Жаҳон | 12:59
2152
2 дақиқада ўқилади

Бокуда Алиевни танқид қилган сиёсатшунос «давлатга хиёнат»да айбланиб 15 йилга қамалди

Боку суди Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни танқид қилган сиёсатшунос ва урушга қарши фаол Баҳруз Самадовни «давлатга хиёнат»да айбдор деб топди.

Фото: Giyas Ibrahim/Twitter

Боку суди сиёсатшунос ва урушга қарши фаол Баҳруз Самадовни давлатга хиёнат моддаси бўйича қаттиқ режимли қамоқхонага 15 йилга озодликдан маҳрум қилди, деб ёзди 23 июн, душанба куни The Insider портали Озарбойжоннинг Haqqin интернет нашрига таяниб.

Аниқланишича, Самадов Чехияда яшаб, Прагадаги Карл университетида докторлик диссертациясини ёзган. У ижтимоий тармоқларда ва мақолаларида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев режимини танқид қилган ва очиқчасига Арманистон билан тинчликка чақирган кам сонли озар фаолларидан бири эди, деб ёзади нашр.

2024 йил август ойида эркак таътилга Бокуга келганида қўлга олинган. Озарбойжон ҳукумати уни Арманистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда айблади, деб ёзади The Insider.

Прокуратура Самадовни 16 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилди. Бувиси Зибейда Осмонованинг сўзларига кўра, шундан сўнг олим ўз жонига қасд қилишга қарор қилган, бироқ охирги лаҳзада уни камерадоши қутқариб қолган.

2024 йил сентябр ойида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Баҳруз Самадовнинг таъқиб қилиниши ҳақида хабар бериб, у мустақил журналист сифатида Грузиянинг OC Media нашри ва Американинг Eurasianet нашри билан ҳамкорлик қилгани ва Озарбойжон ҳукуматини танқид қилганини айтди.

Ўша маълумотда ташкилот Самадовнинг дўсти Рустам Исмоилбейлининг фикрини келтирган. У бу одам «тинчликнинг кўзга кўринган тарафдори сифатида, шунингдек, озарбойжон милитаризми ва авторитаризми ҳақидаги мақолаларни ўз ичига олган журналистик фаолияти учун таъқиблар нишонига айланган» деган фикрини келтирган.

Мавзуга оид