Жаҳон | 21:20 / 25.06.2025
1468
2 дақиқада ўқилади

Швейцария украиналик қочоқлар учун янги қоидаларни жорий этмоқда

Швейцарияда қочоқ мақомини олган украиналиклар энди ярим йил давомида Украина ҳудудида 15 кундан ортиқ қоладиган бўлса, ушбу мақомдан маҳрум этилади.

Фото: Jean-Christophe Bott

2025 йил куздан бошлаб Швейцария украиналик қочоқларни уларга ўз ватанида ҳаёт ва соғлиғи учун бевосита хавф туғдирадиган ҳолат кузатилаётган тақдирдагина узоқ давом этадиган маъмурий жараёнларсиз қабул қилади, деб ёзмоқда Bild.

Қайд этилишича, қолган барча умумий асосда бошпана тақдим этилиши бўйича жараёнлардан ўтиши керак бўлади. Янги қоидалар кучга киргунга қадар ҳукумат ўз ҳаракатларини ЕИ билан келишиб олиш ниятида.

Миграция масалалари бўйича давлат котибияти (SEM) бошпана сўровлари бўйича янги аризаларни кўриб чиқишда «хавфсиз» ва «хавфсиз бўлмаган» минтақаларни фарқлаши керак бўлади.

«SEM’нинг баҳолашича, мамлакатнинг Украина томонидан назорат қилинаётган айрим ҳудудларида айни вақтда интенсив жанговар ҳаракатлар олиб борилмаяпти», — дейилади Швейцария ҳукумати хабарида.

Швейцариядан бошпана олишга улгурган украиналиклар мамлакатда қолади. Аммо улар учун талаблар кучайтирилади: ярим йил давомида Украина ҳудудида 15 кундан ортиқ қоладиган бундай фуқаролар қочоқ мақомидан маҳрум бўлади (ҳозирга қадар ҳар чоракда 15 кун қолишга рухсат берилаётган эди).

Маълумот учун, Швейцарияда ҳозирда 69 мингдан ортиқ украиналик қочоқ яшаб келади.

Мавзуга оид