Жаҳон | 15:19 / 06.07.2025
5229
4 дақиқада ўқилади

Трамп билан урушиб қолган Маск янги партия тузмоқда

У республикачилар ва демократларга рақобат қиладиган партиясини «Америка партияси» деб атаган.

Фото: EPA-Yonhap

Дунёдаги энг бадавлат инсон Илон Маск АҚШ президенти Доналд Трамп билан баҳслашувлари ортидан республикачилар ва демократларнинг Америка сиёсатидаги узоқ йиллик ҳукмронлигига қарши чиқадиган янги сиёсий партия ташкил этилишини эълон қилди.

«2 га 1 нисбатда устунлик билан янги сиёсий партияни хоҳладингиз ва сиз уни оласиз. Мамлакатимиз ҳаддан ташқари харажатлар ва коррупция сабабли банкротлик ёқасига келиб қолганида, биз демократияда эмас, балки бир партияли тизимда яшаётганимиз аён бўлади», – деб ёзди Маск ўзига тегишли X ижтимоий тармоғида ўқувчилари орасида ўтказилган сўровномадан кейин. «Бугун сизга озодлигингизни қайтариш учун „Америка“ партияси тузилди», – дея қўшимча қилди у.

Америкалик бизнесмен АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан сўровнома ўтказганди. Маск Х ижтимоий тармоғидаги ўқувчиларидан «икки партияли сиёсий тизимдан мустақил бўлишни хоҳлайсизми?» деб сўради. Унда иштирок этганларнинг учдан икки қисми (65,4 фоиз) буни қўллаб-қувватлаган бўлса, 34,6 фоиз фойдаланувчи қарши чиқди.

Унинг сўзларига кўра, икки партияли тизимдан мустақил бўлишнинг «усулларидан бири» – бу «Сенатдаги икки-уч ўринга ва Вакиллар палатасининг саккиз-ўнта округига эътибор қаратишдир». «Қонунчилик органидаги минимал устунлик ҳисобга олинадиган бўлса, бу баҳсли қонунларга овоз беришда ҳал қилувчи овозни таъминлаш ва улар халқнинг ҳақиқий иродасига жавоб беришларини кафолатлаш учун етарли», – дейди Илон Маск.

Ҳозирча Америка Федерал сайлов комиссияси янги партия рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи бирор ҳужжатни эълон қилмади.

Маск Трампни сайловолди кампанияси ва республикачининг иккинчи муддати бошида ҳам оғзаки, ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганди. Бироқ, кейинчалик у Трамп маъмуриятидан узоқлашди, ўзи тузган «Ҳукумат самарадорлиги департаменти» раҳбари лавозимини тарк этди (у расмий маънода ҳақиқий вазирлик эмас) ва кейинчалик ижтимоий тармоқларда янги бюджет масаласида президентнинг ўзи билан қаттиқ торишувга киришди.

Бу баҳс якунланган ҳафта давомида қайтадан авж олди, аммо бу бюджет лойиҳаси Конгрессда маъқулланишига халал беролмади: жума куни Трамп уни имзолади.

Маск Трамп таклиф этган бюджет лойиҳасини исрофгарчилик ва миллий қарзни ошириши туфайли танқид қилиб келади. «Мамлакатимизнинг хўжасизлик ва коррупция туфайли хонавайрон бўлишига келсак, биз демократияда эмас, бир партияли тизимда яшаяпмиз», – деб ёзган тадбиркор.

Демократик ва Республикачилар партиялари XIX асрнинг ўрталаридан бошлаб АҚШда ҳокимиятда бир-бирини алмаштирган бўлса-да, мамлакатда бошқа партиялар ҳам мавжуд бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд. Маск илгари демократларни ҳам қўллаб-қувватлаган, аммо ўтган вақт мобайнида у сезиларли даражада ўнг томон эволюция қилди, шунинг учун унинг эҳтимолий янги партияси республикачиларнинг овозини кўпроқ тортиб олиши мумкин.

Миллиардер ҳозирча ўзининг кейинги сиёсий стратегиясини ошкор қилмаган. У АҚШдан ташқарида туғилгани учун президентликка ўз номзодини қўя олмайди (АҚШ Конституциясининг 2-моддаси одатда шундай талқин қилинадики, АҚШда туғилмаган шахс президентлик лавозимини эгаллай олмайди).

Мавзуга оид