Жаҳон | 12:23
1426
2 дақиқада ўқилади

Ливия қирғоқлари яқинида Vilamoura танкери бортида портлаш содир бўлди

Апрел ойидан бери Vilamoura танкери Россия нефт терминалларига икки марта кирган. Портлаш вақтида у бир миллион баррел нефтни олиб кетаётган эди, деб ёзади Bloomberg.

Фото: Michael van der Meer/Marine Traffic

30 июн, душанба куни Bloomberg хабарига кўра, Ливия қирғоқлари яқинида бир миллион баррел нефт олиб кетаётган Vilamoura танкери бортида портлаш юз берди. Кема Грециянинг TMS Tankers компаниясига тегишли. Унинг вакили сўзларига кўра, портлаш натижасида кемада ёриқ пайдо бўлган ва танкернинг машина бўлинмаси сув остида қолган. Нефт сизиб чиқмаган, экипаж жабрланмаган. Портлашнинг аниқ сабаблари ҳали аниқланмаган, кема зарарни баҳолаш учун Грецияга олиб кетилмоқда, дея таъкидлади TMS Tankers.

Кузатув хизматлари маълумотларига кўра, бир кун аввал Vilamoura танкери Қозоғистон нефтини юклаш учун икки марта Россия нефт терминалларига кирган. Апрел ойида — Ленинград вилоятидаги Уст-Луга портига, май ойида — Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциумининг терминалига. Кема бортида портлаш Ливиянинг Зейтина портидан Гибралтар томон рейс пайтида содир бўлган.

Денгиздаги хавфларни баҳоловчи Vanguard Tech компанияси таҳлилига кўра, 2025 йил бошидан бери Россия портларига аввалроқ кирган кемалар билан камида тўртта шунга ўхшаш ҳодиса қайд этилган. Шундан сўнг кема эгалари ғаввослар ва сувости транспорт воситалари ёрдамида кемалари корпусида портловчи мосламалар бор-йўқлигини текширишни бошлади, деб ёзади Bloomberg.

Бундай ҳодисалар қаторида: феврал ойида Ливия қирғоқлари яқинида Grace Ferrum танкерида, Италиянинг Савона шаҳрида Seajewel кемасида ва январ ойида Туркиянинг Жайҳан порти яқинида Seacharm танкеридаги портлашлар бор. Seajewel ва Seacharm кемаларини Грециянинг Thenamaris компанияси, Grace Ferrum'ни эса Кипрнинг Cymare компанияси бошқарган. 9 феврал куни Уст-Лугада 130 минг тонна мазут ортилган Koala танкери машина бўлинмасидаги портлашлар туфайли қирғоқда қолиб кетган эди. Кема Greenpeace экологик ташкилоти томонидан тузилган Россиянинг «соядаги флоти» рўйхатига киритилган.

Мавзуга оид