Ўзбекистон | 11:56
4368
3 дақиқада ўқилади

Исроилни мустақил тарк этмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига 2 та йўналиш тавсия қилинди

Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли Исроилни мустақил тарк этиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларига йўналиш берди. Дипломатик муассасага кўра, ватандошлар 3 та назорат-ўтказиш пунктлари орқали Миср ёки Иорданияга ўтиб, Тошкентга учиб келишлари мумкин.

Исроил ва Миср ўртасидаги Таба назорат ўтказиш пункти. / Фото: NYC2TLV

Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги назорат-ўтказиш пунктлари орқали Исроилни тарк этишлари мумкин:

  • «Менахем Бегин»/«Таба» — Исроил-Миср чегарасида жойлашган (Исроилнинг Эйлат ва Мисрнинг Таба шаҳарлари ўртасида);
  • «Шайх Хусайн» — Исроил-Иордания шимолий чегарасида жойлашган (Исроилнинг Байт-Шеан ва Иорданиянинг Ирбит шаҳарлари ўртасида);
  • «Исхак Рабин»/«Вади Арава» — Исроил-Иордания жанубий чегарасида жойлашган (Исроилнинг Эйлат ва Иорданиянинг Акаба шаҳарлари ўртасида).

Ушбу чегара пунктлари ҳозирда одатий тартибда - 24 соат фаолият кўрсатмоқда.

Миср орқали қайтишда

Юқоридаги постлар орқали, хусусан, «Менахем Бегин»/«Таба» назорат-ўтказиш пунктидан Мисрга ўтганда Ўзбекистон фуқаролари ушбу пунктни кесиб ўтиб, Мисрга визасиз («Синай кириш муҳри» орқали) кира олади. «Синай кириш муҳри» — 14 кунгача фақат Синай яримороли ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради.

Бунда 21 ёшга тўлмаган фуқароларга ота ёки оналаридан бири ҳамроҳлик қилиши шарт. «Таба»дан Шарм аш-Шайхгача (270 км) автобус ёки автомобилларда ҳаракатланиш имконияти мавжуд. Шарм аш-Шайх аэропортидан эса ҳафтасига 3 марта UzAirwaysʼнинг тўғридан тўғри Тошкентга рейслари бор. Шунингдек, Шарм аш-Шайхдан Истанбул орқали ҳам Ўзбекистонга қайтиш мумкин.

Иордания орқали қайтиш

Ўзбекистон фуқаролари «Шайх Хусайн» ёки «Исхак Рабин»/«Вади Арава» назорат-ўтказиш пунктлари орқали Иордания пойтахтигача бориб, кейин қуйидаги авиайўналишлардан фойдаланиши мумкин:

• «Уммон–Истанбул–Тошкент» ёки «Уммон–Дубай–Тошкент».

Ўзбекистон фуқаролари ушбу йўналишда Иорданияга кириш учун мамлакат ИИВ сайти орқали виза олиши керак бўлади:

Фуқаролар зарур ҳолларда Ўзбекистон элчихоналарининг фавқулодда телефон рақамларига мурожаат қилиши мумкин:

  • Мисрда (+202 333-617-23; +20 128 666-1441, uzembegypt@gmail.com);
  • Саудия Арабистонида, ўриндошлик асосида Иорданияда (+966 11 263-5223, +966 56 721-7731, uzbembriyadh@gmail.com);
  • Исроилда (+972 (3) 672-2466, 672-2371, 758-5075, 758-5076, (54) 485-1397, il.uzembassy@mfa.uz).

Шунингдек, Ўзбекистон дипломатик муассасаси фуқароларни Исроил ҳудудини тарк этаётганда шахсий хавфсизлик эҳтиёт чораларини кўришга ҳамда фронт орти буйруғи томонидан берилган кўрсатмаларга қатъий амал қилишга чақирди.

Аввалроқ берилган маълумотларга кўра, Исроилда 10 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилади ва вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланади.

Мавзуга оид