Жаҳон | 18:41 / 25.06.2025
1896
2 дақиқада ўқилади

АҚШда робот кўкрак қафасини очмасдан биринчи юрак трансплантациясини амалга оширди

45 ёшли беморда қорин бўшлиғи орқали ноёб операция ўтказилди.

Фото: as.com

Америкалик жарроҳлар робот ёрдамида инсон кўкрак қафасини очмасдан биринчи юрак трансплантациясини амалга оширди. Тарихий операция Ҳюстондаги Baylor St. Luke’s клиникасида ўтказилди. Оғир юрак етишмовчилиги бўлган 45 ёшли эркак янги юракка эга бўлди.

Бемор 2024 йил ноябр ойидан бери тиббий қўллаб-қувватловчи ускунага уланган эди. Шифокорлар анъанавий кўкрак қафасини кесиш усули ўрнига робот жарроҳдан фойдаланди. У қорин бўшлиғидаги кичик кесмалар орқали жарроҳлик амалиётини бажарди. Робот 3D камера билан жиҳозланган бўлиб, жойстик ва педаллар ёрдамида қўлда бошқарилди.

Операция 2025 йил март ойида бўлиб ўтди. Бир ой ўтгач, бемор шифохонадан чиқарилди ва аллақачон жисмоний фаолликка қайтди. Етакчи жарроҳ Кеннет Ляо сўзларига кўра, роботлаштирилган усул кўкрак қафасининг яхлитлигини сақлайди, инфекция хавфини камайтиради ва тикланишни тезлаштиради.

Бу Қўшма Штатлардаги биринчи шундай операция. Аввалроқ, 2024 йилда Саудия Арабистонида 16 ёшли беморга ҳам худди шундай трансплантация қилинган эди. Технология кардиожарроҳликнинг янги босқичини очади, робот аниқлигини тиббиётдаги энг мураккаб жараёнлардан бири билан бирлаштиради.

Мавзуга оид