Путин ва Макрон 3 йил ичида биринчи марта телефонда гаплашди
Ўзаро суҳбат 2 соатдан ортиқ давом этди. Томонлар Украина ва Эрон ядро дастурини муҳокама қилди.

Фото: Zuma/ТАСС
Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэл Макрон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремл сайти хабар берди.
Москва Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро, шунингдек, Россия—Украина уруши муҳокама қилинган суҳбат «сермазмун» ўтганини таъкидлади.
«Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш чоғида Владимир Путин Украинадаги можаро — бу Россиянинг хавфсизлик манфаатларини инкор этиб келган, Украина ҳудудида антироссия плацдармини яратган, рус тилида сўзлашувчи аҳоли ҳуқуқларининг бузилишига кўз юмган ва эндиликда эса можарони чўзишга ҳаракат қилиб, Киев режимига турли замонавий қурол-яроғлар етказиб беришни давом эттираётган Ғарб давлатлари сиёсатининг бевосита натижаси эканини эслатди», — дейилади хабрада.
Макрон матбуот хизмати телефон орқали мулоқот бўлиб ўтганини тасдиқлаб, у 2 соатдан ортиқ давом этгани ва унда Украина ҳамда Эрон ядро дастури муҳокама қилинганини билдирди. Қайд этилишича, Франция президенти Украинада зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлашга чақирган.
Путин ва Макрон охирги марта 2022 йил сентябрда телефон орқали мулоқот қилган. Уларнинг тўғридан-тўғри алоқалари Россия-Украина уруши бошланганидан кейин бир неча ой давом этганди.
Макрон 2025 йил феврал ойидаёқ, «музокаралар жараёнининг қайси босқичида бу маъқул бўлса», Путин билан суҳбатлашишга тайёр эканини айтган эди.
Мавзуга оид

19:27 / 01.07.2025
Украина дронлари Ижевскка ҳужум қилди. Қурбонлар бор

16:04 / 01.07.2025
Ким Чен Ин Украинада ҳалок бўлган КХДР аскарлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди

13:54 / 01.07.2025
ХВЖ Украина учун ярим миллиард долларлик траншни маъқуллади

13:35 / 01.07.2025