Жаҳон | 09:40
846
2 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазога янги ҳужуми оқибатида 37 фаластинлик ҳалок бўлди

Исроил ҳужумларида гуманитар ёрдам кутаётган одамлар ҳам нишонга олинган.

Фото: AP

Исроилнинг Ғазо секторида эрталаб бошланган қатор ҳужумлари оқибатида камида 37 нафар фаластинлик, жумладан, гуманитар ёрдам кутаётган 15 киши ҳалок бўлди.

«Анадолу»га гувоҳлар берган маълумотга кўра, Исроил армияси ёрдам кутаётган одамлар гуруҳлари, кўчирилганлар жойлашган чодирлар, мактаб ва турар жойларни нишонга олган.

Энг йирик ҳужум Хон-Юнус шарқидаги эвакуация ҳудудида содир бўлган, у ерда, дастлабки маълумотларга кўра, 15 киши ҳалок бўлган ва 90 га яқин киши жароҳатланган.

Ғазо шаҳри жанубидаги Сабра маҳалласида Дейри оиласининг уйига берилган ҳаво ҳужумида 3 киши ҳалок бўлди.

Секторнинг марказий қисмида, Бурейж қочқинлар лагерида, Челебилар оиласининг уйига қилинган ҳаво ҳужумида тўрт фаластинлик ҳалок бўлди.

Зарбаларнинг энг катта интенсивлиги Ғазонинг жанубий ҳудудларида қайд этилган. Хон-Юнус ғарбидаги Мевасида кўчирилганлар яшайдиган чодирга ҳаво ҳужуми уюштирилди.

Тайба миноралари яқинида содир бўлган ҳужумда аксарияти аёллар ва болалар бўлган 8 киши ҳалок бўлди.

Хон-Юнус қирғоқлари бўйлаб икки чодирга берилган ҳаво ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, бир неча киши, жумладан, аёллар ва болалар яраланди.

Яна бир ҳужумда одамлар ёрдам кутаётган Британия дала касалхонаси ёнидаги чодир нишонга олинди.

Зарба оқибатида уч киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган.

Мавзуга оид