Жаҳон | 14:50
822
2 дақиқада ўқилади

Франция собиқ бош вазири Фийон тўрт йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Рафиқасини сохта ишга жойлаштиргани учун суд Франциянинг собиқ бош вазирини тўрт йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бундан ташқари, Франсуа Фийон 375 минг евро жарима тўлаши керак.

Фото: Global Look Press/Panoramic

Франциянинг собиқ бош вазири Франсуа Фийон рафиқасини сохта ишга жойлаштиргани учун тўрт йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Париж апелляция суди 17 июн, сешанба куни шундай ҳукм чиқарди, шунингдек, уни 375 минг евро жаримага тортди ва беш йилга сайловларда қатнашишни тақиқлади, деб хабар беради AFP. Прокуратура сиёсатчини ўн йилга сайловда қатнашишни тақиқлашни сўраган.

Судялар Фийон рафиқаси Пенелопани йиллар давомида парламент аппарати ходими бўлиб ишлашга расмийлаштириб қўйганини исботлади, лекин у аслида ишламаган. Бу 2017 йилда, президентлик сайловларидан бир неча ой олдин оммага маълум бўлди, унда Фийон энг юқори давлат лавозимига даъвогарлик қилган, бироқ юзага келган жанжал натижасида у Эммануэл Макронга ютқазиб қўйди.

Франсуа ва Пенелопа Фийон 2022 йилда давлат маблағларини ўзлаштирганликда айбланган: собиқ бош вазир тўрт йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шундан уч йили шартли равишда, рафиқаси эса икки йиллик шартли жазо олди. Бир йил аввал Франциянинг энг юқори суд инстанцияси - Кассация суди айблов ҳукмини ўз кучида қолдирган, бироқ айни пайтда Фийонга нисбатан жазо чорасини қайта кўриб чиқишни буюрган эди.

Мавзуга оид