Жаҳон | 08:32
2335
2 дақиқада ўқилади

Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташиш нархи кескин тушиб кетди

23 июндан 29 июнга қадар бир ҳафта ичида Ҳўрмуз бўғози орқали 885 та кема ўтди.

Фото: AP

Ўтган ҳафта Эрон ва Исроил ўртасида ўт очиш тўхтатилганидан сўнг, Ҳўрмуз бўғози орқали тижорий юк ташиш ошиб борди ва хом нефт ҳамда қайта ишланган маҳсулотларни ташиш нархи кескин пасайди.

Исроилнинг Эронга ҳужуми билан бошланган 12 кунлик тўқнашувда глобал савдо учун стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғози диққат марказида бўлди. Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиши, бўғоз орқали нефт ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) савдосини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар нархлар ва юк ташиш нархининг ошишига олиб келди.

Икки давлат ўртасидаги 12 кунлик қарама-қаршилик давомида Ҳўрмуз бўғозида тижорий юк ташиш ҳажми сезиларли даражада қисқаргани йўқ, бироқ 24 июн куни эълон қилинган оташкесимдан сўнг бўғоз орқали транзит билан боғлиқ хавотирлар пасайди.

Британия денгиз савдо ташкилоти (UKMTO) 23-29 июндаги бир ҳафта учун Яқин Шарқ бўйича берган баҳосида минтақадаги таҳдид даражасини «сезиларли» деб таърифлади, бироқ Ҳўрмуз бўғозидаги тижорий юк ташиш ҳаракати нормал ҳолатга келгани ва юк ташиш учун ҳеч қандай хавф йўқлигини билдирди. Ташкилот сулҳнинг мустаҳкамланиши Форс кўрфазидаги тарангликни камайтиришини таъкидлади.

«Анадолу» агентлиги мухбирининг UKMTO маълумотларига асосланиб тузган маълумотига кўра, 23-29 июн кунларида Ҳўрмуз бўғозидан 885 та кема ўтган. Бу кўрсаткич Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро давом этган 16-22 июнга нисбатан 4 фоизга кўпдир.

Мавзуга оид