Жаҳон | 02:03
3245
3 дақиқада ўқилади

Эроннинг уран бойитиш заводида деярли барча центрифуга йўқ қилингани айтилди

Мутахассисларнинг фикрича, Исроилнинг кетма-кет зарбалари Эрон ядро дастурига жиддий зарар етказган ва уни бир неча йил орқага сурган.

Фото: Open Source Centre

Эроннинг Натанз шаҳридаги уранни бойитиш бўйича ерости заводига ўрнатилган 15 мингга яқин центрифуга Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида жиддий шикастланган ёки йўқ қилинган, деди Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) раҳбари Рафаэл Гросси. Бу заводдаги деярли барча центрифугадир.

Гросси сўзларига кўра, зарба ерости мажмуасини таъминловчи электр тармоғидаги қувватнинг йўқолишига олиб келди, бу эса центрифугаларни ўчириб қўйди.

«Электр энергиясининг узилиши билан центрифугалар ё тўлиқ вайрон бўлди ёки жиддий шикастланди», деди у.

Центрифуга ўта юқори тезликда айланадиган машина - у электр узилишига жуда сезгир. Шу билан бирга, Натанздаги худди шу ядровий мажмуанинг бир қисми бўлган ер юзасида жойлашган бойитиш заводи ҳам бутунлай вайрон қилинган.

ХАЭА маълумотларига кўра, яна бир йирик объект, тоғнинг чуқур қисмида жойлашган Фордо бойитиш заводига зарар етмаган. 

«Эҳтимол, у ерда зарар жуда кичик бўлиши мумкин», деди Гросси.

Агентлик инспекторлари шикастланган объектларга ҳали кира олмаса-да, ХАЭА ўз хулосаси учун сунъий йўлдош тасвирларидан кенг фойдаланмоқда. 

Бундан ташқари, Исфахон ядро марказига зарба бериш оқибатида тўртта бино зарар кўрган: марказий кимёвий лаборатория, уран концентратини уран гексафторидига айлантирувчи иншоот, Теҳрон реактори учун ёқилғи заводи ва уран гексафторидини металлга айлантириш учун қурилаётган иншоот.

Гросси сўзларига кўра, Исфахон мажмуасининг бойитилган уран сақланиши мумкин бўлган ерости хоналари ҳеч қандай зарар кўрмаган. Вазиятни якуний баҳолаш учун инспекторларнинг объектга кириши керак бўлади.

Бу баёнотлар Исроилнинг Эрон ядровий дастурининг муҳим обектларига ҳаво ҳужумлари уюштирганидан сўнг чақирилган ХАЭА Бошқарувчилар кенгашининг фавқулодда йиғилишида айтилди.

Мутахассисларнинг фикрича, Исроилнинг кетма-кет зарбалари Эрон ядро дастурига жиддий зарар етказган ва уни бир неча йил орқага сурган. Исроил разведкасига кўра, Теҳрон ядро қуролини яратишига бир неча ҳафта қолган эди. 

Мавзуга оид