Жаҳон | 12:16
2946
6 дақиқада ўқилади

«Мудофаа харажатларини ошириш ва 5-моддага содиқлик» – НАТО саммитидан нималар кутилмоқда?

Ҳаагада бўладиган НАТО етакчиларининг энг муҳим ва Доналд Трамп учун мослаштирилган саммитида аъзо давлатлар мудофаа харажатларини ЯИМ 5 фоизигача оширишни маъқуллаши мумкин. Бундан ташқари, Трамп саммитга йўл олаётиб, НАТО бош келишувининг 5-моддасини қўллаш масаласида шубҳа уйғотди.

​​​​​​​Фото: Нидерландия қироллиги оиласи

Бугун, 25 июн куни Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида НАТО етакчилари ушбу ташкилот учун йилнинг энг муҳим ҳамда АҚШ президенти Доналд Трамп учун махсус мослаштирилган саммитида йиғилади.

Кеча, 24 июн куни сиёсий тадбир олдидан НАТО етакчилари ва уларнинг рафиқалари шарафига Нидерландия қироли Виллем-Александр ва унинг рафиқаси томонидан уюштирилган зиёфат бўлиб ўтди.

«Бугун сизларни Huis Ten Bosch саройида қабул қилиш мен учун катта мамнуният. Эртанги муҳокамаларда сизга донолик тилайман ва уларнинг натижасида НАТО ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўлишига тўлиқ ишонаман», деган Нидерландия қироли Виллем Александр.

Reuters нашрининг ёзишича, саммитда аъзо давлатлар учун ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 5 фоизигача бўлган янги мудофаа харажатлари мақсади маъқулланиши кутилмоқда. Бу Трампнинг талаблари ва Европанинг, айниқса, Россиянинг 2022 йилдаги Украинага босқинидан сўнг хавфсизликка тобора кўпроқ таҳдид сифатида қаралаётганидан келиб чиққан ташвишларига жавобдир.

«Аввал НАТО молиявий жиҳатдан суиистеъмол қилинган эди, мен уларга: «Тўлашингиз керак», дедим. Шундан сўнг биз ишни бошладик ва ҳозир улар анчагина тўлашяпти. Кейин айтдим: «4 фоиз ёки 5 фоизгача кўтаринг, 5 фоиз – энг яхшиси», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда AP. Трампга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизини мудофаа учун ажратиш «яхши» ва «бу уларга анча кўпроқ куч беради».

Янги мақсадга 10 йил ичида эришилиши кутилмоқда, лекин бу кўрсаткич — амалдаги 2 фоизлик мақсаддан сезиларли равишда юқори. Бу ўзгаришлар минглаб миллиард долларлик қўшимча йиллик ҳарбий харажатларни англатади. Трампнинг талаби билан қилинган режага кўра:

·       3.5 фоиз ЯИМ асосий ҳарбий эҳтиёжлар — аскарлар ва қуролларга,

·       1.5 фоизи эса киберхавфсизлик, инфратузилмани (йўллар, кўприклар) ҳарбий техника учун мослаштириш каби кенгайтирилган мудофаа чораларига сарфланади.

НАТО давлатларининг ЯИМга нисбатан амалдаги ҳарбий харажатлари/Жадвал расмий маълумотлар асосида Reuters томонидан тайёрланган

НАТОнинг барча аъзолари бу мақсадни тасдиқлаган бўлса-да, Испания ўзининг ҳарбий мажбуриятларини анча кам харажатлар билан бажара олишини билдирган. Испания бош вазири Педро Санчеснинг бу позициясига НАТО бош котиби Марк Рютте рози бўлмаса-да, Трампни рози қилиш ва саммитни муаммосиз ўтказиш учун дипломатик келишувга борилди.

НАТО расмийлари Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро ҳамда АҚШнинг ҳафта охирида Эрон ядровий объектларига уюштирган зарбалари ушбу саммитга соя солмаслигига умид қилмоқда.

Трамп НАТО аъзолари белгиланган харажат меъёрларига риоя этмаса, уларни ҳимоя қилмаслиги билан таҳдид қилган. У саммитга йўл олаётиб, НАТО бош келишувининг 5-моддаси — ўзаро мудофаа мажбурияти бўйича бандни бевосита қўллаб-қувватламаслик билан яна шубҳа уйғотди. «Air Force One» бортида журналистларга гапирар экан, Трамп бу банднинг «бир нечта талқинлари» борлигини айтди: «Мен инсон ҳаёти ва хавфсизлигини сақлашга содиқман. Аниқ таърифни саммитга боргач бераман», деди у.

Трамп 2016 йилда президентликка номзод бўлганида ҳам НАТО шартномасининг 5-моддаси – ўзаро мудофаа кафолатларига амал қилишига кафолат бермаслигини билдирган эди. Жорий йилнинг март ойида у керак бўлса, НАТО АҚШни ҳимоя қиладими ёки йўқ – бунга ишонмаслигини билдирган. Гарчи НАТО 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШни айнан шу модда асосида ҳимоя қилган эди.

Саммит дипломатияси орқасидаги ноодатий тафсилотлар

Саммит арафасида Доналд Трамп Марк Рюттенинг шахсий мактубини эълон қилди. Унда бош котиб Трампга Эрондаги «қатъий ҳаракатлари» учун мақтов билдирган ва «сиз америкалик президентлар орасида ўн йиллардан бери эришилмаган нарсага эришасиз. Европа, қандай бўлса ҳам тўлайди — бу сизнинг ғалабангиз бўлади», деб ёзган Рютте.

Бундан ташқари, Трампни зериктириб қўймаслик учун саммит кун тартиби қисқа ва асосан харажат мажбурияти билан чекланган. Reutersʼга кўра, якуний баёнотда Россия таҳдид сифатида тилга олинади, Украина билан бирдамлик тасдиқланади, бироқ Трампнинг Москвага нисбатан юмшоқ позицияси сабабли бу масалалар чуқур ёритилмайди.

Украина президенти Володимир Зеленский асосий саммитда эмас, фақат саммит олдидан кечки овқатга таклиф этилган. Зеленский АҚШдан Патриот ракета мудофаа тизимлари ва Россияга нисбатан янада кучли санкцияларни сўрамоқчи.

Трамп Ҳаагадаги саммитда қайси бошқа етакчилар билан алоҳида учрашишини Оқ уй эълон қилмаган, бироқ Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиб қолишини айтган. Трамп шунингдек, кеча Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ёпиқ учрашув ўтказди.

Мавзуга оид