Сурияга қарши санкцияларни бекор қилган Трамп, кескинлашган Россия-Озарбойжон муносабатлари ва янги қурол яратган Хитой – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Сурияга қарши санкцияларни бекор қилди
30 июнь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга нисбатан 2004 йилдан буён амал қилиб келган асосий санкцияларни бекор қилиш ҳақида фармон имзолади. Трамп фармонида асосий эътибор Суриянинг янги президенти Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ҳукуматнинг «муҳим ва ижобий ўзгаришларга» қўл урганига қаратилди.
Фармон билан қуйидаги санкциялар бекор қилинди:
- Сурия давлат мулкларини блоклаш;
- Инсон ҳуқуқлари бузилганлиги учун шахсий санкциялар;
- Caesar Act – 2019 йилдан бошлаб суриялик амалдорлар ва уларнинг иқтисодий шерикларига нисбатан жазо чоралари;
- Бундан ташқари, АҚШ Савдо вазирлиги Сурия учун экспорт назоратларини юмшатади ҳамда кимёвий қуроллар бўйича аввалги санкцияларни 20 кун ичида бекор қилишга рухсат берилади.
Трамп фармонида Башар Асад давридаги жиноятлар унутилмаган. Хусусан, Асад ва унинг собиқ амалдорларига шахсий санкциялар кенгайтирилди. Хусусан, эндиликда Сурия халқи эмас, Асад режимининг собиқ амалдорлари ва уларнинг молиявий шериклари, АҚШ фуқароларининг ғойиб бўлишига алоқадор шахслар санкцияга тушди.
Санкцияларнинг ечилиши — Сурия иқтисодиёти учун нафас олиш имконияти бўлиши кутилмоқда. Янги раҳбариятга АҚШ томонидан берилган бу «сиёсий ишонч калити» — Сурия учун халқаро майдонга қайтиш имкониятини беради. Бундан ташқари, АҚШ билан алоқаларни яхшилаш, бу Москва ва Теҳроннинг Дамашқ устидаги мутлақ назоратини чеклаши мумкин.
Озарбойжон ва Россия ўртасидаги зиддият чуқурлашмоқда
2025 йил 27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 2000 йилларда содир этилган қотилликлар ва суиқасдларга алоқадорликда гумонланган озарбойжонликларга қарши кенг кўламли рейд ўтказилди. Расмий терговга кўра, «этник жиноий гуруҳ»га аъзо деб гумон қилинган 50 га яқин шахс қўлга олинган. Улардан етти нафари ҳибсга олинган, икки асосий гумонланувчи — ака-ука Сафаровлар — қўлга олиш чоғида ҳалок бўлган.
Воқеалар шов-шувга сабаб бўлиб, судда калтакланган ва синган қовурға билан кўриниш берган шахслар гувоҳлик берди. Озарбойжон ҳукуматининг расмий баёнотида бу ҳолат «этник асосдаги зўравонлик ва суддан ташқари қотиллик» деб баҳоланди. Россия элчихонаси вакилига расмий норозилик билдирилди, маданий тадбирлар бекор қилинди, Россия пропагандасига алоқадор «Спутник Озарбойжон» офисида тинтув ўтказилиб, икки россиялик журналист қўлга олинди.
Боку бу иш ортида сиёсий сигнал борлигини айтмоқда. Айниқса, терговда гумонланувчиларнинг 15 нафари — бир оилага мансуб Сафаровлар экани инобатга олинса, масала этник-сиёсий тус олаётгани ҳақида шубҳалар ортади. Озарбойжон бу рейдни Россиянинг систематик босими сифатида кўрмоқда.
Озарбойжон ва Россия ўртасидаги зиддиятлар 2024 йил декабрида АЗАЛ авиакомпаниясига тегишли самолёт Россия ҳаво ҳудудида уриб туширилганидан сўнг кучайган. Самолёт Бокудан Грознийга учаётган эди, фавқулодда қўнишда ҳалокатга учраган. Президент Илҳом Алиев бу воқеа учун Россия ҳарбийларини айблаб, самолёт радиоэлектрон воситалар орқали бошқарувдан чиқарилганини билдирган.
Россия президенти Путин узр сўраган бўлса-да, на айбни тан олди, на товон пули ҳақида гапирди. Шундан сўнг Боку Россия фуқароларига визани қисқартирди ва февраль ойида «Рус уйи» маданий лойиҳасини ёпди. Расмий сабаб – ҳуқуқий рўйхатдан ўтмагани, амалда эса бу ташқи таъсирга қарши сиёсий қарор сифатида талқин қилинмоқда.
Эрон: Али Хоминаийга таҳдидлар ўлим билан жазоланади
Эрон билвосита АҚШ президенти Доналд Трампга ўлим билан таҳдид қилди, бироқ айни пайтда музокараларга тайёрлигини билдирди. Эронлик оятуллоҳ Носир Макарим Шерозий диний тушунтиришда Эрон олий раҳбари Али Хоминаийга таҳдидлар ўлим билан жазоланишини айтди. Трамп аввалроқ Хоминаий «осон нишон» эканини айтган эди, бироқ «биз уни ўлдирмоқчи эмасмиз, ҳозирча» деб қўшимча қилган эди.
Эроннинг энг нуфузли уламоларидан бири оятуллоҳ Макарим Шерозий бир фуқаронинг Трамп ҳақидаги саволига “Исломий бошқарувга ҳужум қилган ёки унинг диний етакчиларига таҳдид солаётган, уларга қарши ҳаракат қилган шахслар ёки режимлар жавобгарликка тортилиши” кераклигини таъкидлади. Шерозий Трампнинг исмини тўғридан тўғри айтмасдан, фақат қоидаларни тушунтириб берди.
Айни пайтда, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вашингтон кейинги ҳужумлардан тийилса, АҚШ билан ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирди. Агар АҚШ дипломатик музокараларни давом эттирмоқчи бўлса, Эронга қарши кейинги ҳужумларни истисно қилиши керак, деди Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи. Унинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти воситачилар орқали Теҳронни музокараларга қайтишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилган. Бироқ АҚШ кейинги ҳужумлар ҳақидаги «жуда муҳим масала бўйича аниқ позицияни эгалламаган».
«Уранни бойитиш даражасини, қувватни муҳокама қилиш мумкин, лекин сизнинг умуман бойитишга ҳаққингиз йўқ, агар рози бўлмасангиз, биз сизни бомбардимон қиламиз» дейиш — бу ўрмон қонунидир», — дея таъкидлади Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Белградда намойишлар: кўчалар тўсилиб, баррикадалар қурилди
Сербия пойтахти Белграддаги намойишчилар бир қанча муҳим кўчаларни тўсиб, баррикадалар ўрнатди. «Блиц» газетаси пойтахт кўчалари ва чорраҳаларида юзлаб одамлар, чодирлар лагерлари ва чиқинди қутиларидан ясалган баррикадалар кўриниб турган кадрларни чоп этмоқда. Газетанинг ёзишича, Сава дарёси устидаги Газела кўприги ҳам тўсиб қўйилган. Худди шундай акциялар Сербиянинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Полиция ва коммунал хизматлар 30 июн тонгига яқин транспорт қатновини тиклаш ва тўсиқларни бартараф этишга уриниб кўриши кутилганди. Сербия бош вазири ўринбосари ва ички ишлар вазири Ивица Дачичнинг айтишича, ҳукумат йўлларнинг тўсиб қўйилишини кузатмоқда ва тинчликка чақиряпти.
Намойишчилар президент Александр Вучични Косово бўйича «яширин муроса» қилишда, сўз эркинлигини чеклашда ва сиёсий мухолифатни бостиришда айбламоқда. Шунингдек, нарх-навонинг ошиши, коррупция ва полиция зўравонлигига қарши норозиликлар ҳам мавжуд.
Американинг Associated Press агентлиги акция иштирокчилари сонини бир неча мингга баҳолади. Акция талабаларнинг «Блокада» норозилик гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда. Ижтимоий тармоқларда унга юз минглаб одамлар обуна бўлган. У Белград харитасини эълон қилган бўлиб, унда одамлар келиб кўчаларни тўсиб қўйишга чақирилган нуқталар кўрсатилган.
Хитой блэкаут келтириб чиқарадиган қурол яратилди
Хитой 10 минг м² майдонда электр таъминоти тизимларини ўчиришга қодир қуролни ишлаб чиқди. Кўринишидан, бу электр станциялари ва электр узатиш линияларини ўчириб қўйиши мумкин бўлган янги турдаги графит бомбаси.
Янги қурилма ҳақидаги видеоролик мамлакат Марказий телевидениесида намойиш этилди. Бомба ердаги транспорт воситасидан учирилади, кейин у ҳавода портловчи 90 та цилиндрсимон ўқ-дориларни чиқаради ва юқори вольтли тармоқларда қисқа туташувларга олиб келадиган ингичка углерод ипларини қолдиради.
Қуролнинг зарба масофаси 290 километр, жанговар каллакнинг оғирлиги эса 490 килограммни ташкил қилади. Бомбанинг тўлиқ техник хусусиятлари ошкор этилмаган. Аввалроқ, Хитой технологик ўзгаришларга мослашувчанлик ва урушнинг янги усулларини намойиш қилиб, мамлакат «келажакдаги урушларда ғалаба қозона олишини» исботлашга ваъда берган эди.
АҚШда тимсоҳлар билан қўриқланадиган мигрантлар лагери қурилмоқда
Флорида штатида ноқонуний мигрантлар учун қурилаётган янги лагерь атрофини сув ҳавзаси ўраб турган бўлиб, унда тимсоҳлар сузиб юради. «Alligator Alkatras» деб аталган объект 5 минг кишига мўлжалланган ва федерал рухсат билан барпо этилмоқда. Қурилишни АҚШ Ички хавфсизлик департаменти назорат қилмоқда, Президент Трамп эса ҳали бу борада изоҳ бермаган.
Лойиҳа қиймати 450 миллион доллар бўлиб, уни штат прокурори Жеймс Утмаер илгари сурган. Расмийларнинг айтишича, бу иншоот ноқонуний муҳожирларни сақлаш ва уларни депортацияга тайёрлаш учун қурилмоқда. Мигрантлар атрофини тимсоҳлар қўриқлаши уларнинг қочиб кетишининг олдини олишга қаратилган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва экологлар бу лагерни ноинсоний ва хавфли деб баҳолаб, қурилишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Оқ уй расмий саҳифасида тимсоҳлар тасвирланган AI расмни «Тез кунда» сарлавҳаси билан эълон қилгани жамоатчилик танқидига сабаб бўлди. Кўплаб фуқаролар солиқ пулларининг бундай «шоу»ларга сарфланаётганидан норозилик билдириб, ҳукуматни масъулиятсизликда айбламоқда.
Мавзуга оид

14:12 / 30.06.2025
Ғазода сулҳ “шаббодаси”, F-16’сидан айрилган Украина, TikTok’ка харидорлар топган Трамп ва Россия билан “совуқлашаётган” Озарбойжон – кун дайжести

14:23 / 28.06.2025
Эронга имтиёзлар тайёрлаётган АҚШ, Эрдўғаннинг орзуси ва 12 кунлик урушнинг «нархи» – кун дайжести

14:13 / 27.06.2025
Эронликларни ғалаба билан табриклаган Хоминаий, АҚШ зарбасини шубҳага қўйган разведка ва сулҳга ишонмаётган Хитой – кун дайжести

14:00 / 26.06.2025