Иссиқдан қандай сақланиш керак? – ЖССТ тавсиялари
Ўзбекистонда яқин кунларда ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқори бўлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қуёшда юришдан сақланишни маслаҳат бермоқда. ЖССТ, шунингдек, болаларни машинада қолдирмаслик лозимлигини таъкидлаб, кондиционердан қандай тўғри фойдаланиш кераклигини ҳам тушунтирди.

Фото: Kun.uz
Ўзгидромет 2–5 июл кунлари Ўзбекистонга жазирама иссиқ кириб келиши ҳақида огоҳлантирди. Мамлакат ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат +40…+43 даражагача, баъзи жойларда +44…+46 даражагача кўтарилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси жазирама жуда тез хасталаши ёки ҳатто ўлимга олиб келиши мумкинлигини эслатди, шунинг учун иссиқлик ҳақидаги ҳар қандай огоҳлантириш тезкор чоралар кўриш учун сигнал бўлиши керак.
ЖССТ ўзини ва яқинларини қизиб кетиш ва термик куйишдан қандай ҳимоя қилиш бўйича тавсияларни эълон қилди.
Иссиқда қолмасликка ҳаракат қилиш
- Қуёш энг қизиган пайтда ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилинг. Бу вақтда жисмоний фаолликни чекланг.
- Сояда бўлинг. Қуёшда бўлганингизда, атроф-муҳит ҳарорати 10−15 даражага юқорироқ туйилиши мумкин.
- Агар иложи бўлса, куннинг камида икки-уч соатини салқин хонада ўтказинг.
- Чўкиш хавфини унутманг. Ҳеч қачон сувда ёлғиз сузманг.
- Расмий об-ҳаво огоҳлантиришларини диққат билан кузатинг.
Уйни салқин сақлаш
- Кечқурун ва эрта тонгда ҳаво салқин бўлганида деразаларни очинг.
- Кундузи ташқарида ҳарорат хонага қараганда юқори бўлганда деразаларни, пардаларни ёпиб, қуёш нурларининг киришини чекланг.
- Электр жиҳозларини имкон қадар ўчиринг.
- Электр вентиляторлардан фақат 40 даражадан паст ҳароратда фойдаланинг. 40 даражадан юқори ҳароратда вентилятор танани янада қиздиради.
- Агар кондиционер билан биргаликда электр вентилятор ишлата олсангиз, ҳароратни 27 даражага ўрнатинг ва электр вентиляторни ёқинг — хонадаги ҳарорат 4 даражага пастроқ ҳис қилинади. Шу йўл билан хонани совитиш учун сарфланадиган электр энергиясини 70 фоизгача тежаш мумкин.
- Эсда тутинг, ташқаридаги соя остида бўлиш ичкари хонага қараганда салқинроқ бўлиши мумкин.
Тана қизиб кетиши ва сувсизланишдан сақланиш
- Енгил, кенг ва ҳаво ўтказувчи кийимлар кийинг, «нафас олувчи» чойшаблардан фойдаланинг.
- Вақти-вақти билан совуқ душ қабул қилинг ёки ваннага тушиб туринг.
- Терини нам мато ёки спрей ёрдамида намланг ёки намланган енгил кийим кийинг.
- Ҳар соатда камида бир стакан сув ичинг, кунига камида 2−3 литр.
- 65 ёшдан ошган кексалар, юрак, ўпка, буйрак касалликлари ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, ёлғиз таниш ва яқинларингиз аҳволидан тез-тез хабар олиб туринг.
Чақалоқлар ва болаларни ҳимоя қилиш
- Қанча вақтга кетганингиздан қатъи назар, болалар ёки ҳайвонларни тўхтаб турган автомобилларда қолдирманг — ички ҳарорат хавфли даражага етиши мумкин.
- Болалар имкон қадар сояда ёки салқин жойда бўлиши керак.
- Болалар аравачасини қуруқ мато билан ёпманг — бу ҳавонинг айланишига тўсқинлик қилади ва иссиқликни ушлаб қолади. Бунинг ўрнига, ҳўл юпқа мато ишлатинг ёки портатив вентилятор қўлланг.
- Болага енгил, кенг кийим кийдиринг, боши соябонли пана билан ёпилсин. Қуёшдан ҳимояловчи крем ва кўзойнак ҳам фойдали.