Спорт | 09:30
9147
8 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» 9 киши бўлиб «Бавария»ни клублар мундиалидан чиқариб юборди

Мусиаланинг оғир жароҳати кўпчиликни шокка туширди, Дембеле эса голини Жотага бағишлади.

«ПСЖ» икки четлатишдан кейин ҳам ғалабани сақлаб қолди

КЖЧ. Чоракфинал
«ПСЖ» - «Бавария» 2:0
5 июл. Атланта. «Мерседес-Бенц»
Голлар:
Дезире Дуэ, 78 (1:0), Усмон Дембеле, 90+6 (2:0).
«ПСЖ»: Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Пачо, Мендеш, Руис (Заир-Эмери, 80), Витиния, Невеш, Барколя (Дембеле, 70), Дуэ (Эрнандес, 80), Кварацхелия (Бералдо, 84).
«Бавария»: Нойер, Упамекано, Та, Киммих, Кейн, Коман (Мюллер, 80), Олисе, Лаймер, Мусиала (Гнабри 46), Сатанищич (Боэ 34, Геррейро, 88), Павлович (Горетцка, 80).
Огоҳлантиришлар: Лаймер, 68 (Бавария), Дyе, 76 (ПСЖ).
Четлатишлар: Пачо, 82 (ПСЖ), Эрнандес, 90+2 (ПСЖ).

«ПСЖ» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати яримфиналига чиқди. Луис Энрике шогирдлари икки киши кам бўлиб қолганига қарамай, «Бавария»ни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди.

«Ал-Ҳилол» ва Лотин Америкаси вакиллари ирода ва сифатли футбол бўлан барчани ҳайрон қолдирди, аммо кўпчиликни Европанинг гранд жамоалари тўқнашуви қизиқтирарди. «Бавария» ва «ПСЖ» эса айнан шундай жамоалардир.

Тўғри, икки жамоага ҳам турнир давомида саволлар пайдо бўлди. Парижликлар гуруҳ босқичида «Ботафого»га ютқазиб қўйди (0:1), Луис Энрикенинг ҳужум чизиғи эса сермаҳсуллик кўрсата олмаяпти. «Бавария» «Окленд Сити»ни тор-мор этганидан кейин (10:0) бошқа бундай кучли ўйин намойиш этмади — Венсан Компани жуда кўп ротация қилди ва бу ўйин сифатига таъсир кўрсатмай қолмади. Гуруҳ босқичида мюнхенликлар кутилмаганда «Бенфика»га ютқазди (0:1), 1/8 финалда «Фламенго» тўсиғидан қийналиб ўтди (4:2).

Икки клуб ҳам — тўпга эгалик қилишни ёқтирадиган жамоалар сирасига киради, шу туфайли ўйиндаги асосий интрига ҳудудларга ким эгалик қилиш масаласи бўлиши олдиндан тайин эди. Компани ва Энрике тўпга эгалик қилишга урғу қаратиладиган доминант футбол намойиш этади ва бундай жамоалар плей-оффда учрашганида, ўйин қандай кечишини кузатиш доим қизиқ бўлади.

Илк дақиқаларда ўйинда «ПСЖ» устунлик қиладигандек кўринганди — ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштак чалинганидан кўп ўтмай Хвича тўпни Олиседан олиб қўйди ва Дуэга пас берди, ҳужумчи олис бурчакни аниқ нишонга олишига бир неча сантиметр етмай қолди. 10-дақиқага келиб эса майдоннинг «Бавария» рақиб жарима майдони жойлашган иккинчи қисмида муқим ўрнашиб олиб, кетма-кет позицион ҳужумлар уюштира бошлади. Асосий урғу Лаймер, Киммиҳ ва Олисе ўзига хос учбурчак ҳосил ҳосил қилган ўнг қанотда фаол ўйнашга қаратилди — ушбу футболчилардан тўпни олиб қўйиш амалда имконсиз эди. Иккинчи қанотдаги Команга олис узатмалар билан тўп етказиб берилди ва у кўп ҳолларда рақибнинг фақат бир ҳимоячиси қаршисида қолди.

Аммо мюнхенликлар кутилганидан камроқ супервазиятларга эга бўлишди, бундай вазиятлар яратилганида эса Доннарумма ўзини кўрсатди. 

Компани биринчи бўлимдаёқ мажбурий алмаштириш қилди: Станишич жароҳат олди, унинг ўрнига чап қанотга Лаймер ўтказилди, ўнг қанотда Станишичнинг ўрнига тушган Боэ ҳаракат қилди, бу эса Кварцхелиянинг ишини осонлаштирди.

Биринчи бўлим қўрқинчли эпизод билан якунланди — немислар жамоаси яримҳимоячиси Жамол Мусиала оғир жароҳат олди. Унинг тўпиқ қисми бошқа томонга қайрилиб кетди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда 22 ёшли ҳавбек прессинг қилиш учун Жанлуиджи Доннаруммага ташланди. «ПСЖ» дарвозабони ўзини ҳам, рақибни ҳам аямай тўпга ташланди.

Видеотакрорда Мусиаланинг оёғи нотабиий равишда бошқа томонга қайрилиб кетгани кўринди. Унинг атрофида тўпланган футболчиларнинг ҳолати вазият қанчалик оғирлигини кўрсатиб турарди. Доннарумма эса ўзини айбдор ҳис қилиб йиғлаб юборди.

Мусиалани шифокорлар замбилга солиб олиб чиқиб кетишди, у катта эҳтимол билан оёғини синдириб олган ва камида ярим йилга сафдан чиққан.

Иккинчи бўлимда Жамолнинг ўрнига Гнабри ўйнади. Серж шу кунга қадар сотувга қўйилган футболчилар рўйхатида эди, аммо Мусиаланинг жароҳати туфайли клуб уни қўйиб юбориши қийин бўлади. Вингер ўйинга фаол қўшилди ва рақиб дарвозасига таҳдид солишга ҳаракат қилди, ўйиннинг бир соати ортда қолганида эса пеналти ишлаши мумкин эди, аммо Тэйлор нуқтани кўрсатмади.

Бу вақт давомида «Бавария» сафидаги энг ёрқин футболчи Мануэл Нойер бўлди. Фахрий дарвозабон Барколя билан яккама-якка вазиятда устун келди, кейин эса плеймейкерлик қобилиятларини ишга солиб, олдинги чизиқдаги шерикларига аниқ узатмалар орқали бирин-кетин ҳужумларни бошлаб берди. Аммо 39 ёшли дарвозабон ўз услубида голга сабабчи бўлиши ҳам мумкин эди — Ману яқин масофадаги шеригига пас беришга уриниб, тўпни Хвича турган жойга қараб тепди, аммо ҳужум якунида Дембеле аниқ зарба беролмади.

Кўп ўтмай Дуэ катта саҳнага чиқди ва бу сафар омад ҳам, Нойер ҳам ёрдам беролмади. Чемпионлар лигаси финали қаҳрамони бўлган ва Golden Boy мукофоти учун асосий номзодга айланган ёш футболчи ўнг қанотда тўпни эгаллаб, марказга кўчди ва яқин бурчакка аниқ зарба берди. Чап қаноти бир неча жамоадошлари билан ҳимояланганига ишониб қолган Нойер зарба олис бурчакка йўналтирилишини кутганди, аммо тўп қаердан келганини кўрмай қолди.

Кейин эса «ПСЖ» ўзи барчасини барбод қилиши мумкин эди. Парижликлар ҳимояда тартибли ўйнаш ўрнига ваҳимага туша бошлади. 82-дақиқада Пачо майдонга эндигина тушган Горецкага ета олмади ва унинг оёғига тепгач, майдондан четлатилди.

Кўп ўтмай Люка Эрнандес Геррейрунинг юзига тирсаги билан уриб юбориб, жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Аммо тўққиз киши бўлиб қолгач ҳам «ПСЖ» енгиб бўлмас машиналигича қолди, жамоа яхши ҳимояланди, 90+6-дақиқада эса ажойиб қарши ҳужум уюштирди. Дембеленинг дастлабки зарбаси тўсинга борди, қайтган тўп парижликларда қолди ва иккинчи темпда давом этган ҳужум якунида Ҳакими уч футболчини алдаб ўтиб, жарима майдонида бўш қолдирилган Усмонни тўп билан таъминлади, у бу сафар қайтариб бўлмас зарба йўллади. Француз футболчиси ҳисобни 2:0 кўринишига етказди ва голни Диогу Жота услубида нишонлади...

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. 90+9-дақиқада Мендеш оёғини Мюллернинг боши даражасида баланд кўтарди, Энтони Тейлор 11 метрлик нуқтани кўрсатди. «ПСЖ» футболчилари ҳакамга ташланди, у эса видеотакрорни кўриб келиб, қарорини бекор қилди — бу ҳолатда футболчининг оёғи рақибнинг бошига тегмаганди. Шундан кейин ҳакам ҳуштагини чалди, «ПСЖ» драматик кечган баҳсда ғолиб келиб, яримфиналда «Боруссия» — «Реал» жуфтлиги ғолибига қарши ўйнайдиган бўлди.

Мавзуга оид