Озарбойжонда «россияликларнинг иккита уюшган жиноий гуруҳи» аъзолари қўлга олинди
Улар Эрондан контрабанда маҳсулотлари ҳамда гиёҳванд моддалар олиб кириш, шунингдек, кибержиноятлар билан шуғуллангани айтилмоқда. Озарбойжон ИИВ эълон қилган кадрларда қўлга олинганлардан айримларининг юзида калтаклаш ва қон изларини кўриш мумкин.

Фото: Trend.az
Озарбойжонда бир гуруҳ Россия фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлигига таяниб, Report.az хабар берди. ИИВ версиясига кўра, ушбу шахслар иккита уюшган жиноий гуруҳ таркибида бўлган ва улар Эрондан контрабанда маҳсулотлари ҳамда гиёҳванд моддалар олиб кириш, шунингдек, кибержиноятлар билан шуғулланган. Эълон қилинган кадрларда камида 10 киши кўринган, уларнинг барчаси ёш йигитлар. Қўлга олинганлардан айримларининг юзида калтаклаш ва қон излари қолган.
«Важние истории» қўлга олинган икки кишининг шахсига аниқлик киритди. Улардан бири 41 ёшли Антон Драчев — Олий иқтисодиёт мактаби ва Дрезден университети битирувчиси. Олдин хеж-фонд молиячиси бўлган, 2017 йилда у Airo номли IT-стартапга асос солган — платформа маиший хизматларни автоматлаштиришга мўлжалланган. Унинг лойиҳаси ҳозирда Москва ва Питерда 40 мингдан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади, 2024 йилда даромади ярим миллиард рублдан ошган. Шахси аниқланган иккинчи фуқаро 30 ёшли Дмитрий Безуглий — дастурчи, олдин ВК ва «Яндекс»да ишлаган. 2022 йилда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Россияни тарк этган.
Ушбу воқеалар Россия куч тузилмаларининг Екатеринбургдаги хатти-ҳаракатларидан кейин Москва ва Боку ўртасида юзага келган кескинлик фонида содир бўлмоқда. Июн охирида у ерда Озарбойжоннинг 50 дан ортиқ фуқароси узоқ йиллар олдин содир этилган жиноят ишлари бўйича қўлга олинди. Рейд давомида икки киши – ака-ука Зиёддин ва Ҳусайн Сафаров ҳалок бўлди. Озарбойжон Бош прокуратураси Сафаровларнинг ўлими юзасидан «қасддан одам ўлдириш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. Идора оқеада бевосита Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини айблади.
Озарбойжонлик суд-тиббиёт экспертлари хулосасига кўра, ака-ука Сафаровда бурун синиши, кўкрак қафаси шикастланиши, буйрак ва жинсий органларда гематомалар, қовурғалар синиши каби кўплаб жароҳатлар аниқланган.
Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги Россия куч тузилмаларининг ҳаракатини «қабул қилиб бўлмайдиган зўравонлик» деб атади. Боку Россия билан бирга ўтказилиши режалаштирилган барча маданий тадбирларни бекор қилди, РФ бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукни қабул қилишдан бош тортди. Бундан ташқари, 30 июн куни «Sputnik Озарбойжон» ахборот агентлигининг Бокудаги офисида тинтувлар ўтказилган. Операция давомида етти киши, жумладан, агентлик ижрочи директори ва шеф-муҳаррир қўлга олинди. Озарбойжон расмийларининг версиясига кўра, уларнинг иккиси ҳам Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ҳисобланади.
1 июл куни Россия ва Озарбойжон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида норозилик ноталари алмашинуви бўлиб ўтди. Иккала томон ҳам бир-бирини ҳуқуқ-тартибот органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларида айблади.
Мавзуга оид

22:58 / 01.07.2025
Россия Бокудаги кайфият МДҲнинг бошқа давлатларига ҳам юқишидан хавотирда — сиёсатшунос

21:46 / 01.07.2025
Эрон «Астрахан порти» устидан назоратни қўлга киритиши мумкин

21:40 / 01.07.2025
Москва ва Боку ўртасида низо давом этмоқда

19:55 / 01.07.2025