Жамият | 20:26 / 27.06.2025
2385
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Telegram орқали наркотик моддалар сотиб келган 5 киши қўлга олинди

Наркогуруҳ аъзолари мамлакатга контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятларида сотиш билан шуғулланган.

Фото: Видеодан кадр

ДХХ ва ИИВ ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ижара асосида яшаб келаётган, Telegram орқали гиёҳвандлик воситалари савдосини амалга оширувчи наркодўконнинг 5 нафар аъзоси қўлга олинди.

Улар 400 гр «Алфа-ПВП» синтетик наркотик моддасини 0,3 граммдан қадоқлаган ҳолда Андижон вилоятидаги мижозларга етказиш мақсадида олиб кетаётганликлари маълум бўлган.

Қўлга олинган шахсларнинг кўрсатмаси асосида, улар томонидан Андижон вилоятидаги 53 та хуфия жойга жойлаштирилган ҳар бири 0,3 граммдан бўлган «Алфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркодўкон оператори вазифасини бажарувчи, Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи 22 ёшли шахс Янгиҳаёт тумани ҳудудида ушланиб, унга тегишли автомашинанинг юкхонаси ва салон қисмидан 986 грамм гашиш моддаси ҳамда 7 килограмм «Алфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси олинган.

Таъкидланишича, наркогуруҳ аъзолари мамлакатга контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик воситаларини Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятларида сотиш билан шуғулланган.

Ҳозирда уларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид