Иқтисодиёт | 19:24 / 05.07.2025
5134
10 дақиқада ўқилади

Фермерларни янги жазо ва мажбуриятлар кутмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар баҳсига сабаб бўлди

Дала четларига экин экмаган фермерларни жаримага тортиш ва бутун ер майдонига ер солиғини 3 карра ошириш кўзда тутилмоқда. Тегишли қонунни ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” партиялари қўллаб-қувватлаган бўлса, ХДП ва “Адолат” депутатлари кескин қарши чиқди. Жамоатчилик фаолига кўра, кондиционерли кабинетида ўтириб қонун чиқараётганлар – ёз чилласида далада ишлаб юрган фермерларни эшитиб ўтирмаяпти.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

1 июл куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида бўш қолган ер майдонлари учун фермерларга жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Айрим депутатлар ғояни қўллаб-қувватлади, бошқалари эса қонунчиликка киритилаётган янги ўзгаришлар фермерларни қийин молиявий ҳолатга солиб қўйиши мумкинлигини таъкидлашди.

Қонун лойиҳасида нималар кўзда тутилган?

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевга кўра, қонун лойиҳаси президентнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларида қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бугунги кунда 30 минг гектардан ортиқ майдонда йил давомида дала четларига экин экилмай, маҳсулот етиштирилмайди. Бу аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам, бозорлардаги нарх-навога ҳам салбий таъсир кўрсатяпти.

Қаҳрамон Йўлдошев

Шу сабабли Солиқ кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш, хусусан, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда тегишли қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки маҳсулот етиштириш ҳисобини юритиш ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгилаш таклиф этиляпти.

Қонун лойиҳасига кўра, ҳар йили 1 апрелга қадар бундай ҳудудларда экин экиш ёки маҳсулот етиштириш таъминланмаса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ўзларига тегишли барча қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғини 3 баравар миқдорда ҳисоблаш назарда тутиляпти.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланувчилар, ижарачилар ва иккиламчи ижарачилар экин майдонлари четларига, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларга экин экиш ва маҳсулот етиштириш мажбуриятларини бажармаган тақдирда, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши мумкин.

Вазир ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев бундай қатъий чоралар киритилаётганини “одамларнинг дастурхонини тўкин-сочин қилиш” ва “ҳар бир қарич ердан максимал самарали фойдаланиш” мақсади билан изоҳлади.

“Бу қонун фермерларни банкротликка олиб келади”

Улуғбек Иноятов

Халқ демократик партияси етакчиси Улуғбек Иноятов қонун лойиҳасини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, лойиҳани тайёрлашда вазиятга бир томонлама ёндашилган.

ХДП раиси ҳужжат моҳияти фақат талаб ва жазоларни белгилашдан иборат эканига урғу бериб, ерлардан бирламчи ва иккиламчи фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган аниқ механизмлар очиб берилмаганини келтириб ўтди.

“Фермернинг 100 гектар ер майдони бўлиб, шундан 2 гектари дала четлари ҳисобланса ва қандайдир сабабларга кўра бу майдоннинг бир гектаридан фойдаланилмаса, 100 гектар ер майдони бўйича жарима ва уч баробар ер солиғи қўлланади”, деди Улуғбек Иноятов.

ХДП етакчиси бундай ёндашувни илгари суришдан олдин ерларнинг қанча қисми дала четларига тегишли эканини аниқ белгилаш, фермерларни қўллаб-қувватлайдиган ва ердан самарали фойдаланишга ундайдиган нормаларни ҳам киритиш кераклигини айтди.

Манзура Салимова

“Адолат” партияси депутати Манзура Салимова қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига нисбатан бирданига учта таъсир чораси назарда тутилаётганига эътибор қаратиб, бу халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлади.

“Биринчи чора – ер солиғини уч баравар миқдорда ҳисоблаш, иккинчиси – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача жарима, учинчиси – қишлоқ хўжалиги учун кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштиришни тўхтатиш”, деди депутат.

Салимованинг сўзларига кўра, бу қонун қабул қилиниши фермерларни оғир аҳволга солиб қўйиши ва ҳатто банкротликка олиб келиши мумкин.

Зуҳриддин Мавлонов

“Адолат” партиясининг бошқа бир депутати Зуҳриддин Мавлоновга кўра, янги қонун амалда мажбурият сифатида белгиланмаган нарса учун жавобгарликни жорий этиши мумкин.

Депутат Ер кодексининг 40-моддасида экин экиш мажбурияти фақат каналлар ва дренаж тармоқлари атрофидаги ерларга нисбатан белгилангани, дала четлари учун ҳам, маҳсулот ишлаб чиқариш учун ҳам алоҳида жавобгарлик йўқлигини эслатиб ўтди.

“Мавжуд бўлмаган мажбурият учун бир неча турдаги жавобгарликнинг жорий этилиши суд низоларининг кўпайишига ва адолатсиз жавобгарликка олиб келиши мумкин”, деди Мавлонов.

Гулнора Абдувоҳидова

“Адолат” партиясидан бошқа бир депутат Гулнора Абдувоҳидова ҳам ўз сўзида масаланинг ҳуқуқий жиҳатига тўхталди. У президентнинг амалдаги фармони билан тадбиркорлар учун жавобгарлик ва мажбуриятларнинг янги шаклларига мораторий жорий этилганини эслатди.

Бу фармонга асосан, 2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилган.

Бундан ташқари, бошқа бир фармон асосида, 2025 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинган.

“Бу қонун фермерларга имконият беради”

Алишер Қодиров

Бир гуруҳ депутатлар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди. Жумладан, “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодировга кўра, “ҳар бир қарич ердан максимал самарали фойдаланиш” учун ҳам янги тартибни амалиётга киритиш керак.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа ташаббускорлари зарур инфратузилма шароитлари яратилмаган фермерларга ортиқча талаб қўйилмаслиги бўйича депутатларга кафолат берган.

“Махсус комиссия фермерларга барча шароитларни яратиб берса ва бир қарич ер ҳам ҳосилсиз қолмаслиги учун чоралар кўрилса, биз бу ташаббусни қўллаб-қувватлашимиз керак. Чунки озиқ-овқат хавфсизлиги халқимиз хавфсизлиги демакдир”, – деди Қодиров.

Актам Ҳайитов

ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитов ҳам ҳужжатни қўллаб-қувватлади. У янги қонун фермерларга “имконият бериши” ва уларни ҳаракатга ундашини таъкидлади.

“Жойларда ишчи гуруҳлар тузилган. Ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилади ва баҳоланади. Бу кўр-кўрона қилинмайди. Туман ишчи гуруҳи раҳбари – туман ҳокими, унинг ўринбосари, туман прокурори. Шунингдек, унинг таркибига ички ишлар бўлими бошлиғи, Солиқ қўмитаси, аграр соҳа ва сув хўжалиги, фермерлар кенгаши, карантин инспекцияси, маҳалла уюшмаси вакиллари киради. Шундай кенг таркиб экиш масалаларида ёрдам беради”, – деди Ҳайитов.

Парламентдаги биринчи ўқишда 89 нафар депутат бу баҳсли қонунни ёқлаб овоз берди. 22 депутат қарши чиқди, 6 нафари бетараф қолди, 11 нафари овоз бермади.

“Янги мажбурият ва юкламалар – фермерлар учун умумий вазиятнинг ёмонлашуви фонида юз беряпти”

Davletovuz канали муаллифи журналист Қобил Хидиров қонун лойиҳасига фермерлар, қишлоқ хўжалиги вакилларининг кескин эътирозларини тизимлаштириб, бу ташаббус нега хато экани ҳақида ёзди.

Биринчидан, ёзнинг чилласида фермер даласида сарғайиб юрганида, ўлганнинг устига тепган қилиб, салқин кондиционерли хонасида ўтирган қонун ташаббускорлари, депутатлар яна фермерлар иштирокисиз, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олмасдан қарор қабул қилишмоқда. Мавридини қаранг. Фермерлар, деҳқонлар аллақачон қарор қабул қилиш жараёни иштирокчиси эмас, уларнинг профессионал уюшмалари эса аллақачон вазирлик ва ҳукумат чизиғидан чиқмайдиган тишсиз ташкилотга айланиб қолган. Энг ачинарлиси, бундай ташаббуслар айнан шундай ташкилотлар орқали илгари сурилмоқда.

Иккинчидан, янги мажбурият ва юкламалар фермерлар учун умумий вазиятнинг ёмонлашуви фонида юз бермоқда: охирги икки йилда пахта ва ғалла нархларининг ҳукумат томонидан манипуляция қилингани оқибатида фермерларда рағбат, даромад камайди, ишончсизлик ортди, ходим ёллаш имконияти пасайди. Жуда кўпчилик қарзи ортганини айтган.

Учинчидан, ҳар тўртта комментнинг биттаси сув йўқлиги ёки танқислиги ҳақида бўлмоқда. Экологик муаммо чуқурлашиб бораётгани рост, лекин сув тақсимотида ҳам адолатнинг кўзи яна кўр бўлиб қоляпти. Дала чети тугул, асосий далага сув муаммо бўляпти, деб ёзғирмоқда фермерлар.

Яна бир масала. Дала четига экин экишнинг илмий асоси борми? Ёки шунчаки ўзидан тўшови қиммат тадбирми? Айрим изоҳларда дала чети дея фермер асосий еридан жой ажратилиб, кўзбўямачилик қилинаётгани ҳам айтилган. Бу эса аксинча пахтага ишлов бериш, агротехника тадбирларини амалга оширишни қийинлаштирмоқда, қайтага зарар келтиряпти.

Оқибат ҳақида. Жазо чораларини қўллаш яна инсон омилини юзага келтиради, яъни жарима баённомасини шартли Тошмат расмийлаштиради, инсон омили эса доимо коррупциянинг ўчоғи бўлиб келган. Балки керак эмасдир.

Шундай экан, “бизники тўғри, биз фермердан кўра кўпроқ нарса биламиз” демасдан, балки фермер ва деҳқонлар олдидан бир ўтилса, уларни ҳам эшитиб бундай ишларга қўл урилса, ҳеч бўлмаса давлат институтларига нисбатан борган сари пасайиб бораётган ишончга яна дарз етказилмаган бўлар эди”, дея таъкидлади Қобил Хидиров.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида имзоланган қонунга асосан, қонун лойиҳалари парламентга киритилаётганда лойиҳанинг ҳуқуқий экспертизаси, коррупцияга қарши экспертизаси ва лойиҳа бўйича ўтказилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳам тақдим этилиши кераклиги белгиланган эди.

Мавзуга оид