Исроил–Эрон урушининг Марказий Осиё учун геосиёсий мезонлари қандай?
Исроилнинг Эронга тажовузи – халқаро ҳуқуқнинг юзига тортилган яна бир тарсаки. Халқаро ҳуқуқнинг емирилиши эса Марказий Осиё манфаатларига мутлақо зид. Юридик нуқтайи назардан ташқари, минтақамизнинг Исроил–Эрон урушига муносабатини шакллантирувчи геосиёсий, тарихий, этник ва диний омиллар ҳам мавжуд.

Бугун дунё афкор оммаси диққат марказидаги асосий мавзу – Исроил–Эрон уруши. Бу зиддият аллақачон уруш даражасига кўтарилиб улгурди. Исроил кутилмаганда Эрон ҳудудига ҳужум қилиб, оддий одамлар билан бирга давлат мулозимлари ва ҳарбийларни ўлдирди. Жавобан, Эрон ҳам Исроилга кучли ракета ҳужумларини амалга оширди. Натижада Исроилнинг кўп мақталган “Темир гумбаз” мудофаа тизими ҳам идеал эмаслиги маълум бўлди. Эрон ракеталари бу тизимни ёриб кирди ва катта талафотлар етказди.
Хўш, Исроил–Эрон урушининг Ўзбекистон, Марказий Осиё манфаатлари нуқтайи назаридан қандай геосиёсий ва стратегик ўлчамлари бор? Минтақа давлатлари, гарчи дипломатик даражада нейтрал бўлишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, стратегик миллий манфаатлар нуқтайи назаридан маънан ким тарафда ёки ким ғолиб бўлгани маъқул?
Россия-Украина уруши. Мана уч йилдан ошдики, Россия Украинага бостириб кирди ва ҳалига қадар ҳолсизлантирувчи уруш кетмоқда. Бу урушда Эрон тўлиқ Россия тарафида, расмий Москвага дронлар етказиб бермоқда. Шу фонда савол пайдо бўлади: Эроннинг мақсади нима?
Бу ўринда иккита йирик мотив кузатилади. Дунёнинг аксарият давлатлари Россия-Украина урушини “ғарб-Россия прокси уруши” сифатида кўради. Украинани эса “ғарбнинг проксиси” сифатида баҳолайди. Бироқ, кечаги СССР ўрнида пайдо бўлган янги мустақил давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари бу урушни бошқа фокусда кўради. Яқин масофадан қараганимизда, Россия ўзининг империалистик лойиҳасини тиклаш йўлида урушмоқда. Агар Украина бу урушда енгилса – Россия тинчланмайди, аксинча, империалистик иштаҳаси ошади, Марказий Осиёга босимлар ошса ошади, тушмайди.
Хўш, Россия-Украина урушида Эроннинг Москвани қўллашдан мақсади нима? Наҳотки Эрон Марказий Осиё давлатларининг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигидан норози бўлса, уларни Москвага бўйсундиришдан манфаатдор бўлса? Йўқ, Эроннинг мотиви – Россияни қўллаб, НАТОни чекинтириш, АҚШ ва коллектив ғарбнинг ғалаба қилишига имкон бермаслик... Бироқ, Эроннинг нуқсони шундаки, Украинанинг ютқазиши – Марказий Осиё давлатлари учун ҳам салбий оқибатлар олиб келади. Бироқ, Эроннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа мустақил давлатлар мустақиллигига қарши эътирози йўқ аслида.
Туркий дунё ҳамкорлиги ва Эрон. Маълумки, 20-аср дунё туркийлари учун фожеалар асри бўлди. Туркиядан ташқари барча туркий давлатлар ва халқлар ўз мустақиллигини ва сиёсий субъектлигини йўқотди. 20-асрнинг охирига келиб, СССР парчаланди ва бешта туркий давлат мустақил бўлди. Бугун олтита туркий давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва бирлик шаклланиб бормоқда. Эрон эса ушбу туркий ҳамкорликдан у қадар хурсанд бўлмаган давлатлардан бири сифатида кўрилади. Сабаби, Эроннинг учдан бир аҳолиси, яъни тахминан 30 миллион атрофидаги аҳолиси туркийлардан – озарийлардан иборат. Шунинг учун Эрондаги баъзи сиёсий доиралар туркий ҳамкорликни Эрон учун яширинча ёки ошкора таҳдид деб кўришлари мумкин.
Аслида эса, туркийлар ва форсийлар тарихан жуда аралашиб, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаган халқлар ҳисобланади. Эронда озарийлар – иккинчи катта миллат. Ўзбекистонда тожиклар, Тожикистонда ўзбеклар ҳам катта улушни ташкил қилади. Сиёсат – бу мақсадга эришиш санъати бўлар экан, Эрон томонидан туркий ҳамкорликдан хавотир олишга реал асос йўқ. Аксинча, Туркия, Кавказ ва Марказий Осиё билан ишончли ҳамкорлик орқали, Эроннинг мавқейи мустаҳкамланиши мумкин холос. Эрон туркий дунёга душман ҳам эмас, оппонент ҳам эмас. Туркий дунё ҳам Эронга таҳдид ҳам эмас, муаммо ҳам эмас.
Эрон–Исроил уруши. Эрон – бугунги кунда мусулмон дунёсидаги овози энг баланд давлатлардан бири. Эронда 1979 йилда ислом инқилоби юз бергач, расмий Теҳрон мусулмон дунёсидаги муаммоларга бефарқ қолмади, имкон қадар мусулмон умматининг фарёдларига мурожаат қилишга интилди. Агар Исроил-Эрон урушида расмий Теҳрон йиқиладиган бўлса, бу нафақат минтақадаги қолган мусулмон давлатлари учун, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳам катта ютқизиш бўлади. Чунки Исроил Эрон билан чекланмайди. Исроилнинг асосий мақсади – мусулмон дунёсининг асосий марказларини ўзига бўйсундириш, унга қарши чиқа оладиган мусулмон давлатларининг барчасини ҳолсизлантириш, заифлаштириш, парчалаш ёки фуқаролик урушларига гирдоб қилиш.
Исроилнинг асосий лойиҳаси – “катта/буюк Исроил” давлатини яратиш. Бунинг учун Исроил АҚШ ва ғарб давлатларининг қўллови орқали ўз атрофидаги давлатлар ерларини ўзлаштиришга интиляпти. Исроил ўзининг бу режасини амалга оширишда янги, агрессив босқичга ўтди. Шунинг учун Эроннинг йиқилиши – Туркия, Покистон, Саудия Арабистони ва бошқа йирик мусулмон давлатлари учун катта муаммо бўлади. Чунки Исроил қудратли мусулмон давлатларини барчасини ўйиндан чиқаришга ҳаракат қилаверади. Демак, Эроннинг йиқилиши – мусулмон дунёсини янада заифлаштирувчи омил бўлади.
Ўзбекистон–Эрон халқлари тарихий ришталари. Кейинги минг йилликда Ўзбекистон ва Эрон халқлари фақатгина икки асргина алоҳида-алоҳида яшамоқда. Ўтмишда Ўзбекистон ва Эрон халқлари ҳар доим битта маданий маконнинг ичида бўлишган, кўпинча ягона сиёсий тизим ичида ҳам бирга яшашган. Мисол учун, Эрон Амир Темур империясининг ичида бўлган. Мирзо Улуғбек Эрон ҳудудида таваллуд топган. Баъзан биз ҳам Эрондаги давлатчиликнинг таркибида бўлганмиз. Эрон ва Ўзбекистон халқлари зеҳниятан, маданий жиҳатдан бир-бирларига энг яқин халқлар ҳисобланади.
Эрон Исроилга тажовуз қилмаяпти. Аксинча, Исроил муттасил ўзининг қўшниларига тажовуз қилиб келади. Мана бир ярим йилдан ошдики, Исроил Ғазода мислсиз геноцидни амалга ошириб келади. Муаммо Эронда эмас, Исроилда. Исроилнинг мақсади – ўзининг ерларида тинч-тотув яшаш эмас, балки қўшни ҳудудларни оккупация қилиб, аҳолини геноцид қилиш орқали ўз сарҳадларини кенгайтириш. Эрон – Исроил ҳужум қилган биринчи давлат эмас, балки еттинчиси бўлади. Демак, муаммо Эронда эмас, Исроилда. Исроил халқаро ҳуқуқ доирасида яшашни бошлаши билан, унинг қўшнилар билан муаммолари ҳал бўла бошлайди.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

00:36
Эрон Исроилга қарата янги турдаги баллистик ракетани учирди

23:26 / 18.06.2025
ХАЭА раҳбари Эрон ядро қуроли ишлаб чиқараётганига ҳеч қандай далил йўқлигини айтди

22:21 / 18.06.2025
Эронда интернетга кириш чеклаб қўйилди

21:35 / 18.06.2025