясининг Ички Мудофаа Қўмитаси (Home Front Command) душанба куни эрта тонгда яна бир бор аҳолини бошпаналарда қолишга чақирди. Бу эҳтимолий Эрон ҳужуми арафасида содир бўлган.

Ўз навбатида, Эрон Ислом муҳофизлари корпуси Исроилнинг разведка марказларига зарба берганини эълон қилди. Эрон давлат телевидениеси 100 дан ортиқ ракета (уларнинг турига аниқлик киритилмаган), шунингдек, дронлар учирилганини маълум қилди. Тел-Авив ва Ҳайфа шаҳарлари асосий нишонлар бўлди. Хайфада ракета белгиланган нишонга келиб урилган.

Бундан ташқари, Исроилнинг «Rafael» қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компаниясига қарашли завод ҳам Эрон томонидан нишонга олинган.

Бу ҳужумлар якшанба куни Эрон ва Исроил бўйлаб кўплаб жойларга уюштирилган авиазарбалардан сўнг амалга оширилди. ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Теҳрондан чиқадиган йўллар якшанба куни тирбанд бўлган. Аҳоли ёнилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар юзага келгани ва баъзилар чамадон кўтариб, такси тўхтатишга уринганини айтмоқда.

Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ҳоссеин Керманпоур ижтимоий тармоқларда ёзишича, жума кунидан бери Исроилнинг ҳужумлари оқибатида 224 киши ҳалок бўлган, яна 1 277 киши яраланган. У Исроилнинг ҳарбий объектларни нишонга оляпмиз, деган даъволарини рад этди ва жабрланганларнинг аксарияти оддий фуқаролар эканини таъкидламоқда.

Теҳрон шимолидаги бир неча туман аҳолиси уларнинг ичимлик суви узиб қўйилгани, аҳоли ҳаётий хизматлар издан чиқаётганидан хавотирда эканини билдирган. Шанба куни Исроил Теҳроннинг асосий газ омборини нишонга олди, Тажриш бозори яқинидаги банк портлаши натижасида кўчаларни лойқа сув босганига оид видеолар ҳақиқийлиги New York Times томонидан текшириб, тасдиқланган.

Президент Доналд Трамп, Канада йўналишида G7 саммитига кетишидан олдин журналистларга «Эрон ва Исроил келишувга эришиши керак. Баъзида улар уришиб олишлари керак бўлади. Кўрамиз, нима бўлади», деган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлашда давом этади. У Исроил зарбаларини тўхтатишга чақирганми ёки йўқми, бу ҳақда изоҳ бермади.

Маҳаллий агентликлар Эрон томонидан зарбаларнинг икки тўлқини келгани, Ҳайфа ўққа тутилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлиб, 20 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. Шунингдек, Яҳудия тоғолди ҳудудида 24 киши яраланган. Тел-Авивда ҳам 65 киши яраланган, шифохонага ётқизилганларнинг уч нафари оғир аҳволда. Эрон зарбалари натижасида ҳозиргача Исроилда камида 12 киши ҳалок бўлган.

Аҳоли ўртасида ваҳима кучаймаслиги учун ҳарбийлар «зарба етказилган жойларнинг сурат ва жойлашувини ижтимоий тармоқларда улашмасликни» сўраган. Уларга кўра, Эрон бу маълумотлардан зарбаларни аниқлик билан йўналтириш учун фойдаланиши мумкин.

Бир неча соат олдин Исроил ички мудофаа хизмати Эрон томонидан ҳужум тугаганини айтиб, аҳолига бошпаналардан чиқишга рухсат берди.

Айни вақтда муаммонинг дипломатик йўллари ёпилди: Теҳрон ва Вашингтон ўртасида Эрон ядровий дастурининг келажаги бўйича якшанба куни бўлиб ўтиши керак бўлган музокаралар бекор қилинди. Исроил ўз ҳарбий кампанияси билан бу дастурдан воз кечишга мажбур қилмоқчи.

Дунёдаги энг илғор ҳаво мудофаа тизимларига эга, деб айтиладиган Исроил Эрон томонидан учирилган баллистик ракеталарни тўсиб қолиши қийин бўляпти. Улар мудофаа тизимидан ўтиб кетганда, зарари каттароқ бўлади.

Жума куни Исроилнинг кутилмаган ҳужуми билан бошланган жанг, Исроил ва Эрон ўртасидаги узоқ йиллик адоват доирасида энг кучли ва узоқ давом этаётган тўқнашувлардан бирига айланмоқда. Бу эса АҚШ ва бошқа қудратли давлатларнинг аралашуви хавфини кучайтирди.

Мавзуга оид