Ўзбекистон осмонида қаторлашиб учаётган жисмлар кўринди. «Ўзбеккосмос» ҳолатни тушунтириб берди
Kun.uzʼга обуначилар 3 июлга ўтар кечаси Ангрен ҳудудидан олинган видеотасвирларни юборди. Видеода Ўзбекистон осмонида ракетага ўхшаб қаторлашиб учаётган жисмларни кўриш мумкин. «Ўзбеккосмос» агентлиги «замонавий космик даврга оид гўзал, аммо илмий жиҳатдан тушунарли» ҳодиса ҳақида маълумот берди.
Кеча, 2 июлдан 3 июлга ўтар кечаси Ўзбекистон осмонида ғайриоддий ҳодиса кузатилди. Хусусан, Kun.uz'га обуначилар томонидан юборилган видео тахминан 02:30 ларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрининг тоғга яқин ҳудудида олинган. Видеотасвирларда осмонда қаторлашиб учаётган жисмларни кўриш мумкин. Кузатувчилар уни ракетага ўхшатган.
«Ўзбеккосмос» агентлиги расмийси Аҳрор Агзамов Kun.uzʼга ушбу ҳолатни тушунтириб берди.
«Видеода осмонда бир чизиқда ҳаракатланаётган 25 га яқин ёрқин нуқталар занжири акс этган. Жуда катта эҳтимол билан бу нуқталар — SpaceX компаниясининг Starlink алоқа сунъий йўлдошлари. 2 июл куни АҚШ шарқий вақти билан 02:28 да SpaceX Флоридадаги космодромдан ана шундай 27 та сунъий йўлдошни учирган.
Учирилганидан сўнг дастлабки бир неча кун давомида сунъий йўлдошлар бир-бирига жуда яқин, тахминан 500 км баландликдаги паст орбитада ҳаракатланади. Шу сабабли улар ер юзидан бир ҳил чизиқ бўйлаб ҳаракатланаётган нур занжири каби кўринади. Кейинчалик улар ишчи орбитасига тарқалиб кетади ва анча камроқ кўзга ташланади», дейди Ўзбеккосмос мутахассиси.

Аҳрор Агзамовнинг айтишича, қуёш ботганидан сўнг, аммо осмон ҳали бутунлай қоронғи бўлмаган вақт – сунъий йўлдошларни кузатиш учун энг мақбул давр ҳисобланади. Ерда аллақачон қоронғи, лекин баланд орбитадаги сунъий йўлдошлар ҳали ҳам қуёш нури билан ёритилаётган бўлади ва уларнинг ялтираши ерга қайтади.
Айтиб ўтиш керакки, обуначилар юборган видео тонгга яқин олинган. Бу ҳам худди мутахассис таъкидлаган вақтга ўхшайди – осмон ёришмоқда, ер эса ҳали қоронғи.
«Сунъий йўлдошлар соатига тахминан 27 000 км тезликда ҳаракатланади ва Ер атрофида тўлиқ айланишни тахминан 90 дақиқада амалга оширади. Видеодаги ҳаракат тезлиги паст орбитадаги объектлар учун одатий кўринишдир.
Шулардан хулоса қилиб, жуда катта эҳтимол билан Ўзбекистон осмонида кўрилган ҳодиса – айнан 2 июл куни учирилган Starlink сунъий йўлдошлари бўлган. Бу замонавий космик даврга оид гўзал, аммо илмий жиҳатдан тушунарли ҳодисадир», дейди «Ўзбеккосмос» агентлигининг янги технологияларни жорий этиш бўлими бошлиғи Аҳрор Агзамов.
Мавзуга оид

19:19 / 25.06.2025
Crew Dragon космик кемаси тижорат экипажи билан ХКСга учиб кетди

11:33 / 09.06.2025
Ўзбекистонда далаларда сомон ёниши сунъий йўлдош орқали кузатилмоқда

09:43 / 28.05.2025
SpaceX'нинг Starship кемаси тўққизинчи синов парвози муваффақиятсиз тугади

22:35 / 25.05.2025