Жаҳон | 21:41 / 26.06.2025
1287
2 дақиқада ўқилади

Nvidia дунёдаги энг қиммат компания мақомини сақлаб қолди

Бугунги кунда унинг бозор капиталлашуви тахминан 3,77 триллион долларни ташкил этади.

Фото: Getty images

Nvidia акциялари нархи 4,3 фоизга ошиб, 154,31 долларни ташкил қилди ва январь ойида ўрнатилган аввалги рекордни янгилади, деб хабар берди Bloomberg.

Натижада Nvidia дунёдаги энг қиммат компания мақомини сақлаб турибди. Бугунги кунда унинг бозор капиталлашуви тахминан 3,77 триллион долларни ташкил этади (Иккинчи ўриндаги Microsoft кўрсаткичлари 3,66 триллион долларга баҳоланмоқда).

Бугунги кунда Nvidia даромадларининг 40 фоиздан ортиғини Meta ва Microsoft каби гигантлар таъминламоқда, улар сунъий интеллектни ривожлантиришга сармояларни жадал оширмоқда. Nvidia бош директори Женсен Хуанг сўзларига кўра, саноат сунъий интеллект инфратузилмасини глобал янгилашнинг бошида турибди.

Allspring Global Investments компанияси вакили Майкл Смит сўзларига кўра, сунъий интеллект билан қуролланиш пойгаси 2025 йил давомида ва эҳтимол 2026 йилда ҳам давом этади.

Nvidia компанияси Riva TNT ва GeForce брендлари остида график процессорлар, видеоадаптерлар, шунингдек, шахсий компютерлар ва ўйин приставкалари учун мултимедиа ва коммуникация қурилмаларини ишлаб чиқаради. Компаниянинг бош қароргоҳи Санта Клара (АҚШ) шаҳрида жойлашган.

Мавзуга оид