Фан-техника | 20:38 / 26.06.2025
653
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик олимлар инфекцияларни даволовчи микроробот яратди

Микророботлар бурун бўшлиғидаги йиринг ичига кириб, бактерия ҳужайралари деворларини йўқ қилиши мумкин.

Фото: Edward Jenner

Хитойлик олимлар Science Robotics журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, тўдалари сурункали инфекцияларини даволай оладиган майда «робот» зарраларини ишлаб чиқди. Одам сочи қалинлигининг бир қисмини ташкил этувчи қурилмалар клиникадан олдинги синовларда ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтказилди.

«Микроробот» тўдалари бурун тешигидан киритилади ва электромагнетизм орқали нишонга йўналтирилади. Улар мис атомлари қўшилган магнит зарралардан иборат. Тўдаларни оптик тола ёруғлиги таъсирида иситиш мумкин, бу микророботларга йиринг ичига кириб, бактерия ҳужайралари деворларини йўқ қилиш имконини беради. Улар шу тариқа қизиб, бактериал инфекцияларни йўқ қиладиган кимёвий реакцияларни катализлаши мумкин. Тадқиқотчилар ушбу мақсадли технология охир-оқибат бундай касалликларни даволаш учун антибиотиклар ва бошқа умумий дориларга бўлган ишончни камайтириши мумкинлигига умид қилмоқда.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, «роботлар» чўчқаларнинг бурун бўшлиғидаги бактерияларни ўлдириши ва тирик қуёнлардаги инфекцияларни тўқималарга ҳеч қандай зарар етказмасдан даволашга қодир. Олимлар технология одамларда қандай ишлаши мумкинлиги ҳақидаги моделни яратди, «микророботлар» рентген нурлари остида операция хонасида синовдан ўтказилди.

Монреал политехника мактаби наноробот лабораторияси профессори Силвэн Мартел сўзларига кўра, микророботлар уч-беш йил ичида даволаш учун тайёр бўлиши мумкин, аммо назорат органларидан тегишли рухсат олиш учун яна 10 йил керак бўлади.

Мавзуга оид