Жаҳон | 22:38 / 06.07.2025
1503
2 дақиқада ўқилади

Британия буюртмалар йўқлиги боис Eurofighter Typhoon қирувчиларини ишлаб чиқаришни тўхтатди

BAE Systems кўп мақсадли тўртинчи авлод Eurofighter Typhoon охирги самолётини Қатарга етказиб беришга тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: EPA/ JEON HEON-KYUN

Буюк Британиянинг йирик мудофаа компанияси — BAE Systems кўп мақсадли тўртинчи авлод Eurofighter Typhoon қирувчи самолётларига талаб йўқлиги боис, уларни ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйди, деб ёзади Financial Times.

Қайд этилишича, ҳозирда Уортондаги завод 2017 йилда имзоланган 5 миллиард фунт стерлингли буюртма доирасида охирги самолётни Қатарга етказиб беришга тайёргарлик кўрмоқда. «Ангарда бир дона қирувчи қолган. Афтидан, у жиҳозланиш ва бўялишини кутмоқда. Асосий йиғиш линияси тўхтатилган бўлиб, у ерда ишчилар йўқ», — дейди касаба уюшмалари вакили.

Буюк Британия ҳукумати 2009 йилдан бери янги Eurofighter Typhoon’га буюртма бермайди, бунинг ўрнига Американинг F-35 қирувчиларини харид қилишга қарор қилган, Саудия Арабистони, Қатар ва Туркия билан янги экспорт шартномалари эса ҳозирча келишилмаган. Талабнинг йўқлиги BAE Systems’ни яқин вақт ичида Буюк Британиянинг Глобал жанговар авиация дастури доирасида янги авлод қирувчиларини яратишдаги иштирокидан маҳрум қилиши мумкин.

Eurofighter Typhoon таркибида BAE Systems, Airbus ва Leonardo компаниялари бўлган Европа консорциуми томониган ишлаб чиқарилади. Бунда, ҳар бир компания алоҳида эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаради ва якуний йиғиш жараёнлари ҳам ўзларининг заводларида амалга оширилади.

Буюк Британия ўзининг амалдаги Eurofighter Typhoon самолётларини модернизация қилиш, жумладан, янги радарлар билан жиҳозлаш мажрубиятини олган бўлсада, у консорциумдаги янги модел учун буюртма бермаган ягона давлат ҳисобланади.

Мавзуга оид