Россия Украинага 550 та дрон ва ракета учирди
Киев яна Россиянинг катта ҳужумига учради. Пойтахтда 20 дан ортиқ киши, жумладан, 10 ёшли қиз жароҳатланган.

Фото: AP
4 июл, жумага ўтар кечаси Россия яна бир бор Украинага йирик зарба берди ва унга 539 та дрон ва 11 та ракета билан ҳужум қилди. Улар орасида 330 дан ортиқ Shahed дронлари, Х-47М2 "Кинжал" аэробаллистик ракетаси, олтита «Искандер-М/KN-23» баллистик ракеталари ва тўртта «Искандер-К» қанотли ракеталари бор. 478 та ҳаво нишони йўқ қилинди ёки «РЭУ ёрдамида бостирилди», дея хабар беради Украина Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги.
Украина ички ишлар вазири Игор Клименко маълум қилганидек, Киев яна кучли зарбага учради, 20 дан ортиқ киши, жумладан, 10 ёшли қиз яраланган. Турар жой бинолари, таълим ва тиббиёт муассасалари, транспорт инфратузилмаси шикастланган. Уриб туширилган учувчисиз учоқларнинг бўлаклари Киевнинг Дарницкий ва Голосеевский туманларига тушди, Соломянский ва Святошинский туманларида турар жой бинолари, Шевченко туманида саккиз қаватли бино зарар кўрган. Ҳаммаси бўлиб 13 та жойда зарар қайд этилган.
Киевда темирйўл инфратузилмаси ҳам шикастланган. Йўловчи поездлари ҳаракати қисман чекланган, айрим поездлар икки соатгача кечикишлар билан ҳаракатланмоқда.
Россия, шунингдек, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари жойлаштирилган Жуляни аэропорти яқинига ҳаводан ҳужум қилишга уринди. Буни ушбу ҳудуддаги ёнғинлар тасвирлари кўрсатади. У ерда аниқ нима ёнаётгани номаълум.
Politico 1 июл куни манбаларига таяниб ёзишича, Пентагон АҚШнинг ўзида қуроллар етарлича эмаслигидан хавотир туфайли Киевга Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракеталар, Hellfire ракеталари ва бошқа юқори аниқликдаги артиллерия ўқ-дориларини етказиб беришни музлатиб қўйди. Бу қуролларни етказиб бериш бўйича Киев билан АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти келишиб олганди.