Ўқишга кира олмаган мактаб битирувчиларини банд этиш бўйича дастур қабул қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўқишга кира олмаган мактаб битирувчилари ҳамда техникум ва олийгоҳларни тугатаётган талабаларни банд этиш бўйича иккита алоҳида дастур қабул қилинди. Бу ҳақда 30 июн куни президентнинг ёшлар билан учрашувида маълум қилинди.
Қайд этилишича, шу мақсадда «Алоқабанк» ва Миллий банкка 300 миллион доллар ажратилди. Улар «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида 100 минг ёшларни, «Келажакка қадам» орқали 140 минг олийгоҳ битирувчисини даромадли иш билан таъминлашга масъул бўлади.
Бандлик вазирлиги Савдо-саноат палатаси Миллий банк билан бирга олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади. Бандлик, Мактаб, Олий таълим вазирликлари «Ҳаракатда даромад» электрон тизимини яратиб, таътилдаги 3 миллион ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилади.
Ҳар йили юқори синф ўқувчиларини касб танлашга қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида «Менинг касбим» республика танлови ўтказилади.
Стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилди. Уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилди. Президент бу рақам 1 миллиард долларга етказилишини айтди.
Мактабларда ўқувчилар учун «моҳирлик ва бизнес соати» киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант ажратилади. Олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.
Стартапни прототипга айлантириш ва синовдан ўтказиш учун Инновация агентлиги ва IT-парк RnD марказини очади. Бунда, энг яхши лойиҳалар бўйича прототип яратиш харажатининг 50 минг долларгача қисми Ёшлар венчур жамғармасидан қопланади.
Ҳар йили инвесторлар, йирик корхона ва стартап ташаббускорлари иштирокида «Стартап-экспо» кўргазмаси ўтказиб борилади.
***
Давлат раҳбари ўз соҳасида илғор, ташаббускор ёшлар билан мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва ғояларини тинглади.
Президент фармони билан илм-фан, технология, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда тенгдошларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ўғил-қизларимиз мукофотланган эди.
Бугунги тадбирда давлат раҳбари ушбу мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Тадбир якунида давлат раҳбари яна бир бор ёшларга мурожаат қилди:
«Ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш, келажак учун пойдевор дегани. Пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, ҳаётингиз, бахтингиз биноси шунчалик муҳташам бўлади.
Ёшликдаги ҳаракат келажакдаги ютуқ дегани. Ёшликда орттирилган дўст бир умрлик ҳамкор, таянч ва суянч дегани.
Ҳеч қачон унутманг, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади.
Мен бутун Ўзбекистон ёшлари ана шундай фазилатлар эгаси бўлишини тилайман!
Ишончим комил, биз кўп миллатли бутун халқимиз билан, сиз, азиз фарзандларим билан улуғ мақсадларимизга, албатта, етамиз! Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда, албатта, барпо этамиз!».
Мавзуга оид

15:29 / 30.06.2025
Президент ёшларнинг инновацион ишланмалари ва истиқболли лойиҳалари билан танишди

14:07 / 30.06.2025
Ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи сараланиб, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади

13:20 / 30.06.2025
«Бу ишлар “кампаниябозлик” бўлмаслиги керак» – президент ёшлар билан доимий мулоқот платформасини йўлга қўйиш ҳақида

12:30 / 30.06.2025