Ўзбекистон | 16:10
7517
25 дақиқада ўқилади

Инқироз манзаралари: нураб ётган иссиқхоналар – ҳар бир ҳудудда

Ўзбек иссиқхоначилари нафақат анъанавий ташқи бозорларни, ҳатто ички бозорни ҳам Туркманистонга бой бермоқда. Бозорларимизда Хитой помидорлари пайдо бўла бошлагани ҳам – соҳанинг жар ёқасига қараб кетаётганидан дарак. Kun.uz мухбири Шокир Шарипов Мева-сабзавотчилар ассоциацияси раиси Абдураҳим Абдувалиев билан Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида бўлиб, миллиардлаб маблағ сарфланган, ҳозир эса барбод аҳволда ётган иссиқхоналарга гувоҳ бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тасаввур қилинг, иқлим ўзгарди, жазирама иссиқлар кўпайиб, ёмғирлар камайиб кетди. Сув камлигидан яшил ерлар чўлга айлана бошлади ва егулик етиштириш қийинлашиб кетди.

Мана шундай пайтда бизларга иссиқхоналар ёрдамга келади. Замонавий иссиқхоналар сув ва бошқа ашёларни кам сарфлаб, кўп маҳсулот етиштирадиган, ташқарида қумбўрон бўлиб ётса ҳам ичкарида муҳити ўзгармайдиган бир мега-бинолардир. Истаймизми, йўқми биз шундай истиқболга қараб кетяпмиз ва яқин келажакда қайси мамлакатда зўр иссиқхоналар кўп бўлса, бошқалардан устун бўлади, бошқалар уларга қарам бўлади. Қарам бўлмаслик учун эса иссиқхоначиликни ривожлантириш керак – уларни ривожлантириш учун тадбиркорларга имкон бериш керак – давлат ёмон менежер, буни қилолмайди.

Хатарларга тўла бунақа истиболга тайёргарлик кўряпмизми? Кўрсатувимизни кўриб, бу ҳақда билиб оласиз – маълумотланган одам – қуролланган одам.   

Иссиқхоначилик соҳаси ҳолатини ўрганиш учун аввал Бухорога бордик – жуда кўплаб иссиқхоналар мужассам бўлган ҳудудга. Бу иссиқхоналардан бири, аҳволини кўриб турибсиз.

Ўйламан, излаб-излаб шунақа абгор иссиқхонани топиб олишибди деб. Йўқ, кўплаб иссиқхоналар мана шу аҳволда ва нега бу ҳолга келиб қолгани билиш учун Ўзбекистон иссиқхоначилар уюшмасини саволга тутдик.

Абдураҳим, биз таваккалига мана шу иссиқхонани танладик. Энди сизга савол, қай сабабдан мана шу ҳолга келди бу иссиқхона?

- Кўриб турганларингиз, Жанубий Кореянинг замонавий икки гектарлик, 20 минг квадрат метрлик иссиқхонаси. Нима сабабдан бунақа ҳолатга келиб қолди? Сабаблардан бири – кредитлар. 2018 йилда тадбиркор 5 миллиард сўм кредит олган бўлса, бугунги кунга келиб, ана шу 5 миллиард сўм 8,5 миллиард сўмга айланган.

Мен бир нарсага тушунмаяпман, биргина валюта ошиши билан кредитлар шунақа қимматлаши мумкинми?

- 2018, 2019 йилларда кредитлар олинган. Ўша даврда долларнинг курси 8300-8400 сўм атрофида бўлган, 1 долларга. Ҳозирги кунга келиб, 12900, 12800 сўм атрофида. 50% га яқин ўсиш. Иккинчи сабаб, ўзгарувчан курсда – LIBORʼда олинган кредитлар. Лондон биржасидаги ўзгарувчан курсга боғланган. Курс фарқининг ўзи 50% га ошган бўлса, ўзгарувчан курс икки бараварга ошган.

Иккинчи сабаб?

- Эсингизда бўлса, уч кун мобайнида бутун Марказий Осиё давлатларида свет бўлмади. Замонавий иссиқхоналар бу, албатта, энергетикага жуда ҳам боғлиқ бўлган иссиқхоналар. Жуда ҳам катта миқдорда йўқотишлар бўлган. Ундан кейинги омил бу – COVID. Икки йил мобайнида... 

Маҳсулотни экспорт қилиб бўлмади ўша вақтда.

- Ҳа, ички бозорда сотдик. Бу – замонавий иссиқхоналар валютада олингандан кейин экспорт қилмаса, ўзини-ўзи қоплаши қийин бўлади. Учинчи омил: эсингизда бўлса, 28 градус совуқ бўлди. Стресс ҳолатига тушгандан кейин ўсимлик умуман ишлашдан тўхтайди, гуллаган гуллари ёки бошқа нарсасини – ҳаммасини тўкиб юборади, бошқатдан тикланишни бошлайди. Омиллар тўпланиб-тўпланиб, якунда, 2025 йилга келиб, иссиқхоначилар ўта қийин аҳволга келиб қолди.

Лекин кредитни тўлаши керак... Эҳтимол, мана шу иссиқхона ҳам банкнинг ҳисобига ўтган бўлиши мумкин.

- Албатта, бўлиши мумкин. Бунақа қаровсиз ҳолатдаги иссиқхона банк балансига ўтган ёки ўтиш жараёнидаги иссиқхоналардан биттаси. Мендаги бор маълумотларга қараганда (2025 йил май ҳолатида) 120 гектардан ошиқроқ иссиқхона банклар балансига ўтган. Бу тахминан 1200 та, 1500 та доимий ишчи дегани. Ҳозир улар ишсиз.

Биз эътибор қилдик, баъзи темир қувурлар ернинг ичида қолиб, занглаб ётибди. Бу ҳам ҳам исроф-да.

- Мен сизга айтсам, мисол учун, мана шу иссиқхонани ҳозирги ҳолатидан тиклашга, тўлиқ ишчи ҳолатга келтираман дейдиган бўлсак, қурилишида кетган харажатнинг камида 40% харажати керак бўлади. Сиз кўриб турган иситиш тизимлари тўлиқ ўрганиб чиқилади. Юқоридаги парда – қуёшдан сақлайдиган икки қаватли пардалар, булар ҳаммаси яроқсиз ҳолатга келган. Плёнка яроқсиз ҳолатга келган тўлиқ. Пластик материаллар, иплар, булар ҳам ҳаммаси тўлиқ яроқсиз ҳолга келган.

Ва давом этяпти яроқсиз ҳолатга келиши.

- Узоғи икки йилдан кейин қайта тиклаб бўлмайдиган ҳолатга келади.

Лекин булар фалон пулга қилинган. Ўзбекистоннинг елкасига тушган пуллар булар ҳаммаси, буни тўлаш керак.

- Тахминан 350,000-450,000 доллар атрофида ҳар бир гектари учун, ўртача ўша пайтдаги нарх шунақа бўлган. Демак, бу ерда тахминан 700,000-750,000 доллар фақат конструкциянинг ўзига кетган, қурилишига, бошқа нарсаларни ҳисобламаганда.

Энди сизга савол: ҳолат мана шу ачинарли ҳолга келмаслиги учун нима қилса бўлар эди ўз вақтида, ўз ўрнида, ўша пайтда?

- Саволингизни озгина ўзгартираман, “нима қилса бўларди”ни “нима қилса бўлади”га. Ҳозирги кунда жуда катта миқдорда – минглаб гектар иссиқхоналар мана шу ҳолатга келиш арафасида турибди ва саволингизга ана шуларга ҳам ёрдам бериш маъносида жавоб беришга тўғри келади. Ўша пайтда қилмаган ишимизни ҳозир қилиб, минглаб гектар иссиқхоналарни қутқаришимиз керак. Баъзи шартларни бажармасак, мана шу ҳолатга келамиз.

Биринчи ўринда, соҳани давлат томонидан керакли мутахассислар ўрганган ҳолда, барча тўловларни, кредит тўловлари бўладими, ҳаммасини тўхтатиб туришимиз керак, маълум бир муддатга.

Биринчи қадамимиз шу бўлиши керак.

- Биринчи қадам — тўхтатиш керак.

Янада таназзулга учрамаслик учун.

- Ҳа. Иккинчи қилинадиган иш – олинган кредитларнинг ҳаммасини сўмга ўтказишимиз. Сўмда олинган кредитга таъсир қилувчи омиллар давлатнинг ичкарисида, валютада олинадиган кредитларга ташқи омиллар ҳам таъсир қилади. Сўмга ўтказган ҳолатда ҳам, қишлоқ хўжалиги соҳасига бизнес кўзи билан қарамаслик керак...

Қишлоқ хўжалигига бутун дунёда тадбиркорликка қарагандай қаралмайди. Бу ёрдамга муҳтож соҳа. Унга давлат ва жамият доим ёрдам қилиб туради. Ёрдам бермаса, у ўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Уни тирилтириш эса жуда қийин. Табиийки, баланд фоизли кредитлар эмас, соҳага имкон қадар фоизсиз пул берилади. Биздагидек фермерларнинг ишига аралашиш, чеки-чегараси йўқ ҳуқуқсизликларни айтса ҳам бўлади.

- Хўп, яна нима қилиш керак?

- Соҳани ривожлантириш режасини тузиб чиқишимиз керак, ривожланган давлатлар, Голландия бўладими, Испания, Италия давлатларининг тажрибаларини ўрганган ҳолда. Маълумотларда бизда 6 минг гектардан ошиқроқ иссиқхона қурилган деётган бўлсак, бугунги кунга келиб 4 минг гектардан сал озроқ иссиқхона ишлаяпти.

Бозорларни йўқотдик

Биз Марказий Осиё учун ҳам, МДХ давлатлари учун ҳам асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказувчи давлат ҳисобланганмиз. Ҳозир биз бозордан чиқиб кетдик. Биз таннархда рақобатлаша олмаяпмиз.

Бозорни бошқалар тўлдирди, шунақами? Ким тўлдирди?

- Туркманистон. Ваҳоланки, Туркманистонда ҳозирги кунда 1000 гектардан сал ошиқроқ иссиқхона бор. Ва 1000 гектарлик иссиқхона билан улар бизни бозорлардан сиқиб чиқарди, хусусан Россия бозоридан.

Туркманистон иссиқхоначилари қандай қилиб эришди бунга?

- Бизнинг хатоларимизни ўрганган ҳолатда, тизимли ёндашув билан, илмий ёндашув билан. Бу биринчиси. Иккинчиси, уларга берилаётган кредитлар, ҳозирги кунда бизнинг иссиқхоначиларимизга оғир юк бўлаётган кредитлар масаласи у ерда деярли йўқ. Ва энг асосий таъсир қилувчи омил бу энергетика, жуда ҳам арзон. Яъни газ уларда жуда ҳам арзон. Улар арзон таннархдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлади ва бизга ҳам импорт қилиб олиб келяпти.

Бизнинг иссиқхоначилар улар билан умуман рақобатчи эмас.

- Йўқ.

Ўзимизнинг иссиқхоначиларимизни биз ҳимоя қилмаяпмиз, шунақа бўляптими?

- Биласизми, ҳозир биз нафақат ташқи бозорни, биз уни йўқотиб бўлдик, биз ўз бозоримиздан чиқиб кетяпмиз, сотишда қийналяпмиз. Хитойдан ҳам келяпти, Эрондан ҳам келяпти помидорлар. Бозоримизда бу маҳсулот сотиляпти.

Хитойдан помидор келяпти деяпсиз, бу қонуний кириб келяптими ё ноқонуний?

- Яхши савол бўлди. Биз бу саволни республика карантин ташкилотига берган эдик: “Нега Туркманистондан келаётган импортдан ташқари, Хитойдан, Эрондан импорт қиляпмиз?” деган саволимизга карантин ташкилотининг масъул вакиллари “ҳеч қандай Эрондан ёки Хитойдан киришга йўл йўқ, рухсат берилмаган”, деган гапни айтишди.

Ўша куннинг ўзидаёқ ишчи гуруҳ тузилди ва Тошкент вилоятида жойлашган FoodCity бозорига бордик. Борганимизда Хитойдан келган помидорлар сотилаётганини кўрдик. Ўша сотувчилар билан гаплашганимизда, улар Хитойдан маҳсулотлар узоқ вақтдан бери кириб келаётганини, баъзи ҳолатларда Эрондан ҳам маҳсулот кириб келаётганини айтишди. Ишчи гуруҳ ходимлари ёнимизда эди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари ҳам, карантин ходимлари ҳам.

Бу ерда биз контрабандага гувоҳ бўляпмизми?

- Рухсат берилмаган бўлса, бу фақат контрабанда бўлиши мумкин. Демак, ҳеч қандай текширувдан ўтмаган бу маҳсулот, таркиби нимадан иборатлиги умуман номаълум.

Бунақа прецедент борми, демак, ҳозир ҳам бу содир бўлаётган бўлиши мумкин.

- Шундай. Хитойдан келган маҳсулотларнинг алоҳида упаковкаси бор, ҳар битта маҳсулотга устига ёпиштирилган, помидор расми билан хитойча ёзилган эмблемалари бор эди. Шу наклейкаларни ечиб, ёғоч яшикларга қайта тахланаётганини кўрдик. Бу дегани, ҳозирги кунда ҳам агар бу маҳсулот бизга кираётган бўлиши, биз эса қаердан чиққанини, таркиби қандайлигини билмай, олиб еяпмиз.

Тегишли идоралар эътиборига...

ШУНДАЙ ДАВОМ ЭТСА...

Жўн, оддий савол. Мана шу ҳолда кетса, нима бўлади?

- Катта миқдордаги иссиқхоналаримиз мана шу ҳолатга келади. Қайта тикланмайдиган иссиқхоналар бор, тиклаб бўлмайди. Бузиб, металлоломга топшириш керак.

Ҳолбуки, пул сарфланган у ерга ҳам.

- Миллионлаб пул сарфланган. Давлат пуллари сарфланган.

Нечта одам банд бу соҳада?

- Доимий ва мавсумий ишчиларимиз бор, доимий ишчилар иссиқхонада йил бўйи юради. Мавсумий ишчилар ҳосил чиқишни бошлаганидан кейин уни тозалашга, теришга...

Рақамларда айтаверинг.

- 150 минг атрофида. 90 фоизи – аёллар. Бу рақам – фақат ўша иссиқхонанинг ичидагилар. Бундан ташқари, ўғит етказувчилар, бозордаги сотувчилар, яшикларни ишлаб чиқарувчилар, плёнкани ёпадиган усталар бор. Буларни ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақам камида икки-уч бараварга ошади.

Энди сизга яна битта савол: ҳолат шу ҳолгача келгунча нега бонг урилмади, нега жамият билмайди бу вазият ҳақида?

- Жамият эшитмаётгани сабабларидан бири –  нотўғри маълумот берилаётгани. Мисол учун, қиш пайтида газ ўчирилган пайтлари бўлди. Газ ўчирилганда биз мурожаат қилдик, “маҳсулотимиз ўляпти", деганимизда, "сизларга бергандан кўра аҳолига берамиз" деган важлар келтирилди. Албатта, бу аҳолининг кўнглидаги гап. Аммо...

Ўзи газимизнинг қанчасини ишлатади иссиқхоналар?

- Ўша – фақат газда ишлайдиган иссиқхоналарнинг ҳаммаси газ билан тўлиқ таъминланса, 2022 йил маълумотига кўра, 0,8% дан 1% гача бўлган миқдорни ишлатади. Бизга берса, аҳоли газсиз қоладиган даражадаги рақамлар эмас.

Шартли равишда, мана шу иссиқхонани олдик, рамз сифатида. Унинг эгасини ҳам олдик, рамз сифатида. Бунинг эгаси хонавайрон бўлди десак ҳам бўладими?

- Албатта. Менимча, бу одам иссиқхонасини қайта тиклаш учун на молиявий, на маънан имконияти қолмаган. Хоҳламайди ҳам бу соҳага қайтишни, бу соҳага умуман энди яқинлашмайди.

Кўнгли безиб кетган...

- Жуда ҳам кўп иссиқхоначиларимиз бу соҳадан тўйган. Бўлаётган муаммолар, бўлаётган камчиликлар йилдан йилга тўпланиши ҳисобига жуда кўп иссиқхоначилар соҳага киргани учун афсус ҳам қилган. Жуда кўплари соҳадан чиқиб кетишга тайёр, лекин мажбурият олган, қарз олган, тўлаши керак.

Биз ҳозир Тошкентдан келяпмиз. Умид қилган эдикки, ҳеч бўлмаса бир 30 та, 40 та иссиқхоначиларни учратамиз бу ерда. Айтилган эдики, улар бир жойга йиғилади-да, биз билан учрашади. Келишмади. Эшитишимиз бўйича, қўрқув бор, катта қўрқув. Генезиси нима у қўрқувнинг? Қаердан келиб чиқяпти у қўрқув?

- Кўп ҳудудларимизда, биласиз, муаммони ҳал қилишдан кўра, уни ёпишга ҳаракат қилишади. Муаммолар оммага чиқмаслигини исташади. Шунинг учун баъзи ҳолатларда ҳақиқатан ҳокимият тарафидан, бошқа бир ташкилотлар тарафидан баъзи иссиқхоначиларга босимлар ҳам бўляпти, "Нега буни муаммо сифатида кўтардинг?" деб. Ваҳоланки, у масалани ечиш ўша ҳудуддаги ҳокимият ёки бошқа ташкилотлар қўлида эмас.

Бу ҳолда, агар ёндашув шунақа бўладиган бўлса, мен шахсан хулосага келяпманки, инқироз аниқ.

- Инқироз бошланди. Кимдадир агар “бу нимага олиб келади” деган савол туғиладиган бўлса, шу кунларда ижтимоий тармоқларда жуда ҳам кўп тилга олинаётган гўшт масаласи – шу инқироз бизни ҳам кутяпти.

Соҳани оладиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги охирги пайтдаги экологик ўзгаришлар, сув танқислиги, чўллашиш каби жуда ҳам кўп муаммоларнинг ечими – иссиқхона.

Барча манбаларни иқтисод қилиш-да бу.

- Ҳа. Иссиқхонанинг мақсади – ўсимликка керакли бўлган иқлимни яратиш, ўғитни ҳам, сувни ҳам “адресли” бериш. Масалан, иссиқхоначига ҳеч қачон "томчилатиб суғоришга ўт" дейиш шарт эмас. Чунки сарфланаётган ўғитларни иқтисод қилиш мақсадида ҳам ўзи биринчи ўринда томчилатиб суғоришга ўтади. Бир. Иккинчидан, биз қиш пайтида маҳсулот етиштирамиз. Қиш мавсумида суғоришга кетадиган сувлар кам ишлатилади. Деярли ишлатилмайди. Ундан ташқари, ишчилар. Биз ишлатаётган ишчилар айнан қиш пайтида ишлайди. Қиш мавсумида, биласиз, қишлоқ жойларидаги деҳқонларнинг ёки ишчиларнинг бўш пайти. Ўша пайтда биз иш билан таъминлаймиз. Қиш мавсумида биз озиқ-овқат етиштирамиз. Кимдир "қишда помидор емасин, ёзда есин" дейди. Бу ҳозирги кунда тўғриси, жуда ҳам бир мантиқсизлик.

Тўғри, бизнинг нархимизга нисбатан қўшни мамлакатлар арзон маҳсулот олиб келаётган бўлиши мумкин. Лекин эртага ишлаб чиқаришни тўхтатадиган бўлса, худди мана гўштга ўхшаб, бизга хоҳлаган нархда олиб киришади, чунки бизда ишлаб чиқариш йўқ. Биз эртага ҳеч қанақа қаршилик кўрсата олмаймиз. Соҳани қайта тиклашга вақт керак бўлади. Бу жуда ҳам катта муддат. Шунинг учун бу соҳа, хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, бутун дунёда ривожланаётган, бутун дунё интилаётган соҳа ва биз уни тиклашимиз керак.

Бухородан Қашқадарёга, Муборак туманига йўл олдик. Бу ерда газни қайта ишлаш заводи бор экан. Газни қайта ишлаш жараёнида компрессор ва газ турбиналари исиб кетади. Улар сув билан совитилади. Натижада иссиқ сув ҳосил бўлади. Одатда бу сувни тўкиб юбориб, совуқ сувга алмаштириш керак. Яъни иссиқ сув бу ерда ортиқча юк. Деҳқонлар бир пайтлар Муборакдаги иссиқ сув манбайи ҳақида билиб, заводнинг атрофига келиб иссиқхоналар қуришган, арзон иссиқликдан фойдаланиш учун.

Заводга ҳам фойда: чиқит сувини пуллайди, деҳқонларга ҳам фойда, мамлакатга ҳам: маҳсулот етиштирилади ахир бу ерда. Натижада 84 гектар майдонда иссиқхоналар пайдо бўлди. Помидорлар экспортга ҳам кета бошлади. Аммо яқинда вазият ўзгарди. Заводдан чиқадиган сувнинг ҳарорати тушиб кетди ва мунтазам берилмай қолди. Иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш ўта қийинлашди. Деҳқонларнинг қарзлари эса ошиб боряпти. Иссиқхоначилар бирма-бир таназзулга учрай бошлади. 84 гектар иссиқхоналар йўқ бўлиб кетиши мумкин.

Тоштемир Эшқулов, иссиқхоначи

- Қарздорлик, қарздорлик дейди-да, ўша қарздорлик қаердан келаётганини ҳеч ким суриштирмайди. Сув температурасининг камлиги бизнинг қилган харажатимиз ошиб кетишига сабаб бўляпти. Керакли температурани етказиб бериш бўйича шартномага қўл қўйган.

Неча градус ўша шартномада?

- 80 градусгача.

Экстремал шароитлар экан-а, бу ерда?

- Ҳа. Оддий нормал иссиқхоналарда плёнка 4-5 йилда алмаштирилади. Бу ерда ҳаводаги олтингугурт миқдорининг кўплиги ҳисобига ҳар йили алмаштирилади. Бу ерлар иссиқхона бўлишидан олдин чўл бўлган. Деҳқонлар ўзлари келиб, ўзлари қуриб, ўзлари очиб, ўзлари шу меҳнатни қилиб, шу кунгача етиб келишган.

Булар давлатдан газ олмайдими?

- Олмайди. Булар кредит ҳам олмаган аксар. Ўзларининг ҳисобидан келиб иссиқхоналар қурган. Мингдан ошиқроқ ишчи тўғридан тўғри мана шу иссиқхоналарда ишлайди. 2024 йилгача жиддий муаммоларга учрамаган. Камчиликларни енгиб-енгиб, деҳқонларимиз шу пайтгача келган. Лекин 2024-25 йилга келгандан кейин иссиқ сув билан таъминлаш муаммоси юзага келяпти. Узлуксиз берилган иссиқ сув бу йилга келиб иссиқ сувдан узилишлар кўпайди. Юридик объектларда алоҳида ҳисоблагичлар қўйилиши, ўша ҳисоблагичга қараб тўлов қилиниши керак. Бу ерда ҳисоб-китоб иссиқлик электр станциясидан чиққан ҳисоблагич орқали бўлинади қолганларга. Айнан бу бўлиниш нимага қараб бўлинган? Масалан, ҳудудига, гектарига қарабми ё иссиқхонасига қарабми? Саволларга жавоб ололмадик. Иккинчиси, йил бошида булар билан шартнома тузилган. Ҳар бир иссиқхона билан алоҳида-алоҳида шартнома тузилган. Ва шартномаларни ўрганиб чиққанимизда, ҳамма шартномаларнинг устки қисмида битта ҳисоблагич рақами ёзилган. Рўйхатда битта ҳисоблагич рақами, ана шу иссиқлик электр станциясидан чиқувчи ҳисоблагич рўйхатга олинган. Қарздорлик қаердан келиб чиққанини иссиқлик электр станцияси ҳисоб-китоб қилиб бера олмади. Ўз вақтида бир гектардан 70-80 тоннагача ҳосил олинган. Бу йилга келиб бу рақам 35 тоннага ҳам чиқмади. Кейинги йилга бу деҳқонлар бу ерга экин эка олмайди.

Биз Бухорода кузатган вазият бу ерда ҳам юзага келар экан-да?

- Хонавайрон бўлишади. Бу ердаги ҳамма иссиқхоналар ёпилади. Мавжуд бўлган йўналиш, мавжуд бўлган жойни сақлаб қолиш мақсадимиз.

Одамларнинг ўзининг ҳаракати билан юзага келган бир ресурс-да бу энди, шунақами? 84 гектар иссиқхона! Қайси идора масъул шуни сақлаб қолишга?

- Жуда ўринли савол бердингиз. Уюшмамизнинг очилишига сабаб бўлган муаммолардан биттаси шу – шу савол. Биз ҳануз унга жавоб топа олганимиз йўқ.

Яъни маълум эмас...

- Йўқ, маълум эмас. Жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилдик, баъзи ташкилотлар қўлдан келганча ёрдам берди, баъзи ташкилотлар умуман қулоқ солмади, лекин айнан мен масъулман, мен сенинг шу ишингни ҳал қилиб бераман деган бир ташкилот ҳозиргача аниқлангани йўқ.

Бухорони мана кўрдик, қанча-қанча давлатнинг ресурслари воситасида юзага келган иссиқхоналар. Бу ерда эса ўз-ўзидан вужудга келяпти.

- Булар меҳнат билан бўлган. Чиқаётган иссиқ сув ҳам – иккиламчи иссиқ сув. Буларга бериладиган иссиқ сув учун алоҳида бир сарф-харажат қилиб, газ ёқиб ёки бирор бир бошқа энергетик ресурс ёқилмаяпти. Технологик чиқинди бу.

Қурбон Қўлдошов, иссиқхоначи

- 2018 йилда, президентимиз бу ерга келганда бу ташкилот ваъда берганди, “иссиқликни етказиб берамиз, яна 500 гектар қиламиз иссиқхоналарни” деб. Йил сайин иссиқлик паст бўлиб кетаверди.

Бегали Тошмуродов, иссиқхоначи

- Бу ердан экспорт қилинган моллар, 2017, 18, 20 йилгача. 2020 дан кейин бу ердан чет элга чиқарадиган маҳсулот чиқмади. Иссиқлик бўлмагани ҳисобига маҳсулот бузилиб, ҳамма бу ерни ташлаб кетмоқчи.

Қанча сарфлагансиз?

- Икки миллиарддан ошиқ. Целофанларнинг аҳволини кўриб турибсизлар. Бир йилга етади. 400 км нариёғдан келиб, мана шу ерда тирикчилик қиламиз. Кичкина-кичкина, ўзи арзимаган кулбалар қилинган. Ишчилар учун. Аёл, қизлар ишлайди-ку бу ерда. Уларнинг ҳам ечиниши бор, кийиниши бор, кийим алмаштириши бор. Кейин бу узоқдан келганлар барибир бир жойга сояга бошини тиқиш керак-ку. “Ноқонуний қургансан” деб 120 миллион, 110 миллион кадастр солиқ қўйиб ташлаган.

Бу ердагилар ҳаммаси “етиб келган”. Харажат қиладиган пул ҳам, ҳафсала ҳам қолмади бизларда. Ишчилардан ҳам қарз бўлдик.

Муборакдан Бухорога қайтдик. Кейин Тошкентга йўл олдик. Тошкентга келиб, Чинозга бордик. Бу ерда катта ҳудудда иссиқхона комплекси қурилган, деҳқонларга бўлиб бериш учун. Аммо иссиқхоналар мана бунақа ташландиқ ҳолатда. Биз бу ерда бир деҳқон билан танишдик. Унинг айтишича, унга бу иссиқхона 2 миллиард сўм кредит эвазига берилган. Аввалига барча шароит яратилиши ваъда қилинган, аммо ҳатто сув ўтказиб берилмаган. Сув манбаси эса узоқ эмас, шундоқ ёнгинада дарё оқади. Деҳқон иссиқхонасини ишлата олмаяпти, кредитни эса тўлаши керак бўлади. У барча умидларини шу иссиқхона билан боғлаб, ҳатто ўз уйидан ажраган экан. Энди мана шундай шароитда оиласи билан яшаяпти. Иссиқхонани юритиш учун шароит яратиб беришса, эплаб кетишини айтди у бизга.

Тушунтириб беринг, нега иссиқхоналар бу аҳволга келиб қолган?

- Ҳозир турган жойимизда 31 гектар иссиқхона мавжуд. 1 гектар-50 сотихдан қилиб деҳқонларга берилган. Деҳқонга тўлиқ ишга туширилган ҳолатда, иситиш тизими, суғориш тизими, устидаги плёнкалар билан берилиши керак бўлган. Қурилгандан кейин қаттиқ қор ёғган уч йил олдин. Ўшанда қор босиб қолгандан, кейин қайтадан тикланган. Ўшандан кейин ҳар бир деҳқонга 50 сотихдан берилган. Лекин ўша даврдан бери банк ўзига олган жавобгарликни, иситиш тизими билан, суғориш тизими билан, устини ёпиб беришни бажармаган, оддий плёнка билан ҳам ёпиб бермаган. Кўриб турганингиздек, 90% жойлар бўш турибди. Деҳқонлар бунақа шарт билан келмагани учун буни қила олмаяпти. Бунга қўшимча харажат керак. Оддий сув чиқаришда муаммо бўляпти. Ваҳоланки, 50 метрдан кейин Сирдарё оқиб ўтади.

Сирдарёга қараб йўл олдик. Шундоқ йўл устида катта территорияда иссиқхона қурилган. Бу ҳам деҳқонларга бўлиб берилиши кўзда тутилган. Аммо бу ер саҳро ўртасида ташлаб кетилган шаҳарга ўхшаб ётибди.

Қанақа жой бу?

- Сирдарёдан Бўкага кетадиган йўл устида. “Аҳоли иссиқхоналар кооперацияси”. Жуда ҳам катта бир миқдорда иссиқхоналар жойлашган. Кўриб турибсиз аҳволини, бирортаси ишламайди. Ҳеч нарса экилмаган. Нима сабабдан бунақа ҳолатга келиб қолди ва бунинг келажаги нима, тўғриси, бу саволларга менда жавоб йўқ. Лекин мен айтишим мумкин бўлган фақат иккита нарса бор: бу ерга ҳам катта давлат пуллари сарфланган ва тайёр яратилган иш ўринлари нобуд бўляпти. Қурилган пайтидаги нархини ҳозир йўқ деганда ярмини менимча, йўқотган.

Биз йўлимизда фақат абгор иссиқхоналарни эмас, обод иссиқхоналарни ҳам кўрдик. Аммо ўша – банкрот бўлмай иссиқхонасини ҳозирча эплаб турган тадбиркорлар ҳам зўрға турганини, соҳага кирганидан пушаймон эканини, қиммат кредитлар олиб энди боридан айрилаётганини, давлат ташкилотлари уларни тўйдириб юборганини айтишди. Бир овоздан. Улар айтиб берган абсурд ҳолатлардан эсинг оғади. 

Умид қиламанки жамият ўлароқ иссиқхоналар қай даражада бизга керак деган саволга ўзимиз учун жавоб берамиз. Ҳозир-ку импорт сотволиб яшаб юраверсак бўлади, фақат эрта бир кун... қийин бўлади.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид