Жамият | 09:02
3320
4 дақиқада ўқилади

Кредит олишга тақиқ ва Freeze хизмати: уларнинг фарқи нима?

Фирибгарлар бировнинг номига кредит расмийлаштириши ҳолатлари учраб туради. Бунинг олдини олиш учун шу пайтгача фуқаролар кредит тарихи олинишини музлатиш имкониятига эга эди. Эндиликда кредит битими расмийлаштиришга тақиқ киритиш ҳам мумкин бўлди. Хўш, бу икки хизмат нимаси билан фарқланади, улардан қандай фойдаланиш мумкин? КАТМ мутахассиси Машҳурбек Раҳимов Kun.uz'га батафсил тушунтириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўтган йили кредит тарихи олинишига чеклов ўрнатиш, яъни Freeze хизмати ишга туширилган эди. Яқинда, 6 июн куни кредит битимини расмийлаштиришга тақиқ қўйиш имконияти ҳам пайдо бўлди.

Хўш, бу икки хизмат нимаси билан фарқланади, хизмат ҳақи қанча ва улардан қандай фойдаланиш мумкин? Кредит ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) департаменти директори ўринбосари Машҳурбек Раҳимов Kun.uz'га берган изоҳида батафсил тушунтириб берди.

Машҳурбек Раҳимов

Унинг сўзларига кўра, бирор банк ёки нобанк кредит ташкилотлари кредит беришдан олдин кредит қайтмаслик рискини тўғри баҳолаши мақсадида мижознинг илгари олган кредитлари тарихини кўриши керак. Freeze хизмати фаоллаштирилса, шу тарихни кредит ташкилотлари КАТМдан ололмайди ва табиийки, кредит ҳам ажратилмайди.

Freeze хизматини фаоллаштириб, кредит тарихингиз олинишини чеклаб қўйган бўлсангиз, киберҳужумга учраган тақдирингизда ёки фирибгарлар номингизга кредит расмийлаштиришга уринганида сиз бундан ҳимояланган бўласиз. Бу хизмат – пулли. БҲМнинг 0,03 баробари, яъни 13 340 сўм тўловни амалга оширганингиздан кейин, my.gov портали орқали Freeze хизматини ёқишингиз мумкин.

Freeze орқали сиз маълумотларингиз махфийлигини таъминлашингиз мумкин. Бироқ қонунчиликка кўра, сизда кредит ташкилоти билан кредит муносабати бўлса, яъни айни пайтда номингизда ёпилмаган кредит бўлса, банк кредит тарихингизни ўрганиб бориши мумкин. Яъни амалдаги кредит шартномаларига эга ташкилотлар Freeze хизмати ёқилган ҳолатда ҳам кредит тарихингизни ола олади. Бу кредиторга сизнинг тўлов қобилиятингизни мониторинг қилиб бориш имкониятини беради”, – дейди Машҳурбек Раҳимов.

Кредит битимини расмийлаштиришга тақиқ қўйиш эса – умуман бошқа нарса. Бу хизмат жорий йил март ойида қабул қилинган қонун асосида, июн ойи бошида ишга тушди. Агар бу хизматдан фойдалансангиз, кредит ташкилотлари сизнинг кредит тарихингизни олиши мумкин, лекин кредит ажратилмайди.

Эндиликда кредит ташкилотлари қарз беришдан олдин фуқаро ўзига кредит ажратилишига тақиқ қўйганми-йўқми, буни ўрганиш мажбуриятига эга. Тақиқ аниқланса, кредит ажратилмаслиги керак.

Бу хизмат мутлақо бепул. Ҳозирда “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” кредит бюросининг расмий веб сайти infokredit.uz орқали бу хизматдан фойдаланиш мумкин ва у яқин кунлар ичида my.gov порталида ҳам пайдо бўлади.

Кредит битимини расмийлаштиришга тақиқ қўйиш, бу – рўйхат. Сиз бу рўйхатга кирсангиз, яъни шу хизматни фаоллаштирсангиз, кредит ташкилотлари – хоҳ банк бўладими, хоҳ нобанк ташкилотлар бўладими – сизга кредит ажратиши мумкин эмас бўлади”, – дейди КАТМ мутахассиси.

Маълумот учун, КАТМ SMS-хабарнома хизматини ҳам ишга туширган. Бу хабарномани ёқтиргач, кредит тарихингиз олингани ҳақида SMS олишингиз, сўнг infokredit.uz сайтига кириб, ҳаракатлар бўлими орқали қайси ташкилот олганини билишингиз мумкин.

Мавзуга оид